Солномалар биринчи китоб 29:1–30

  • Маъбад учун хайр-эҳсонлар (1-9)

  • Довуднинг ибодати (10-19)

  • Халқ шод бўлади, Сулаймон тахтга ўтиради (20-25)

  • Довуднинг ўлими (26-30)

29  Шоҳ Довуд бутун жамоатга шундай деди: «Худо танлаб олган ўғлим Сулаймон+ ҳали ёш ва тажрибасиз+, қилинадиган иш эса жуда кўп. Чунки бу маъбад одамга эмас, Тангри Яҳовага аталган+.  Мен бор кучимни сарфлаб Худойимнинг уйи учун тайёргарлик кўрдим. Олтиндан ясаладиган нарсалар учун олтин, кумушдан ясаладиган нарсалар учун кумуш, мисдан ясаладиган нарсалар учун мис, темирдан ясаладиган нарсалар учун темир+, ёғочдан ясаладиган нарсалар учун ёғоч+ ғамлаб қўйдим. Шунингдек, оникс тошлари, қоришма билан бириктириладиган махсус тошлар, рангли тошчалар, ҳар турли қимматбаҳо тошлар ва кўп миқдорда мармар тошлар ҳозирладим.  Аллоҳимнинг уйини севганим боис+, бу муқаддас уй учун тайёрлаб қўйган нарсалардан ташқари ўз хазинамдан+ олтин ва кумушни ҳам Худойимнинг уйига бераман.  Маъбад хоналарининг деворларини қоплаш учун 3 000 талант* Офир тилласи+ ва 7 000 талант тоза кумуш бераман.  Олтин ва кумуш буюмлар ҳамда ҳунармандлар турли буюмлар ясаши учун олтин билан кумуш бераман. Сизларнинг ҳам орангизда, бугун кўнгилдан чиқариб Яҳовага ҳадя беришни истайдиганлар борми?»+  Шунда хонадонлар беклари, Исроил қабилалари беклари, мингбошилар, юзбошилар+ ҳамда шоҳнинг иш юритувчилари+ кўнгилларидан чиқариб ҳадялар олиб келишди.  Улар ҳақ Худонинг уйи учун 5 000 талант олтин, 10 000 дарик*, 10 000 талант кумуш, 18 000 талант мис, 100 000 талант темир беришди.  Кимда қимматбаҳо тошлар бўлса, уларни Яҳова уйининг хазинасига масъул этиб тайинланган Гершон+ наслидан бўлган Ёхиёлга+ топширдилар.  Халқ шод-хуррамлик ила ихтиёрий назрлар келтирди, чунки Яҳовага аталган бу назрларни чин қалбдан олиб келишди+. Шоҳ Довуд ҳам ниҳоятда хурсанд бўлди. 10  Сўнг Довуд бутун жамоатнинг олдида Яҳовага ҳамду сано айтиб, шундай деди: «Сенга абадулабад мадҳлар бўлсин, эй Яҳова, отамиз Исроилнинг Худоси! 11  Эй Яҳова, буюклик+, куч-қудрат+, гўзаллик, шон-шараф ва улуғворлик Сенга тегишли+. Зеро, еру осмондаги жамики нарса Сеникидир!+ Салтанат ҳам Сеникидир, эй Яҳова!+ Сен барчанинг боши сифатида юксаксан. 12  Бойлик ва ҳашамат Сендан келади+. Барча нарса устидан ҳукмронлик қиласан+. Куч-қудрат Сенинг қўлингдадир+, Сен инсонни юксалтиришга+, ҳаммага куч бахшида этишга қодирсан!+ 13  Эй Тангримиз, биз Сенга шукрона келтириб, улуғвор исмингга мадҳлар айтамиз. 14  Мен ва халқим ким бўлибмизки, Сенга мана шундай ихтиёрий назрлар келтирсак?! Ахир барча нарсаларнинг манбаи Сенсан! Сенинг қўлингдан олган нарсамизни Ўзингга қайтаряпмиз. 