Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 15:1–58

  • Масиҳнинг тирилиши (1–11)

  • Тирилиш имон учун асос (12–19)

  • Масиҳнинг тирилиши кафолатдир (20–34)

  • Жисмоний тана, руҳий тана (35–49)

  • Ўлмаслик ва чиримаслик (50–57)

  • Раббимиз иши билан банд бўлиш (58)

15  Биродарлар, мен сизларга эълон қилган хушхабарни яна эслатмоқчиман+. Сизлар уни қабул қилиб, унга риоя этиб келяпсизлар. 2  Ана шу орқали сизлар нажот топяпсизлар, чунки мен сизларга эълон қилган хушхабарга қатъий риоя этяпсизлар. Акс ҳолда Исонинг издоши бўлганингиз фойдасиз бўларди. 3  Ўзим қабул қилиб сизларга етказган нарсалардан энг муҳими шуки, Муқаддас Ёзувларга кўра Масиҳ бизнинг гуноҳларимиз учун ўлди+ 4  ва дафн этилди+. Шунингдек, Муқаддас Ёзувларга биноан учинчи куни+ тирилди+. 5  Аввал у Кифага*+, сўнг эса 12 та ҳаворийга кўринди+. 6  Кейин бирданига 500 дан ортиқ биродарларга кўринди+. Улардан кўпчилиги ҳанузгача тирик, айримлари эса оламдан ўтган*. 7  Ундан кейин у Ёқубга+, сўнг эса ҳаворийларнинг барига кўринди+. 8  Ва ниҳоят, барвақт туғилган болага ўхшаган менга кўринди+. 9  Ахир мен ҳаворийларнинг энг кичигиман ва ҳаворий деб номланишга ҳам нолойиқман, чунки Тангрининг жамоатини таъқиб қилардим+. 10  Энди эса, Худонинг инояти билан шу мавқега эга бўлдим. Унинг менга кўрсатган инояти бефойда бўлмади, сабаби мен уларнинг ҳаммасидан кўпроқ меҳнат қилдим. Аслида буни мен эмас, балки мен билан бўлган Аллоҳнинг инояти қилди. 11  Мен ваъз қилдимми ёки бошқаларми, бундан қатъи назар сизлар имонли бўлдингизлар. 12  Агар Масиҳнинг тирилгани ҳақида ваъз этилаётган бўлса+, қандай қилиб орангизда баъзилар: «Ўлганлар тирилмайди»,— деяпти? 13  Борди-ю, ўлганлар тирилмаса, демак Масиҳ ҳам тирилмаган экан-да. 14  Агарда Масиҳ тирилмаган бўлса, бизнинг ваъзимиз ҳам беҳуда, имонимиз ҳам асоссиз бўлиб чиқяпти. 15  Боз устига, биз Худо ҳақида шоҳидлик қилаётиб+, У Масиҳни тирилтирди десак, Унга қарши ёлғон гувоҳлик берган бўламиз+. Боиси, ўлганлар тирилмайдиган бўлса, демак Худо ҳам Масиҳни тирилтирмаган бўлади. 16  Борди-ю, ўлганлар учун тирилиш йўқ бўлса, демак Масиҳ ҳам тирилмаган экан-да. 17  Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз фойдасиз, ўзингиз эса ҳанузгача гуноҳга ботгансизлар+. 18  Ундай бўлса Масиҳнинг ўлган* издошлари буткул йўқ бўлишган+. 19  Агар фақат шу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, ҳаммадан ҳам бахтсиз эканмиз-да. 20  Бироқ Масиҳ чиндан ҳам тирилди. У ўлганлар* орасидан биринчи ҳосил бўлди+. 21  Ўлим бир одам орқали келиб чиққанидек+, тирилиш ҳам бир одам орқали содир бўлади+. 22  Одамато дастидан ҳамма ўлимга дучор бўлганидек+, Масиҳ туфайли ҳамма ҳаётга эга бўлади+. 23  Ҳамма ўз навбати билан тирилади: Масиҳ биринчи ҳосил+, сўнг Масиҳнинг ҳозир бўлиш даврида унга тегишли бўлганлар ҳаётга қайтишади+. 24  Охир-оқибат, у барча ҳукумату ҳокимиятларга ва бутун кучларга чек қўйиб, Шоҳликни Отаси Худога топширади+. 25  Чунки Масиҳ, Тангри жамики душманларини унинг оёғи остига қўймагунча, подшоҳлик қилиши керак+. 26  Ўшанда энг охирги душман — ўлим йўқ қилинади+. 27  Зеро Аллоҳ «барча нарсани унинг оёқлари остига тобе қилди»+. Лекин «барча нарсани тобе қилди» деганда+, тобе қилдирган Аллоҳнинг Ўзи бунга кирмаслиги аниқ+. 28  Барча нарса унга тобе қилинганидан сўнг, Ўғил ҳам унга барча нарсани тобе қилдирган Аллоҳга тобе бўлади+. Токи Аллоҳ барчанинг ягона Ҳукмдори бўлсин+. 29  Тирилиш бўлмаса, унда ўлиш учун сувга чўмаётганларга қандай фойда бор?+ Ўлганлар умуман тирилмас экан, ўлиш учун сувга чўмишга не ҳожат? 30  Нега биз ҳар он хавф остида қоляпмиз?