Ҳизқиё 33:1–33
33 Яҳова менга сўзини аён қилди:
2 «Эй инсон ўғли, халқинг ўғилларига шундай деб айт+:“Дейлик, Мен юртга қилич келтирдим+ ва шу юртдаги бутун халқ бир кишини қўриқчи қилиб танлади.
3 У юртга қилич келаётганини кўриб, бурғу чалди ва халқни огоҳлантирди+.
4 Агар кимдир бурғу товушини эшитиб огоҳлантиришга парво қилмаса+ ва қилич унинг жонини олса, унинг қони ўз бўйнида бўлади+.
5 У бурғу товушини эшитди, лекин огоҳлантиришга парво қилмади. Унинг қони ўз бўйнида бўлади. Агар огоҳлантиришга қулоқ солганида эди, ҳаётини сақлаб қоларди.
6 Борди-ю, қўриқчи қилич келаётганини кўрса, лекин бурғу чалиб одамларни огоҳлантирмаса+ ва қилич улардан бирортасининг жонини олса, одам ўз гуноҳи дастидан ўлади, аммо унинг қони учун қўриқчини жавобгарликка тортаман”+.
7 Сени эса, эй инсон ўғли, Исроил хонадонига қўриқчи қилиб тайинладим. Оғзимдан чиққан сўзларни эшитганингда, уларни Менинг номимдан огоҳлантиришинг керак+.
8 Агар Мен ёвуз кишига: “Эй ёвуз инсон, сен ўласан”+,— десам-у, лекин у йўлидан қайтиши учун сен уни огоҳлантирмасанг, ёвуз киши гуноҳи дастидан ўлади+, аммо унинг қони учун сени жавобгарликка тортаман.
9 Сен ёвуз кишини йўлидан қайтиши учун огоҳлантирсанг-у, лекин у йўлидан қайтмаса, у гуноҳи дастидан ўлади+, сен эса ҳаётингни сақлаб қоласан+.
10 Эй инсон ўғли, Исроил хонадонига айт: “Сизлар: “Қўзғолону гуноҳларимизнинг оғирлиги бизни босиб турибди, улар бизни эзиб қўйди+. Бу аҳволда қандай яшашимиз мумкин?”+ — дейсиз”.
11 Уларга айт: “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова, — Мен ёвуз одамнинг ўлимидан завқ топмайман+. Аксинча, у ўз йўлидан қайтиб+ яшаши Мен учун афзалроқ+. Қайтинг, ёмон йўлларингиздан қайтинг!+ Эй Исроил хонадони, ўлишингизнинг нима кераги бор?!”+
12 Эй инсон ўғли, халқинг ўғилларига айт: “Одил киши исён кўтарса унинг одиллиги уни қутқариб қолмайди+. Ёвуз киши ёвузлигини ташласа, ёвуз ишлари унга қоқинтирадиган тош бўлмайди+. Гуноҳга қўл урган куни ҳеч бир одил кишининг одиллиги ҳаётини сақлаб қола олмайди+.
13 Мен одил кишига: “Сен албатта яшайсан”,— десам, лекин у одиллигига ишониб ёмонлик қилса+, унинг бирорта адолатли иши ёдга олинмайди, аксинча, у қилган ёмонлиги дастидан ўлади+.
14 Агар Мен ёвуз кишига: “Сен албатта ўласан”,— десам, лекин у гуноҳ қилишни ташлаб, адолатли ҳамда тўғри ишларни қилса+,
15 гаровга олган+ ва ўғирлаган нарсани+ қайтариб берса, ҳаётга етакловчи низомлар бўйича яшаб ёмонлик қилмаса, у албатта яшайди+. У ўлмайди.
16 Унинг бирорта гуноҳи ёдга олинмайди+. У қилган адолатли ва тўғри ишлари туфайли яшайди”+.
17 Ўзлари адолатсиз йўл тута туриб, халқинг: “Яҳова адолатсиз йўл тутяпти”,— дейди.
18 Агар одил инсон одиллигини қолдириб ёмон ишлар қилса, бу учун у ўлади+.
19 Борди-ю, ёвуз одам ёвузлигини ташлаб, адолатли ва тўғри ишлар қила бошласа, бу туфайли у ҳаётини сақлаб қолади+.
20 Аммо сизлар: “Яҳова адолатсиз йўл тутяпти”,— дейсиз+. Эй, Исроил хонадони, ҳар бирингизни тутган йўлларингизга кўра ҳукм қиламан».
21 Сургунда бўлганимизнинг ўн иккинчи йили, ўнинчи ойининг бешинчи кунида, Қуддусдан қочиб қутулган бир киши ёнимга келиб+: «Шаҳар босиб олинди!»+ — деди.
22 Қочиб қутулган киши келишидан олдинги куни кечқурун Яҳованинг қудратини ўзимда ҳис қилдим. У одам эрталаб ёнимга келишидан олдин Худо мени тилга киргизди. Тилга кирганим учун, энди гапира олардим+.
23 Сўнг Яҳова менга сўзини аён қилди:
24 «Эй инсон ўғли, харобаларда яшовчи кишилар+ Исроил юрти ҳақида шундай дейишяпти: “Иброҳим бир киши бўлса ҳам юртни мулк қилиб олган эди+. Биз эса кўпчиликмиз. Демак, бу юрт бизга мулк қилиб берилган”.
25 Шунинг учун уларга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Гўштни қони билан ейсизлар+, жирканч бутларга* кўз тикасизлар ва қон тўкасизлар+. Шуларни қила туриб, юртни мулк қилиб олмоқчимисизлар?
26 Сизлар қиличингизга таянасизлар+, разил ишларга берилиб, ҳар бирингиз яқинингизнинг хотини билан ётасизлар+. Шуларни қила туриб, юртни мулк қилиб олмоқчимисизлар?”+
27 Уларга шундай дейишинг керак: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, харобаларда яшовчи кишилар қиличдан ҳалок бўлишади. Даштда бўлганларни ёввойи ҳайвонларга ем қиламан. Қалъалар ва ғорларда бўлганлар эса ўлатдан қирилиб кетишади+.
28 Мен юртни бутунлай кимсасиз қилиб қўяман+, такаббурлигию мағрурлигига чек қўяман. Исроил тоғлари ҳувуллаб қолади+, улардан ҳеч ким ўтмайди.
29 Улар қилган барча разил ишлар туфайли+ юртни бутунлай кимсасиз қилиб қўйганимда+, Мен Яҳова эканимни билиб олишади”.
30 Сенга келсак, эй инсон ўғли, юртдошларинг деворлар ёнида ва уйларнинг эшиклари олдида бир-бири билан сен ҳақингда гаплашишяпти+. Ҳар бири бошқасига, ўз биродарига: “Юринг, бориб Яҳова аён қилган сўзларни тинглайлик”,— дейишяпти.
31 Улар тўпланиб олдингга келишади ва Менинг халқим каби қаршингда ўтиришади. Улар сенинг сўзларингни эшитишади-ю, бироқ амал қилишмайди+. Улар сенга хушомад қилишади, юраклари эса ҳаром йўл билан даромад орттиришга ўч.
32 Аслида сен улар учун хуш овозли, торли асбобларни маҳорат ила чаладиган, севги ҳақида қўшиқ куйлаётган одам кабисан. Улар сўзларингни тинглашади-ю, аммо ҳеч бири уларга риоя қилмайди.
33 Булар амалга ошганида (улар албатта амалга ошади), ораларида пайғамбар бўлганини билиб қўйишади»+.
Изоҳлар
^ Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.