Тимўтийга йўлланган биринчи мактуб 6:1–21
6 Аллоҳнинг исми ва Унинг таълимоти ҳақоратланмаслиги учун+, қуллик бўйинтуруғи остида бўлганлар хўжайинларини тўла ҳурматга лойиқ ҳисобласинлар+.
2 Хўжайинлари имонли бўлганлар эса биродар деб, ўз хўжайинларига ҳурматсизлик қилмасинлар. Аксинча, уларга янада кўпроқ тиришиб хизмат қилсинлар. Чунки уларнинг ҳалол хизматидан фойда оладиган хўжайинлар — имондошлари ва уларнинг севикли биродарлари.
Бу борада таълим бериб, насиҳат қил.
3 Агар қандайдир киши сохта таълимотни ёйса, Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг соғлом сўзлари+ ва художўйликка* мувофиқ таълимотга қўшилмаса+,
4 у мағрурланиб кетган ва ҳеч нарсани тушунмаяпти+. У сўроқ-саволлар ҳамда сўзлар дастидан баҳслашиш касаллигига чалинган+. Бу эса ҳасад, жанжалкашлик, туҳмат* ва бадгумонликни,
5 шунингдек, ҳақиқатдан узоқлашган ва ақли бузуқ одамлар+ ўртасида арзимаган нарсалар ҳақида узлуксиз тортишувларга сабаб бўлади. Улар художўйлик туфайли бирор нарсага эришиш мумкин, деб ўйлашади+.
6 Албатта, художўйлик+ ва борига қаноат қилиш орқали кўп нарсага эришиш мумкин.
7 Биз дунёга ҳеч нарса олиб келмадик ва ундан ҳеч нарса олиб кета олмаймиз ҳам+.
8 Хуллас, егулик ва кийимимиз* бор бўлса, шулар билан қаноат қилайлик+.
9 Бойиб кетиш ниятида юрганлар эса васвасага тушиб, тузоққа илиниб+, инсонларни ҳалокату ўлимга олиб борадиган кўп бемаъни ва зарарли истакларга мубтало бўладилар+.
10 Ҳар турли ёмонликнинг негизи пулпарастликдир. Баъзилар унга берилиб, имондан қайтишди ва кўпгина азобларга дуч келиб, ўзларини яралашди+.
11 Бироқ сен, эй Худонинг хизматчиси, булардан узоқлаш. Бунинг ўрнига одиллик, художўйлик, имон, муҳаббат, сабр-бардош ва мулойимлик+ каби фазилатларни ривожлантиришдан тўхтама.
12 Имон учун жон-жаҳдинг билан кураш, абадий ҳаётни маҳкам ушла. Чунки сен шу ҳаёт учун даъват этилиб, у ҳақда кўп одамлар олдида яхши шоҳидлик бергансан.
13 Понтий Пилатга очиқчасига шоҳидлик қилган Исо Масиҳ+ ҳамда борлиққа ҳаёт ато этиб турган Худо олдида сенга буюраман:
14 Ҳазрати Исо Масиҳнинг ошкор бўлишигача+ беғубор ва беайб қолиб, ушбу буйруққа амал қил.
15 Бахтиёр ва ягона Ҳукмдор, подшоҳларнинг Подшоҳи, Олий Ҳазратимизнинг+ ошкор бўлиши эса белгиланган вақтда содир бўлади.
16 Танҳо у ўлмасликка эга бўлиб+, яқинлашиб бўлмайдиган нурда туради+, уни ҳеч бир инсон кўрмаган ва кўра олмайди+. Унга шон-шуҳрат ва абадий куч-қудрат бўлсин! Омин.
17 Бу замонда* бой бўлганларга шундай буюр: улар кеккаймасинлар ҳамда бевафо бойликка эмас+, балки завқ олишимиз учун ҳар нарсани мўл-кўл қилиб тақдим этаётган Аллоҳга таянсинлар+,
18 яхшилик қилиб, эзгу ишлари билан бойисинлар, сахий бўлсинлар ва бор нарсаларини баҳам кўришга шай турсинлар+,
19 ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермаслик учун+, келажакка мустаҳкам пойдевор бўладиган ҳамда йўқ бўлмайдиган хазина тўпласинлар+.
20 Ўғлим Тимўтий, сенга ишониб топширилган нарсаларни сақлаб+, муқаддас нарсаларни булғайдиган қуруқ гаплардан ва «билим», деб аталган ихтилофлардан четда юр+.
21 Сабаби, баъзилар бундай «билим» билан керилиб, имондан қайтишди.
Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин.