Шоҳлар биринчи китоб 14:1–52
14 Бир куни Шоулнинг ўғли Йўнатан+ қурол-яроғини кўтариб юрадиган хизматкорига: «Юр, нариги бетдаги филистимликларнинг соқчилар бўлинмаси турган жойга борайлик»,— деди. Аммо отасига ҳеч нарса демади.
2 Шоул бўлса Гивонинг+ чеккасида, Мигрондаги анор дарахти тагида ўтирган эди. Ёнида 600 та одами бор эди+.
3 (Ихабоднинг акаси Охитоб+ ўғли Охиё эфод кийиб юрарди+. Ихабод+ Финхазнинг+, Финхаз эса Яҳованинг Шилўдаги+ руҳонийси Элахнинг+ ўғли эди.) Халқ Йўнатан кетганини билмас эди.
4 Йўнатан филистимликларнинг соқчилар бўлинмаси турган жойга довон орқали ўтмоқчи бўлди. Довоннинг икки тарафида иккита ўткир учли қоя бор бўлиб, бири Бозаз, бошқаси Санех деб аталарди.
5 Устун сингари қад ростлаган қоялардан бири шимол томонда бўлиб, Михмашга, иккинчиси эса жанубда бўлиб, Ғибога+ қараб турарди.
6 Йўнатан қуролбардорига: «Юр, бу суннатсизларнинг+ соқчилар бўлинмаси томонга ўтайлик. Балки Яҳова бизга ёрдам берар. Ахир Яҳова озчилик билан ҳам, кўпчилик билан ҳам қутқараверади+. Унга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди»,— деди.
7 Қуролбардори унга: «Қалбингиз қандай йўл тутишга ундаётган бўлса, шундай қилинг. Истаган жойингизга боринг. Қаерга борманг, мен сизга эргашаман»,— деб айтди.
8 Шунда Йўнатан бундай деди: «Ўша одамлар томонга ўтиб, уларга кўринадиган жойда турамиз.
9 Агар улар: “Олдингизга бормагунимизча, ўша ерда туринглар!” — дейишса, жойимизда қолиб улар томонга ўтмаймиз.
10 Борди-ю, улар: “Биз томонга келинглар!” — деб айтишса, уларнинг олдига борамиз. Бу, Яҳова уларни бизнинг қўлимизга топширишининг белгиси бўлади»+.
11 Шу тариқа, иккови филистимликларнинг соқчилар бўлинмасига кўринадиган жойга бориб турди. Филистимликлар: «Қаранглар, ибронийлар яшириниб ётган инларидан чиқиб келишибди!»+ — дейишди.
12 Соқчилар бўлинмасидаги одамлар Йўнатан билан қуролбардорига: «Қани, бу ёққа келинглар-чи, бир таъзирингизни бериб қўяйлик!»+ — дейишди. Йўнатан қуролбардорига: «Ортимдан юр, Яҳова уларни Исроилнинг қўлига топширади»+,— деб айтди.
13 Йўнатан қўл-оёқлари билан тирмашиб, юқорига чиқди. Қуролбардори ҳам орқасидан эргашди. Йўнатан филистимликларни қирғин қила бошлади. Унинг орқасидаги қуролбардори эса яраланганларни ўлдирарди.
14 Биринчи сафар ҳужум қилишганда, босиб ўтилган қисқа масофа ичида* Йўнатан билан қуролбардори 20 тача одамни ўлдиришди.
15 Даладаги қароргоҳда бўлганларни ҳамда соқчилар бўлинмасидаги+ ҳамма одамларни қўрқув босди. Ҳатто ҳужум уюштириб юрган кишилар ҳам қўрқиб қолишди. Ер қимирлай бошлади. Буларнинг бари Худодан эди.
16 Бенямин қабиласига тегишли Гиводаги Шоулнинг соқчилари+ бутун қароргоҳ саросимага тушганини кўришди+.
17 Шоул ёнидаги одамларига: «Йўқлама қилинглар-да, орамизда ким йўқлигини аниқланглар»,— деди. Улар йўқлама қилиб, Йўнатан билан қуролбардори йўқ эканини аниқлашди.
