Ҳизқиё 35:1–15

  • Сеирнинг тоғли ҳудудига қарши башорат (1–15)

35  Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 2  «Эй инсон ўғли, Сеирнинг+ тоғли ҳудудига юзланиб, унга қарши башорат қил+. 3  Унга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Эй, Сеирнинг тоғли ҳудуди, Мен сенга қарши чиқаман. Сенга қарши қўлимни узатаман ва кимсасиз ерга айлантираман+. 4  Мен шаҳарларингни харобага айлантираман ва сен кимсасиз бўлиб қоласан+. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласан. 5  Чунки сен кучли адоватни намоён этдинг+. Исроилликларнинг бошига мусибат тушганда, сўнгги жазосини олаётган пайтда уларни қиличга топширдинг”+. 6  “Шунинг учун ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова, — сени ўлимга* маҳкум этдим ва бундан қочиб қутула олмайсан+. Ўзинг нафратланганларга ўлимни раво кўрганинг учун, ўлим кетингдан қолмайди+. 7  Мен Сеирнинг тоғли ҳудудини кимсасиз қилиб+, ундан ўтиб-қайтаётганларнинг ҳаммасини қириб ташлайман. 8  Унинг тоғларини ўликларга тўлдираман. Тепаликларингда, водийларингда ва барча дарёларингда қиличдан ҳалок бўлганларнинг жасадлари ётади. 9  Сени абадий харобазорга айлантираман ва шаҳарларингда ҳеч ким яшамайди+. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”. 10  Мен Ўзим — Яҳова шу ерда бўлишимга қарамай, сен: “Бу икки халқ ва юрт меники бўлади. Иккаласини ҳам мулк қилиб оламиз”+,— деганинг учун, 11  Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, улардан нафратланиб қандай ғазаб ва ҳасадни намоён этган бўлсанг+, Мен ҳам сенга шундай муомала қиламан. Сени ҳукм қилганимда Ўзимни уларга танитаман. 12  Шунда Исроил тоғларига қарши: “Улар кимсасиз бўлиб қолди, бизларга йўқ қилиш учун берилди”,— дея кеккайиб гапирганингни Мен Ўзим — Яҳова эшитганимни билиб оласан. 13  Сизлар Менга қарши мағрурлик билан гапириб, сўзларингизни роса кўпайтирдингиз+. Мен уларнинг барини эшитдим”. 14  Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Сени кимсасиз жойга айлантирганимда, бутун ер юзи қувонади. 15  Исроил хонадонининг мероси кимсасиз бўлиб ётганида севинган эдинг. Мен ҳам сенга шундай муомала қиламан+. Эй, Сеирнинг тоғли ҳудуди, ҳа бутун Эдом, сен кимсасиз харобага айланасан+. Шунда улар Мен Яҳова эканимни билиб олишади”».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «қонинг тўкилишига».