Ҳизқиё 6:1–14
6 Яҳова менга яна сўзини аён қилди:
2 «Эй инсон ўғли, Исроил тоғларига юзлан ва уларга қарши башорат қил.
3 Сен шундай дейишинг керак: “Эй Исроил тоғлари, Олий Ҳукмдор Яҳованинг сўзларини тингланг! Олий Ҳукмдор Яҳова тоғларга, тепаликларга, дарёлару водийларга қарата шундай демоқда: “Сизларга қарши қилич юбориб, тепаликларингизни вайрон қиламан.
4 Қурбонгоҳларингиз бузиб ташланади, тутатқи қурбонгоҳларингиз синдирилади+, ўлдирилган одамларингизни жирканч бутларингиз* олдига улоқтираман+.
5 Исроил халқининг жасадларини жирканч бутлари олдига улоқтираман, суякларингизни қурбонгоҳларингиз атрофига сочиб ташлайман+.
6 Яшаган ҳамма жойларингизда шаҳарлар вайрон бўлади+, тепаликларингиз бузилиб, харобага айланиб ётади+. Қурбонгоҳларингиз бузилиб, парча-парча қилиб ташланади, жирканч бутларингиз йўқ қилиниб, тутатқи қурбонгоҳларингиз бузиб юборилади, қўлларингиз яратган нарсалар яксон қилинади.
7 Орангизда ўликлар ётади+, шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар+.
8 Баъзиларингизни омон қолдираман. Чунки юртлар бўйлаб тарқалиб кетганингизда, айримларингиз халқлар орасида қиличдан қутулиб қоласизлар+.
9 Қочиб қутулганлар халқлар орасига сургун қилинганда Мени эслашади+. Уларнинг бевафо қалби Мендан узоқлашганида ва жирканч бутларга эҳтирос билан қарашганида+ дилим оғриганини+ тушуниб етишади. Қилган барча ёвуз ва қабиҳ ишларидан уялиб, жирканишади+.
10 Шунда Мен Яҳова эканимни ва бошларига бу мусибатни ёғдираман деганимда, беҳуда гапирмаганимни билиб олишади”+.
11 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Бош чангаллаб*, ер тепининг ва Исроил хонадонининг жамики ёвузликларию қабиҳ ишлари учун йиғи-сиғи қилинг, чунки улар қиличдан, очарчилик ва ўлатдан нобуд бўлишади+.
12 Йироқда бўлганлар ўлатдан, яқинда бўлганлар қиличдан ҳалок бўлади. Булардан қочиб қутулганлар эса очарчиликдан қирилиб кетади. Мен бор қаҳримни уларга сочаман+.
13 Уларнинг одамлари жирканч бутлари орасида, қурбонгоҳлари атрофида+, ҳар бир баланд тепаликда, тоғ тепаларида, сершох дарахт ва катта дарахтларнинг шохлари тагида — жирканч бутларини хушнуд этиш учун хушбўй назрлар келтирган+ ҳамма жойда ўлиб ётади. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб олишади+.
14 Мен уларга қарши қўлимни узатиб, юртни кимсасиз қилиб қўяман. Барча турар жойлари Дивло яқинидаги саҳродан ҳам баттар ҳувуллаб қолади. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб олишади”».
Изоҳлар
^ Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.
^ Сўзма-сўз «кафтингизни кафтингизга уриб». Қадимда бу имо-ишора баъзида ғам-қайғуни ифодалаган.