Ҳўшея 1:1–11

  • Ҳўшеянинг хотини ва болалари (1–9)

    • Йизрил (4), Лўрухамо (6), Лўами (9)

  • Қайта тикланиш ва бирлашиш (10, 11)

1  Яҳудо шоҳлари+ Уззиё+, Йўтом+, Охоз+, Ҳизқиё+ ва Исроил шоҳи Йўшнинг+ ўғли Ёрубом+ даврида Бэри ўғли Ҳўшеяга* Яҳованинг сўзи аён бўлди. 2  Яҳова Ҳўшея орқали халққа гапира бошлади. Яҳова унга: «Бориб, бир аёлга уйлан. У аёл зино қилиб, сенга фарзандлар туғиб беради. Чунки бу юрт аҳолиси зино туфайли Яҳовадан батамом юз ўгирди»+,— деди. 3  Ҳўшея бориб, Диблайим қизи Гўмерага уйланди. У ҳомиладор бўлиб, унга ўғил туғиб берди. 4  Яҳова Ҳўшеяга шундай деди: «Унинг исмини Йизрил* деб қўй. Боиси, яқинда Мен Йизрилнинг хунрезлиги туфайли Ёҳу+ хонадонини жавобгарликка тортаман. Исроил хонадонининг ҳукмронлигига чек қўяман+. 5  Ўша куни Йизрил водийсида Исроилнинг камонини синдираман». 6  У яна ҳомиладор бўлиб қиз туғди. Худо Ҳўшеяга қуйидагича деди: «Унга Лўрухамо* деган исм бер, чунки Мен Исроил хонадонига ортиқ раҳм-шафқат кўрсатмайман+, уларни ҳайдаб юбораман+. 7  Яҳудо+ хонадонига эса раҳм-шафқат кўрсатаман, уларни Мен, Тангриси Яҳова халос этаман+. Уларни қутқариш учун камон ҳам, қилич ҳам, жанг ҳам, отлар ва сувориларни ҳам қўлламайман»+. 8  Гўмера Лўрухамони сутдан чиқаргач, яна ҳомиладор бўлди ва ўғил туғди. 9  Худо шундай деди: «Унга Лўами* деган исм қўй, чунки сизлар Менинг халқим эмассизлар, Мен сизларнинг Тангрингиз эмасман. 10  Лекин Исроил халқи денгиз соҳилидаги қумдай кўпайиб кетади, уни на ўлчаб, на ҳисоблаб бўлади+. “Менинг халқим эмассизлар”+,— деб айтилган жойда уларга: “Барҳаёт Худонинг ўғиллари”+,— дейилади. 11  Яҳудо ва Исроил халқлари бирлашиб йиғилади+. Улар ўзлари учун бир йўлбошчи танлаб, у юртдан чиқиб кетишади. Ўша кун Йизрил учун улуғ бир кун бўлади+.

Изоҳлар

Ҳўшайё деган исмнинг қисқартмаси. Маъноси «Яҳ томонидан қутқарилган; Яҳ халос этди».
Маъноси «Худо уруғ сепади».
Маъноси «раҳм-шафқат кўрсатилмаган».
Маъноси «Менинг халқим эмас».