Шоҳлар биринчи китоб 12:1–25

  • Шомуилнинг халққа мурожаати (1–25)

    • «Сохта худоларга эргашиб кетманглар» (21)

    • Яҳова Ўз халқини ташлаб қўймайди (22)

12  Шомуил бутун Исроил халқига шундай деди: «Мана, мен барча сўраганларингизни бажариб*, устингиздан бошқариши учун шоҳ тайинладим+. 2  Энди сизларни бошқарадиган* шоҳ бор+. Мен эса қариб қолдим, сочларим ҳам оқарди. Ўғилларим сизлар билан+. Мен бўлсам ёшлигимдан то шу кунгача+ сизларни бошқариб келдим. 3  Мана, мен қаршингизда турибман. Менга қарши даъвоингиз бўлса, Яҳова ва Унинг мойлангани+ олдида айтинглар: кимнинг буқасини ёки эшагини олдим?+ Кимни алдадим ёки кимга зулм ўтказдим? Қай бирингиздан пора олиб, адолатсиз ҳукм чиқардим?+ Айтинглар, ҳаммасини қайтариб бераман»+. 4  Бунга жавобан халқ: «Сиз бизни алдамагансиз, зулм ҳам ўтказмагансиз ва ҳеч биримиздан бирор нарса олмагансиз»,— деб айтди. 5  Шунда Шомуил уларга: «Мен сизлардан ҳеч нарса олмаганимга* бугун Яҳова билан Унинг мойлангани гувоҳдир»,— деди. Улар: «У гувоҳдир»,— деб жавоб беришди. 6  Шомуил халққа қуйидагиларни айтди: «Мусо билан Ҳорунни тайинлаб, ота-боболарингизни Миср юртидан олиб чиққан Яҳова+ гувоҳдир. 7  Энди ўз жойларингизда туринглар ва мен Яҳованинг сизларга ва ота-боболарингизга қилган адолатли ишлари асосида, сизларни Яҳованинг олдида ҳукм қиламан. 8  Ёқуб Мисрга борганидан кейин+, ота-боболарингиз ёрдам сўраб Яҳовага ёлворишганда+, уларни Мисрдан олиб чиқиб, шу ерга+ жойлаштириш учун Яҳова Мусо+ билан Ҳорунни юборди. 9  Ота-боболарингиз ўз Худоси Яҳовани унутиб қўйишгани боис, Аллоҳ уларни Хазор лашкарбошиси Сисаро+, филистимликлар+ ҳамда Мўаб шоҳи+ қўлига топширди*+ ва улар ота-боболарингизга қарши жанг қилишди. 10  Шунда улар Яҳовага ёлвориб+: “Яҳовани қолдириб, Бааллар+ ва Аштаретнинг тасвирларига+ хизмат қилиб гуноҳга ботдик+. Сенга хизмат қилишимиз учун бизни душманларимизнинг қўлидан қутқаргин”,— дейишди. 11  Яҳова Еруббаал+, Бадон, Йифтох+ ва Шомуилни+ юбориб, хавф-хатарсиз яшашингиз учун, сизларни атрофингиздаги душманларингиз қўлидан халос этди+. 12  Оммонликлар шоҳи Нахош+ сизларга қарши чиққанини кўрганингизда, Тангрингиз Яҳова Ўзи сизларнинг Шоҳингиз+ бўлишига қарамай, сизлар менга: “Майли, биз розимиз. Шоҳимиз бўлишида қароримиз қатъий!”+ — деб туриб олдингизлар. 13  Мана, сизлар хоҳлаган ва сўраб олган ўша шоҳ! Яҳова устингиздан шоҳ тайинлади+. 14  Агар Яҳовадан қўрқиб+ Унга хизмат қилсангизлар+, Унга қулоқ солиб+ Яҳованинг амрига қарши чиқмасангизлар ва устингиздан ҳукм сурадиган шоҳингиз билан бирга Тангрингиз Яҳовага эргашсангизлар, яхши бўлади. 15  Борди-ю, Яҳовага қулоқ солмай, Яҳованинг амрига қарши чиқсангизлар, Яҳова сизларни ва оталарингизни жазолайди+. 16  Энди ўз жойларингизда туриб, Яҳова кўз олдингизда қандай буюк иш қилишига қараб туринглар. 17  Ҳозир буғдой ўрими пайти эмасми? Лекин момақалдироқ гумбурлатиб, ёмғир ёғдириши учун, ҳозир Яҳовага мурожаат қиламан. Шунда ўзларингизга шоҳ сўраб, Яҳованинг назарида қабиҳ иш қилганингизни тушуниб етасизлар»+. 18  Шомуил Яҳовага мурожаат қилди ва ўша куни Яҳова момақалдироқ гумбурлатиб, ёмғир ёғдирди. Буни кўрган бутун халқ, Яҳова билан Шомуилдан қаттиқ қўрқиб қолди. 19  Халқ Шомуилга: «Хизматкорларингиз учун Яҳовага ибодат қилинг+, биз ўлиб кетишни истамаймиз. Ўзимиз учун шоҳ сўраб гуноҳларимизни орттирдик»,— деб айтди. 20  Шомуил халққа деди: «Қўрқманглар. Чиндан ҳам барча бу қабиҳ ишларни қилдингизлар. Фақат энди Яҳовага эргашишдан бош тортмай+, Яҳовага бутун қалбингиз билан+ хизмат қилинглар. 21  Йўлдан озиб, сохта худоларга+ эргашиб кетманглар. Улар яроқсиз бўлгани боис, ҳеч қандай фойда ҳам келтирмайди+, халос ҳам эта олмайди. 22  Буюк исми ҳаққи+ Яҳова Ўз халқини ташлаб қўймайди+. Чунки Яҳова сизларни Ўз халқи қилиш учун танлаб олди+. 23  Менга келсак, сизлар учун Яҳова олдида ибодат қилмай қўйиб гуноҳга ботиш, мен учун ақлга сиғдириб бўлмайдиган ҳолдир. Мен бундан буён ҳам сизларни яхши ва тўғри йўлдан юришга ўргатаман. 24  Фақат Яҳовадан қўрқинглар+ ва Унга садоқатли бўлиб, бутун қалбингиз билан хизмат қилинглар. У сизлар учун қандай буюк ишлар қилганини ёдда тутинглар+. 25  Агар ўжарлик билан ёмон ишларни қилаверсангизлар, ўзингиз ҳам, шоҳингиз ҳам+ ҳалок бўласизлар»+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «овозингизга қулоқ солиб».
Сўзма-сўз «олдингизда юрадиган».
Сўзма-сўз «қўлимдан ҳеч нарса топмаганингизга».
Сўзма-сўз «сотди».