15  Сенинг ҳузурингда биз ота-боболаримиз каби вақтинчалик фуқаро ва мусофирмиз+. Ер юзида умримиз худди кўланка сингари ўтади-кетади+. 16  Эй, Худойимиз Яҳова, Сенинг муқаддас исмингга атаб уй қуришга ҳозирлаб қўйган бу бойликларнинг бари Сендандир, ҳаммаси Сеникидир! 17  Эй Аллоҳим, Сен юракларни текширишингни+, инсоннинг бенуқсонлигини кўриб мамнун бўлишингни+ яхши биламан. Мен софдиллик ила кўнглимдан чиқариб бу нарсаларнинг барини тақдим этдим. Бу ерда турган халқинг Сенга ихтиёрий назрлар келтираётганини кўриб беҳад қувоняпман. 18  Ота-боболаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Исроилнинг Худоси, эй Яҳова! Илоё, халқинг ҳамиша ана шундай ўй-фикрлару ниятларга эга бўлсин! Улар Сенга бор қалблари билан хизмат қилишсин!+ 19  Ўғлим Сулаймонга бутун қалб+ ато этгин, токи амрларинг, эслатмаларинг ва кўрсатмаларингга амал қилсин+. Бу ишларнинг ҳаммасини бажариб, мен тайёрлаб қўйган нарсалардан маъбад қурсин»+. 20  Бундан кейин Довуд бутун жамоатга: «Аллоҳингиз Яҳовага ҳамду санолар айтинг»,— деди. Шунда бутун жамоат ота-боболарининг Худоси Яҳовага ҳамду санолар айтиб, Яҳованинг ва шоҳнинг олдида тиз чўкди-да, ергача эгилиб таъзим қилди. 21  Жамоат эртаси куни ҳам Яҳовага атаб қурбонликлар келтирди. Яҳовага куйдириладиган қурбонликлар+ сифатида 1 000 та ёш буқа, 1 000 та қўчқор, 1 000 та эркак қўзи, шу билан бирга ичимлик назрларини олиб келишди+. Бутун Исроил халқи учун ниҳоятда кўп қурбонликлар келтиришди+. 22  Ўша куни улар беҳад шодланиб Яҳованинг ҳузурида еб-ичишди+. Довуднинг ўғли Сулаймонни иккинчи бора шоҳ деб эълон қилишди. Яҳованинг олдида уни йўлбошчи+, Зодўхни эса руҳоний қилиб мойлашди+. 23  Сулаймон Яҳованинг тахтига ўтириб, отаси Довуднинг ўрнига шоҳ бўлди+. У муваффақият қозонди ва барча исроилликлар унга бўйсунадиган бўлди. 24  Ҳамма беклар+, қудратли жангчилар+ ва шоҳ Довуднинг барча ўғиллари+ Сулаймонга итоат этишди. 25  Яҳова бутун Исроилнинг кўз олдида Сулаймонни ғоят юксалтирди. Исроилнинг ҳеч бир шоҳи эга бўлмаган шоҳона улуғворлик билан уни сийлади+. 26  Шу тариқа, Эссайнинг ўғли Довуд бутун Исроил устидан ҳукмронлик қилди. 27  У Исроил устидан 40 йил шоҳлик қилди: 7 йил Хевронда+, 33 йил Қуддусда+. 28  Довуд узоқ умр кўриб, бойлигу обрўга эга бўлди ва нуроний ёшда+ оламдан ўтди. Унинг вафотидан сўнг, ўғли Сулаймон тахтга ўтирди+. 29  Шоҳ Довуднинг ҳаёти, валий Шомуил, Натан+ пайғамбар ҳамда ваҳийлар айтиб берувчи Гаднинг+ ёзувларида бошдан охиригача баён этилган. 30  Шунингдек, бу ёзувларда унинг шоҳлигию эришган ютуқлари, у бошдан кечирган ҳодисалар, Исроил ва атрофдаги шоҳликларда юз берган воқеалар қаламга олинган.

Изоҳлар

Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Форс олтин тангаси. Илованинг Б14 мавзусига қ.