18 Шоул Охиёга+: «Ҳақ Тангрининг сандиғини олиб кел!» — деб айтди. (Ўша пайтда* ҳақ Тангрининг сандиғи исроилликларда эди.)
19 Шоул руҳоний билан гаплашиб турганда, филистимликлар қароргоҳида қий-чув кучая бошлади. Шунда Шоул руҳонийга: «Тўхтаб тур*»,— деди.
20 Шоул билан барча одамлари тўпланиб, жангга кетишди. У ерга етиб келишганда, филистимликлар бир-бирини қиличдан ўтказаётганини, қаттиқ тўс-тўполон бўлаётганини кўришди.
21 Илгари филистимликлар томонига ўтиб кетиб, уларнинг қароргоҳи ичида бўлган ибронийлар ҳам, Шоул билан Йўнатаннинг ёнидаги исроилликларга қўшилишди.
22 Шунингдек, Эфрайим тоғли ҳудудида яшириниб юрган исроилликлар+ филистимликларнинг қочиб қолганини эшитгач, жангга қўшилиб уларни таъқиб қила бошлашди.
23 Ўша куни Яҳова Исроилни қутқарди+. Жанг Байт-Обунгача+ чўзилиб борди.
24 Халқ ўша куни ҳолдан тойиб қолди. Чунки Шоул: «Душманларимдан ўч олиб бўлмасимдан, кеч киргунча туз тотган* одам лаънати бўлсин!» — дея халқни қўшиб қасам ичган эди. Шу боис, ҳеч ким туз тотмади+.
25 Кейин ҳамма одамлар ўрмонга келди. У ерда асал кўп эди.
26 Ўрмонга кирганда, улар асал томиб ётганини кўришди. Лекин қасамдан қўрқиб, ҳеч ким ундан емади*.
27 Отаси халқни қўшиб қасам ичганидан Йўнатаннинг хабари йўқ эди+. Шу сабабли, у қўлидаги таёқнинг учини асалари уясига суқди. У асални оғзига солиши билан, кучга тўлди*.
28 Шунда одамлардан бири: «Отангиз: “Бугун туз тотган одам лаънати бўлсин!” — дея, халқни қўшиб қасам ичган эдилар+. Шунинг учун халқ ҳолдан тойиб қолди»,— деб айтди.
29 Аммо Йўнатан: «Отам халқни қаттиқ қийнаб қўйибдилар. Қаранглар, мен оз-моз асалдан еб, кучга тўлдим.
30 Одамлар бугун душманлардан қўлга киритган ўлжадан еб олганда+, янада каттароқ ғалабага эришмасмидик?! Шу сабабли, филистимликларни тўлиқ қириб ташлай олмадик»,— деб айтди.
31 Ўша куни исроилликлар филистимликларни Михмашдан Ойжавлонгача+ қириб боришди. Халқ жудаям чарчаб қолди.
32 Шунда халқ очкўзларча ўлжага ташланиб, қўйлар, қорамол ва бузоқларни ерда сўйиб, гўштни қони билан еди+.
33 Бу ҳақда Шоулга: «Қаранг, халқ Яҳовага қарши гуноҳ қилиб, гўштни қони билан еяпти!»+ — деб етказишди. У бўлса: «Сизлар хоинларча йўл тутдингизлар. Дарҳол олдимга катта тошни юмалатиб келинглар»,— деди.
34 Кейин Шоул: «Халқ оралаб айланиб чиқиб, уларга: “Ҳар бирингиз буқангиз ва қўйингизни олиб келинглар-да, мана шу ерда сўйиб енглар. Гўштни қони билан еб, Яҳовага қарши гуноҳ қилманглар”+,— деб айтинглар»,— деди. Ўша кеча халқ буқаларини олиб келиб, айтилган жойда сўйди.
35 Шоул Яҳовага атаб қурбонгоҳ қурди+. Бу, унинг Яҳовага атаб қурган биринчи қурбонгоҳи эди.
36 Кейинроқ Шоул: «Юринглар, бу кеча филистимликлар ортидан бориб, тонг отгунча уларни талон-торож қилайлик. Улардан ҳеч бирини тирик қолдирмайлик»,— деди. Халқ: «Назарингизда маъқул кўринган ишни қилинг»,— дея жавоб берди. Руҳоний бўлса: «Келинглар, шу ерда ҳақ Тангрига мурожаат қилайлик»+,— деб айтди.
