Солномалар биринчи китоб 21:1–30

  • Довуд халқни санашни буюради (1-6)

  • Яҳовадан келган жазо (7-17)

  • Довуд қурбонгоҳ қуради (18-30)

21  Бундан сўнг Шайтон* Исроилга қарши чиқиб, Довудни Исроил халқини санашга ундади+.  Шунда Довуд Йўабга+ ва халқ бошлиқларига: «Боринглар, Бэршэвадан то Дангача+ Исроил халқини ҳисоблаб чиқинглар. Кейин келиб менга хабар беринглар, мен халқнинг сонини билайин»,— деди.  Аммо Йўаб унга: «Илоҳим, Яҳова Ўз халқини 100 карра кўпайтирсин! Шоҳ ҳазратлари, ахир уларнинг бари сизнинг хизматкорларингиз-ку! Нега энди ҳазратим бундай қилишни истаяптилар? Нима учун Исроилни гуноҳга ботирмоқчилар?» — деб айтди.  Лекин шоҳнинг сўзи Йўабникидан устун келди. Йўаб Исроил юрти бўйлаб айланиб чиққач, Қуддусга қайтди+.  У рўйхатга олинган халқнинг сонини Довудга маълум қилди. Бутун Исроилда қилич билан қуролланган 1 100 000 жангчи, Яҳудода эса 470 000 жангчи бор эди+.  Аммо Леви ва Бенямин қабилалари бу рўйхатга киритилмади+, чунки шоҳнинг сўзи Йўаб+ учун жирканч эди.  Бу иш Аллоҳга ёқмади ва У Исроилни жазолади.  Довуд ҳақ Худога: «Бу ишга қўл уриб, мен катта гуноҳ қилдим+. Аҳмоқона йўл тутганим учун, илтимос, хизматкоринг гуноҳини кечир»+,— деди.  Шунда Довудга ваҳийлар айтиб берувчи Гад+ пайғамбарга Яҳова: 10  «Бориб Довудга айт: “Яҳова шундай демоқда: “Сенга учта жазо таклиф қиламан. Қай бирини танласанг, ўша жазони сенга юбораман”»,— деди. 11  Гад пайғамбар Довуднинг олдига келиб, шуларни айтди: «Яҳова: “Ўзинг танла: 12  уч йил очарчилик+ бўлсинми ёки душманларинг қиличи уч ой сени таъқиб этиб, қирғин қилсинми+ ёхуд Яҳованинг фариштаси ҳалокат келтириб+, бутун Исроил юрти уч кун Яҳованинг қиличидан — ўлатдан қирилиб кетсинми?”+ — деди. Яхшилаб ўйлаб, мени юборган Зотга нима деб жавоб беришимни айтинг». 13  Довуд Гад пайғамбарга: «Жоним азобда қолди. Одам қўлига тушгандан кўра+, Яҳованинг қўлига тушганим яхшироқ, чунки У ниҳоятда раҳм-шафқатли»+,— деб жавоб берди. 14  Сўнг Яҳова Исроилга ўлат юборди+ ва 70 000 одам нобуд бўлди+. 15  Бундан ташқари, ҳақ Худо Қуддусни қирғин қилиш учун Ўз фариштасини юборди. Яҳова фаришта қирғин қила бошлаганини кўриши биланоқ, Ўз халқига ўлат юборганидан қайғурди+ ва фариштага: «Етар!+ Қўлингни тушир!» — деди. Яҳованинг фариштаси ёбусий+ Ўрнаннинг хирмонига+ яқинлашиб қолган эди. 16  Довуд бошини кўтариб, ер билан осмон ўртасида Яҳованинг фариштаси турганини кўрди. Фаришта қиличини яланғочлаб+, қўлини Қуддус томонга узатиб турган эди. Шунда жулга ўранган+ Довуд билан оқсоқоллар ерга юзтубан тиз чўкишди+. 17  Довуд ҳақ Тангрига: «Халқни ҳисоблаб чиқишни мен буюрмаганмидим?! Гуноҳ қилган менман-ку. Бу қилмишга фақат мен қўл урганман+. Бу халқда* нима айб?! Эй, Худойим Яҳова, илтимос, мени ва отам хонадонини жазолагин. Аммо Ўз халқингга бу балони ёғдирма»+,— деб айтди. 18  Яҳованинг фариштаси Гад+ пайғамбар орқали Довудга ёбусий Ўрнаннинг хирмонига бориб, ўша ерда Яҳовага атаб қурбонгоҳ қуришни айтди+. 19  Довуд Яҳованинг Гад пайғамбар орқали айтган сўзига кўра ўша ерга борди. 20  Бу пайтда Ўрнан хирмонда буғдой янчаётган эди. У ортига ўгирилиб, фаришта турганини кўрди. Ёнидаги тўртта ўғли эса яшириниб олди. 21  Довуд у томонга келаётганини кўрган Ўрнан хирмондан дарров чиқди-да, юзи ерга теккудай бўлиб Довудга таъзим қилди. 22  Довуд унга: «Менга хирмонингни сот, шу ерда Яҳовага атаб қурбонгоҳ қурмоқчиман. Уни тўлиқ нархига сот, шунда халқим бошига ёғилган бало тўхтайди»+,— деб айтди. 23  Аммо Ўрнан Довудга: «Олаверинг, шоҳ ҳазратларига нима маъқул келса, шуни қилсинлар. Куйдириладиган қурбонлик учун буқаларимни, ўтин учун хўптирни*+, дон назри учун буғдойни ҳам бераман. Буларнинг ҳаммасини олаверинг»,— деди. 24  Бироқ шоҳ Довуд Ўрнанга: «Йўқ, уни тўлиқ нархига сотиб оламан. Сенга тегишли нарсаларни текинга олиб, Яҳовага бермайман, куйдириладиган қурбонлик қилиб келтирмайман»+,— деб айтди. 25  Довуд бу жой учун Ўрнанга 600 шекел* олтин берди. 26  У ўша ерда Яҳовага атаб қурбонгоҳ бунёд этиб+, куйдириладиган қурбонликлар билан тинчлик қурбонликларини келтирди. Довуд Яҳовага ёлворди ва У осмондан қурбонгоҳдаги куйдириладиган қурбонликлар устига олов юбориб, унга жавоб берди+. 27  Кейин Яҳова фариштага+ қиличини қинига солиб қўйишни буюрди. 28  Яҳова ёбусий Ўрнаннинг хирмонида унга жавоб берганини кўргач, Довуд ўша ерда қурбонлик келтирадиган бўлди. 29  Лекин Мусо Яҳова учун саҳрода барпо этган муқаддас чодир ва куйдириладиган қурбонлик келтириладиган қурбонгоҳ бу пайтда Гивондаги+ тепаликда эди. 30  Бироқ Довуд Худодан маслаҳат сўраш учун у ерга бора олмади. Чунки Яҳова фариштасининг қиличидан қўрқди.

Изоҳлар

Бошқа вариант «душман».
Сўзма-сўз «қўйларда».
Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.