Солномалар биринчи китоб 28:1–21
28 Сўнгра Довуд Исроилнинг ҳамма бекларини — қабила бекларини, шоҳга хизмат қиладиган бўлинма бошчиларини+, мингбоши, юзбоши+, шоҳ ва ўғилларининг+ жамики мол-мулкию чорваси устидан бош этиб тайинланганларни+, сарой амалдорлари, кучли ва қобилиятли кишиларни+ Қуддусга йиғди.
2 Довуд ўрнидан туриб, шундай деди:
«Эй халқим, биродарларим, сўзларимни тингланглар! Мен Яҳованинг аҳд сандиғи турадиган уй қуришни, бу уй Худойимизнинг оёқ қўядиган курсиси бўлишини кўнглимда ният қилган эдим+. Бу қурилишга тайёргарлик кўриб қўйдим+.
3 Аммо менга ҳақ Худо: “Менинг исмимга аталган уйни сен қурмайсан+. Чунки сен жанглар қилиб, қон тўкдинг”+,— деб айтди.
4 Бироқ Исроил Худоси Яҳова отамнинг бутун хонадонидан мени танлаб, Исроил устидан тоабад шоҳ қилиб қўйди+. У Яҳудони йўлбошчи сифатида танлади+. Яҳудо хонадонидан отамнинг хонадонини танлаб+, отамнинг ўғиллари орасидан мени бутун Исроилга шоҳ этиб тайинлашни маъқул кўрди+.
5 Яҳова менга кўп ўғиллар берди+. Улар орасидан ўғлим Сулаймонни+ Яҳованинг шоҳлик тахтига ўтириб, Исроилни бошқариши учун танлади+.
6 У менга яна шуларни айтди: “Менинг уйим билан ҳовлиларимни ўғлинг Сулаймон қуради. Зеро, уни Ўзимга ўғил қилиб танладим ва Мен унинг Отаси бўламан+.
7 Агар у амрларимга, қонун-қоидаларимга бугунгидай тўлиқ риоя қилса+, Мен унинг шоҳлигини тоабад мустаҳкам қилиб ўрнатаман”+.
8 Шу боис, бутун Исроил, Яҳованинг жамоати ҳамда Тангримиз олдида буларни айтаман: Аллоҳингиз Яҳованинг амрларини ўрганиб, уларга сидқидилдан амал қилинглар. Шунда мана бу яхши юртга эгалик қилаверасизлар+ ва у ўғилларингизга абадий мерос бўлиб ўтади.
9 Сен эса, ўғлим Сулаймон, отангнинг Худосини таниб-бил, Унга бутун қалб билан+ бажонидил хизмат қил. Чунки Яҳова юракларни текширади+, У ҳар қандай ўй-фикрлару ниятларни кўради+. Уни изласанг, албатта топасан+. Борди-ю, Уни тарк этсанг, У сендан мангу юз ўгиради+.
10 Ёдда тут, Яҳова Ўзининг маъбади бўладиган уйни қуриш учун сени танлади. Жасоратли бўл ва ишга кириш».
11 Довуд ўғли Сулаймонга маъбад даҳлизининг+, унинг хоналари, омборхоналари, болохоналари, ички хоналари ва яраштирувчи қопқоқ турадиган хонанинг*+ чизмаларини+ берди.
12 Шунингдек, Худонинг руҳи орқали аён этилган нарсаларнинг — Яҳова уйининг ҳовлилари+, атрофидаги ошхоналар, ҳақ Тангрининг хазиналари, шу билан бирга бағишланган*+ нарсалар сақланадиган хазиналарнинг чизмаларини унга берди.
13 Қолаверса, унга руҳонийлар ва левилар гуруҳларига+, Яҳованинг уйида қилинадиган ишларга ҳамда Яҳованинг уйида ишлатиладиган барча анжомларга тегишли йўл-йўриқларни берди.
14 У хизматнинг турли соҳаларида қўлланиладиган олтин ва кумуш анжомлар учун сарфланадиган олтин ва кумуш миқдорини белгилади.
15 Турли олтин чироқпоялар+ ва мойчироқлар учун, турли кумуш чироқпоялар ва мойчироқлар учун сарфланадиган олтин ва кумуш миқдорини белгилаб берди.
16 Тахлам нонлар*+ қўйиладиган столларни қоплашга кетадиган олтин, шунингдек, кумуш столларни кумуш билан қоплашга кетадиган кумуш миқдорини ажратиб берди.
17 Соф олтиндан санчқилар, косалар, кўзалар, олтин косачалар+, турли косачалар ва кумуш косачалару ҳар хил косачалар оғирлигини белгилади.
18 Тутатқи қурбонгоҳи учун тоза олтин миқдорини+, Худонинг аравасини+ тасвирловчи, яъни қанотларини ёзиб, Яҳованинг аҳд сандиғига соя тушириб турадиган олтин карубларни+ ясаш учун сарфланадиган олтин миқдорини белгилаб берди.
19 Довуд: «Яҳованинг қўли мен билан эди. Бу чизмаларни+ икир-чикиригача ёзишим учун У менга ақл-идрок ато этди»+,— деди.
20 Бундан сўнг, Довуд ўғли Сулаймонга шундай деди: «Жасоратли ва маҳкам бўлиб, ишга кириш. Ҳечам қўрқма, ваҳимага тушма. Зеро, Тангри Яҳова, менинг Худойим сен биландир!+ Яҳованинг уйидаги барча ишлар охирига етмагунича, У сени ташлаб кетмайди, асло тарк этмайди+, У сен билан бўлади.
21 Руҳонийлар ва левилар+ гуруҳлари+ ҳақ Худонинг уйидаги барча хизматларни бажаришга тайёр. Турли ишларни амалга оширадиган моҳир ишчиларинг+, беклар+ ва бутун халқ амрингга мунтазирдир».
Изоҳлар
^ Ёки «гуноҳдан фориғ этиш хонасининг».
^ Ёки «муқаддас қилинган».
^ Яъни тортиқ этиладиган нонлар.