37 Шоул Аллоҳдан: «Филистимликларнинг орқасидан борайми?+ Уларни Исроилнинг қўлига топширасанми?» — дея сўради. Аммо Худо ўша куни унга жавоб бермади.
38 Шоул эса: «Эй халқ бошлиқлари, бу ерга келинглар-да, бугун қандай гуноҳ содир этилганини аниқланглар.
39 Исроилни халос қилган барҳаёт Худо Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки, ҳатто ўғлим Йўнатан гуноҳ қилган бўлиб чиқса, у ўлади»,— деб айтди. Бироқ халқ унга лом-мим демади.
40 Шоул бутун Исроил халқига: «Сизлар бир тарафда туринглар, мен билан ўғлим Йўнатан эса бошқа тарафда турамиз»,— деди. Бунга халқ: «Назарингизда маъқул кўринган ишни қилинг»,— дея жавоб берди.
41 Шоул Яҳовага: «Эй Исроил Тангриси, туммим*+ орқали жавоб бер!» — дея мурожаат қилди. Туммим халққа эмас, Йўнатан билан Шоулга ишора қилди.
42 Шоул: «Мен билан ўғлим Йўнатан ўртамизга қуръа ташланглар»+,— деди ва қуръа Йўнатанга тушди.
43 Шоул Йўнатандан: «Менга айт-чи, нима қилдинг ўзи?» — деб сўради. Йўнатан унга: «Мен қўлимдаги таёқнинг учини асалга ботириб, оз-моз едим, холос+. Мен ўлишга тайёрман»,— дея жавоб берди.
44 Шунда Шоул: «Йўнатан, агар сен ўлдирилмасанг, Худо мени қаттиқ жазоласин»+,— деб айтди.
45 Аммо халқ Шоулга: «Исроилга бундай буюк ғалаба*+ келтирган Йўнатан ўлиши керакми? Бунга ақл бовар қилмайди! Барҳаёт Худо Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтамизки, бошидаги сочининг бир толаси ҳам ерга тушмайди. Чунки у бугун нимаики қилган бўлса, Тангри унга ёрдам берди»+,— деди. Шу тариқа, халқ Йўнатанни қутқариб қолди* ва у ўлдирилмади.
46 Шоул филистимликларни таъқиб қилишдан тўхтади ва филистимликлар ўз ҳудудига кетди.
47 Шоул Исроил устидан шоҳлигини мустаҳкамлаб, атрофдаги барча душманлари: мўабликлар+, оммонликлар+, эдомликлар+, Зўво+ шоҳлари ва филистимликларга+ қарши жанг қилди. У қаерга бормасин, душманларини мағлуб этарди.
48 Шоул жасорат ила жанг қилиб, омолеклар устидан ғалаба қозонди+ ва Исроилни талончилар қўлидан халос этди.
49 Шоулнинг Йўнатан, Йишви ва Малкишува деган ўғиллари+ ва иккита қизи бор эди. Катта қизининг исми Мерав+, кичигиники эса Михал+ эди.
50 Хотинининг исми Охинавам бўлиб, у Охимаснинг қизи эди. Амакиси Нирнинг ўғли Абнур+ эса лашкарбошиси эди.
51 Шоулнинг отаси Киш+ эди. Абнурнинг отаси Нир+ Абилнинг ўғли эди.
52 Шоул шоҳлик қилган даврда+, филистимликлар билан оғир жанглар бўлиб турди. Шоул қаерда кучли ва жасоратли одамни учратиб қолса, уни аскарлари қаторига қўшиб оларди+.
Изоҳлар
^ Ёки «бир жуфт ҳўкиз бир кунда шудгор қиладиган даланинг ярмига тўғри келадиган ер бўлагида». Тахм. чорак гектар.
^ Сўзма-сўз «Ўша куни».
^ Сўзма-сўз «Қўлингни торт».
^ Сўзма-сўз «нон еган».
^ Ёки «ҳеч ким қўлини оғзига тортмади».
^ Сўзма-сўз «кўзлари чақнаб кетди».
^ Ёки «нажот».
^ Сўзма-сўз «қайтариб сотиб олди».