Ҳизқиё 41:1–26

  • Муқаддас маскан ўлчамлари (1–4)

  • Девор ва ён хоналар (5–11)

  • Ғарб томондаги бино (12)

  • Биноларнинг ўлчамлари (13–15а)

  • Ички муқаддас маскан (15б–26)

41  Сўнг у мени ташқи муқаддас масканга* олиб кирди-да, чап ва ўнг томонда турган ён устунларни ўлчади. Ҳар бир устуннинг қалинлиги олти тирсак* чиқди. 2  Киравериш жойининг кенглиги ўн тирсак, ҳар бир устуннинг эни беш тирсак эди. У ташқи муқаддас масканнинг узунлигини ўлчаганда 40 тирсак, эни эса 20 тирсак чиқди. 3  У ичкарига* кириб, кираверишнинг иккита ён устунини ўлчади. Уларнинг қалинлиги икки тирсак, эни етти тирсак чиқди. Киравериш жойининг кенглиги олти тирсак эди. 4  Сўнг у ташқи муқаддас маскандан кейинги хонани ўлчади. Унинг узунлиги ҳам, эни ҳам 20 тирсак чиқди+. Шунда у менга: «Бу Энг муқаддас хона»+,— деди. 5  Кейин у маъбад деворини ўлчади, унинг қалинлиги олти тирсак чиқди. Маъбад атрофидаги ён хоналарнинг эни тўрт тирсак эди+. 6  Ён хоналар устма-уст уч қаватли қилинган бўлиб, ҳар бир қаватда 30 тадан хона бор эди. Маъбад девори бўйлаб бўртиклар бор эди. Улар ён хоналар учун таянч вазифасини бажарарди. Хоналарнинг тўсинлари шу бўртиклар устида тургани учун, маъбад деворини тешишга эҳтиёж йўқ эди+. 7  Маъбаднинг ҳар икки томонида айланма зина бор эди. Бу зиналар юқори хоналарга кўтарилган сайин кенгайиб борарди+. Пастки қаватдан ўрта қаватга, у ердан юқори қаватга чиқилганда хоналар кенгайиб борарди. 8  Маъбад баланд яхлит пойдевор устида жойлашганини кўрдим. Пойдевор маъбаддан кенгроқ бўлгани учун ҳамма томондан чиқиб турарди. Ён хоналар пойдеворининг баландлиги бир таёқ, яъни олти тирсакни ташкил этди. 9  Ён хоналарнинг ташқи девори қалинлиги беш тирсак эди. Маъбаднинг ён хоналари қурилганда ташқи томондан яхлит пойдеворнинг устида очиқ жой* қолдирилган эди. 10  Маъбад ва ошхоналар+ ўртасидаги очиқ майдон кенглиги ҳар томондан 20 тирсакни ташкил этди. 11  Пойдевор устидаги очиқ қолдирилган жойдан ён хоналарга кириш жойи бор эди. Кираверишнинг бири шимолда, иккинчиси жанубда эди. Очиқ қолдирилган жойнинг кенглиги ҳар томондан беш тирсак эди. 12  Ғарб томондаги бино очиқ майдонга қараб турарди. Бинонинг эни 70 тирсак, узунлиги 90 тирсак эди. Ҳамма деворларининг қалинлиги беш тирсакдан эди. 13  У маъбадни ўлчади. Унинг узунлиги 100 тирсак чиқди. Очиқ майдон, бино* ва унинг деворларини ўлчаганда узунлиги 100 тирсак чиқди. 14  Маъбаднинг шарққа қараган олд қисмининг эни ва очиқ майдон 100 тирсакни ташкил этди. 15  У маъбаднинг орқасидаги очиқ майдонга қараб турган бино ва унинг икки томонидаги айвонлари билан бирга ўлчаганда 100 тирсак чиқди. Шунингдек, у ташқи ва ички муқаддас масканни+ ҳамда ҳовлига қараган даҳлизларни ўлчади. 16  Бу учаласининг остоналарини, ташқи томони тор+, ички томони кенг деразаларини ва айвонларини ўлчади. Остона ёнидаги деворлар полдан деразагача тахталар билан қопланганди+. Деразалар ҳам тахталар билан қопланган эди. 17  Кираверишнинг юқори қисми, ички маъбад, ташқари ва ҳамма деворлар ўлчанди. 18  У ерда карублар+ ва пальма дарахтларининг тасвири+ ўйилган эди. Иккита каруб ўртасида битта пальма дарахтининг тасвири туширилган бўлиб, ҳар бир карубнинг иккита юзи бор эди. 19  Карубнинг инсон юзига ўхшаш юзи бир томонда турган пальма дарахтига, шер юзига ўхшаш юзи эса бошқа томондаги пальма дарахтига қараб турарди+. Бутун маъбад бўйлаб шундай тасвирлар ўйилган эди. 20  Муқаддас масканнинг деворига полдан то киравериш юқорисидаги жойгача карублар ва пальма дарахтларининг тасвири ўйилганди. 21  Муқаддас масканнинг кесакиси* тўртбурчак шаклда эди+. Муқаддас жой* рўпарасида 22  ёғоч қурбонгоҳга+ ўхшаш нарса турганди. Унинг баландлиги уч, узунлиги икки тирсак эди. Унинг бурчакларида тиргаклари бўлиб, асоси ва ён томонлари ёғочдан қилинган эди. Сўнг у менга: «Бу, Яҳованинг олдидаги столдир»+,— деди. 23  Ташқи муқаддас маскан ва муқаддас жойнинг икки табақали эшиклари бор эди+. 24  Эшикларнинг ҳар бир табақаси букиладиган эди. 25  Деворларда бўлгани сингари, муқаддас масканнинг эшикларига карублар ва пальма дарахтларининг тасвири ўйилган эди+. Ташқарида, даҳлизга кираверишнинг тепасида ёғоч карниз бор эди. 26  Даҳлизнинг икки томонида, маъбаднинг ён хоналари бўйлаб ҳамда карнизларнинг тагида ташқи томони тор+, ички томони кенг деразалар бўлиб, пальма дарахтларининг тасвири ўйилган эди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «маъбадга». 41- ва 42- бобларда бу ибора остида ташқи муқаддас маскан (Муқаддас хона) ёки бутун муқаддас маскан (Муқаддас ва Энг муқаддас хонани ўз ичига олган бутун маъбад) назарда тутилади.
Бу ерда узун тирсак назарда тутилган. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Яъни ички муқаддас масканга ёки Энг муқаддас хонага.
Маъбад атрофидаги тор йўлка бўлиши мумкин.
Бу, муқаддас масканнинг ғарбида жойлашган бино.
Муқаддас хонага киравериш жойи назарда тутилган бўлиши мумкин.
Энг муқаддас хона назарда тутилган бўлиши мумкин.