Солномалар биринчи китоб 14:1–17

  • Довуднинг шоҳлиги мустаҳкамланади (1, 2)

  • Довуднинг оиласи (3-7)

  • Филистимликлар мағлуб этилади (8-17)

14  Тир подшоҳи Хирам+ Довуднинг ҳузурига хабарчиларни жўнатди. Шунингдек, шоҳга сарой қурилиши учун кедр дарахтининг ёғочларини, дурадгорларни ҳамда тош терувчи усталарни юборди+.  Шунда Довуд, Яҳова уни шоҳ сифатида тайинлаганини+ ва Исроил устидан шоҳлигини мустаҳкам қилганини ҳамда Ўз халқи Исроилни деб унинг шоҳлигини янада юксалтирганини англади+.  Довуд Қуддусда кўп хотинлар олди+ ва улардан ўғилу қизлар кўрди+.  Қуддусда туғилган фарзандларининг+ исмлари қуйидагилар: Шаммува, Шўвав, Натан+, Сулаймон+,  Йибхар, Элишува, Элфалат,  Нагах, Нафах, Ёфия,  Элишама, Балиёдо ва Элифалет.  Филистимликлар Довуд бутун Исроил устидан шоҳ сифатида мойланганини эшитиб+, Довудни+ излашга тушишди. Довуд бундан хабар топиб, уларга қарши отланди.  Филистимликлар Рафаимлар водийсига+ келиб, у ернинг аҳолисига ҳужумлар уюштирадиган бўлишди. 10  Довуд Худодан: «Филистимликларга қарши борайми? Уларни қўлимга берасанми?» — деб сўради. Яҳова унга жавобан: «Ҳа, бор! Уларни албатта қўлингга тутиб бераман»+,— деди. 11  Шунда Довуд Баал-Перазимга+ келди ва у ерда филистимликларни қириб ташлади. Довуд: «Сув тўсиқни ёриб ўтганидай, ҳақ Тангри душманларимга менинг қўлим билан қаттиқ зарба берди»,— деди. Шу боис, ўша ерга Баал-Перазим* деб ном берилди. 12  Филистимликлар ўз бутларини у ерга ташлаб қочишди ва Довуднинг буйруғи билан бутлар ёндириб юборилди+. 13  Бир мунча вақт ўтиб, филистимликлар яна водийга келиб, у ернинг аҳолисига ҳужум қилишди+. 14  Довуд яна Худодан сўради, аммо ҳақ Тангри шундай жавоб берди: «Уларнинг ортидан бормай, айланиб ўтгин-да, буталар* рўпарасидан уларга ҳужум қил+. 15  Буталар устида биров юраётгандай товушни эшитишинг биланоқ, ҳужумга ўт. Чунки филистимликлар қўшинини қириб ташлаш учун Аллоҳ сенинг олдингда боради»+. 16  Довуд ҳақ Тангри унга буюргандай қилди+. Улар филистимликлар қўшинини Гивондан то Гезергача+ қириб боришди. 17  Довуднинг довруғи ҳамма жойларга тарқалди ва Яҳова барча халқларни унинг олдида қўрқувга солди+.

Изоҳлар

Маъноси «ёриб ўтишлар эгаси».
Сўзма-сўз «бака буталари». Бака — ибронийча сўзнинг транслитерацияси. Маъноси аниқ эмас.