Шоҳлар биринчи китоб 19:1–24
19 Вақт ўтиб, Шоул ўғли Йўнатанга ва барча хизматкорларига Довудни ўлдириш кераклигини айтди+.
2 Шоулнинг ўғли Йўнатан эса Довудни жудаям яхши кўрарди+. У Довудга шундай деди: «Отам сени ўлдирмоқчилар. Илтимос, эртага тонгда эҳтиёт бўл, хавфсиз жойга бориб, ўша ерда яшириниб ўтир.
3 Мен отам билан айланиш учун далага чиқаман ва сен яширинган жойга яқин борамиз. Отам билан сен ҳақда гаплашаман, агар бирон нарсани билиб олсам, албатта сенга айтаман»+.
4 Йўнатан отаси Шоулга Довуд ҳақида яхши гапларни айтиб+, шундай деди: «Шоҳим хизматкори Довудга қарши гуноҳ қилмасинлар, чунки у сизга қарши гуноҳ қилмаган. У нимаики қилган бўлса, сизга фойда келтирган.
5 У ҳаётини хавф остига қўйиб филистимликни ўлдиргани учун+, Яҳова бутун Исроил халқига буюк ғалаба* берган эди. Буни кўриб сиз жуда қувонган эдингиз. Энди нима учун Довудни сабабсиз ўлдирмоқчисиз? Нега бегуноҳ одамнинг қонини тўкмоқчисиз?+»
6 Шоул Йўнатаннинг гапларига қулоқ солиб: «Барҳаёт Худо Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки, Довуд ўлдирилмайди»,— деди.
7 Кейин Йўнатан Довудни чақириб, буларнинг барчасини унга айтиб берди-да, уни Шоулнинг ёнига олиб борди. Довуд Шоулга олдингидай хизмат қилиб юрди+.
8 Орадан вақт ўтиб, яна жанг бошланди. Довуд филистимликлар билан жанг қилиб, уларнинг кўпини қириб ташлади. Филистимликлар тумтарақай қочиб кетишди.
9 Шоул уйида ўтирганда, Яҳовадан бўлган ёмон руҳ* уни қамраб олди+. Шоулнинг қўлида найза бор эди. Бу пайт Довуд арфа чалаётган эди+.
10 Шоул найзасини отиб, Довудни деворга қадаб қўймоқчи бўлди. Аммо Довуд чап бериб қолди ва найза деворга санчилди. Ўша куни тунда Довуд қочиб кетди.
11 Кейин Довуднинг уйини кузатиб, тонг отганда эса уни ўлдириш мақсадида+ Шоул одамларини юборди. Аммо Довуднинг хотини Михал унга: «Агар бу кеча қочиб кетмасангиз, эртага сизни ўлдиришади»,— деди-да,
12 Довуд қочиб қутулиши учун, унга деразадан тушишга ёрдам берди.
13 Михал хонаки бутни* олиб, уни тўшакка ётқизди. Бош томонига эчки жунидан тўрли матони тўшаб, устига кийимлар ташлаб қўйди.
14 Шоул Довудни олиб келиш учун одамларини юборди. Бироқ Михал: «У касал»,— деб айтди.
15 Шунда Шоул ўз кўзлари билан Довудни кўриб келишсин дея, одамларини юборди ва уларга: «Уни тўшаги билан олдимга келтиринглар, уни ўлдираман!»+ — деб айтди.
16 Шоулнинг одамлари келиб тўшакка хонаки бут ётқизиб қўйилганини, бош томонига эса эчки жунидан тўрли мато тўшалганини кўришди.
17 Шоул Михалга: «Душманимни+ қочириб юбориб, нега мени алдадинг?» — деди. Михал унга: «У менга: “Мени қўйиб юбор! Бўлмаса, сени ўлдираман”,— деди»,— деб айтди.
18 Довуд қочиб кетиб, омон қолди. У Шомуилнинг олдига, Рамага+ келди ва унга Шоулнинг ҳамма ишларини айтиб берди. Кейин иккови Нойўтга+ бориб, ўша ерда қолишди.
19 Бир мунча вақт ўтиб, Шоулга: «Довуд Рамадаги Нойўтда экан»,— деган хабарни етказишди.
20 Шунда Шоул Довудни тутиб келиш учун одамларини юборди. Кекса пайғамбарларнинг башорат қилаётганини ва Шомуил уларга бошчилик қилаётганини кўрганда, Шоулнинг одамларини Худонинг руҳи қамраб олди ва улар ҳам ўзларини пайғамбарлардай тута бошлашди.
21 Бу ҳақда Шоулга хабар беришгач, Шоул дарҳол бошқа одамларини юборди, улар ҳам ўзларини пайғамбарлардай тута бошлашди. Шунда Шоул учинчи марта яна бир гуруҳ одамларини юборди, лекин улар ҳам ўзларини пайғамбарлардай тута бошлашди.
22 Охири Шоулнинг ўзи Рамага йўл олди. У Сахудаги катта сардобага етиб келгач, ўша ердагилардан: «Шомуил билан Довуд қаерда?» — деб сўради. Одамлар: «Улар Рамадаги Нойўтда+»,— деб жавоб қайтаришди.
23 Шоул Рамадаги Нойўт томонга кетаётганда, унинг устига ҳам Худонинг руҳи тушди ва у Рамадаги Нойўтга етиб боргунча ўзини пайғамбардай тутди.
24 У ҳам кийимларини ечиб ташлаб, Шомуилнинг олдида ўзини пайғамбардай тута бошлади. Шоул ўша куни кечгача ва туни билан яланғоч* ётди. «Шоул ҳам пайғамбарлардан бирими?»+ — деган гап ўшандан пайдо бўлди.
Изоҳлар
^ Ёки «нажот».
^ Ёки «ёмонлик қилишга мойиллик». Яҳова, Шоулнинг ички ҳолати уни қийнашига йўл қўйди.
^ Ёки «ярим яланғоч».