+ 31  Мен ҳар куни ўлимга рўбарў бўляпман. Ҳазратимиз Исо Масиҳ йўлида сизлар учун қувонаётганим шаксиз бўлганидек, ўлимга рўбарў бўлаётганим ҳам шубҳасиздир. 32  Эфесда йиртқич ҳайвонлар билан курашганимда+, буни бошқа одамлар каби* қилган бўлсам, бундан менга не фойда? Ўлганлар тирилмас экан, «келинглар, еб-ичайлик, барибир эртага ўлиб кетамиз!»+ 33  Адашманглар. Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни* бузади+. 34  Ақлингизни йиғиб олиб, адолатга мувофиқ йўл тутинглар ва гуноҳ қилманглар, чунки баъзилар Худо ҳақида билимга эга эмаслар. Мен сизларни уялтириш учун гапиряпман. 35  Бироқ кимдир мана бундай дер: «Ўлганлар қандай қилиб тирилишади? Улар тирилганда таналари қанақа бўлади?»+ 36  Эй ақлсиз инсон! Ахир эккан нарсанг ўлмаса униб чиқмайди-ку. 37  Экканингда униб чиқаётган ўсимликни эмас, унинг уруғини, масалан буғдой ёки бошқа бир донни экасан. 38  Тангри эса унга Ўзи хоҳлаганича тана ато этади. У ҳар бир уруққа ўзига хос тана беради. 39  Ҳамма нарсанинг танаси ҳар хил: одамнинг танаси бошқача, чорваники бошқача, қушларнинг танаси бошқача, балиқники бошқача. 40  Осмонга оид таналар бор+, ерга оид таналар ҳам бор+. Аммо осмонга оид таналар ҳам, ерга оид таналар ҳам ўзига хос улуғворликка эга. 41  Қуёшнинг ёғдуси бошқача, ойнинг ёғдуси бошқача+, шунингдек юлдузларники ҳам бошқача. Юлдузлар ҳам ўз навбатида нур сочишда бир-биридан фарқ қилади. 42  Ўлганларнинг тирилиши ҳам худди шундай. Тана уруғ сингари чирийдиган бўлиб экилади-ю, чиримайдиган бўлиб тирилади+. 43  У жирканч ҳолда экилиб, улуғвор бўлиб тирилади+. Заиф ҳолда экилиб, қудратли бўлиб тирилади+. 44  Жисмоний тана экилади-ю, руҳий тана тирилади. Агар жисмоний тана бор бўлса, демак руҳий тана ҳам бор. 45  Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: «Биринчи одам — Одамато тирик жон бўлди»+. Охирги Одамато эса ҳаёт бахш этувчи руҳ бўлди+. 46  Биринчиси руҳий эмас, балки жисмоний тана бўлган. Руҳий тана эса кейин келган. 47  Биринчи одам ердан, тупроқдан яралган+, иккинчиси эса осмондан келган+. 48  Тупроқдан яралган одам қандай бўлса, бу дунёдаги одамлар ҳам худди шундайдир. Осмонга оид бўлганлар эса осмондан келган кабидирлар+. 49  Тупроқдан яралган одамга ўхшар эканмиз+, демак осмондан келган одам сингари бўлишимиз ҳам аниқ+. 50  Аммо биродарлар, шуни айтиб қўяйки, чирийдиган нарса чиримасликни мерос қилиб олмагандай, эт ва қон Худонинг Шоҳлигидан мерос ололмайди. 51  Мен сизларга муқаддас сирни очай: ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз*, бироқ барчамиз ўзгариб кетамиз+. 52  Бу бир зумда, кўз очиб юмгунча, охирги карнай чалинганда содир бўлади. Ўша карнай чалинганда+ ўлганлар чиримайдиган бўлиб тирилади ва биз ўзгариб кетамиз. 53  Чунки чирийдиган нарса чиримайдиганга+ ва ўладиган нарса ўлмайдиганга бурканиши лозим+. 54  Чирийдиган нарса чиримайдиганга ва ўладиган нарса ўлмайдиганга бурканганида Муқаддас Ёзувлардаги мана бу сўзлар амалга ошади: «Ўлим тоабад йўқ бўлиб кетди»+. 55  «Эй ўлим, ғалабанг қаерда? Эй ўлим, нишинг қаерда?»+ 56  Ўлимга дучор қиладиган ниш гуноҳдир+. Гуноҳ эса Таврот орқали кучга кирган+. 57  Худога шукурлар бўлсинки, У бизни Ҳазрати Исо Масиҳ орқали ғалабага эриштирди!+ 58  Шундай экан, севимли биродарларим, барқарор+ ва маҳкам туринглар. Доимо Раббимизнинг* иши билан банд бўлинглар+. Шуни билингларки, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз зое кетмайди+.

Изоҳлар

Ҳаворий Бутруснинг бошқа исми.
Сўзма-сўз «ўлим уйқусига кетган».
Сўзма-сўз «ўлим уйқусига кетган».
Сўзма-сўз «ўлим уйқусида бўлганлар».
Бошқа вариант «инсоний нуқтаи назар билан».
Ёки «одатларни».
Сўзма-сўз «ўлим уйқусига кетмаймиз».
Ёки «Ҳазратимизнинг», юн. Кириос.