Шоҳлар биринчи китоб 22:1–23

  • Довуд Адуллам ва Миспахга боради (1–5)

  • Шоул навлик руҳонийларни ўлдиради (6–19)

  • Абуатар қочиб қутулади (20–23)

22  Довуд у ердан чиқиб+, Адулламдаги ғорга қочиб кетди+. Акалари ва отасининг бутун хонадони буни эшитгач, унинг олдига келишди.  Жабр кўрган, қарзга ботган ва даъвоси бор* одамларнинг ҳаммаси унинг атрофига тўпланди ва Довуд уларнинг бошлиғи бўлди. У билан тахминан 400 нафар одам бор эди.  Орадан вақт ўтгач, Довуд у ердан чиқиб, Мўабдаги Миспахга борди ва Мўаб+ шоҳига: «Худонинг менга нисбатан қанақа нияти борлигини билиб олмагунимча, илтимос, ота-онам сизнинг ёнингизда қолишига рухсат беринг»,— деб айтди.  Сўнг уларни Мўаб шоҳининг ҳудудига кўчирди ва ўзи тоғларда яшириниб юрганида+, ота-онаси ўша ерда яшашди.  Бир қанча вақтдан кейин Гад пайғамбар+ Довудга: «Тоғларда яшириниб юрманг. Бу ердан кетиб, Яҳудо ерига боринг»+,— деди. Довуд у ерни тарк этиб, Хорет ўрмонига йўл олди.  Довуд ва у билан бўлган одамлар топилгани ҳақида Шоулга хабар беришди. Шоул Гиводаги+ тепаликда жойлашган бир юлғун дарахти тагида қўлида найза ушлаб ўтирган эди. Барча хизматкорлари эса унинг атрофида эди.  Шоул атрофидаги хизматкорларига қарата шундай деди: «Эй Бенямин ўғиллари, менга қаранглар. Эссайнинг ўғли+ менга ўхшаб сизларга далалару узумзорлар берадими? Барчангизни мингбоши ва юзбоши этиб тайинлайдими?+  Ҳаммангиз менга қарши тил бириктиргансиз! Ўз ўғлим Эссайнинг ўғли билан аҳдлашганини+ ҳеч бирингиз менга айтмадингиз! Ўз ўғлим хизматкоримни менга қарши пистирма қўйишга ундаганида, бирортангиз менга раҳм қилиб, бу ҳақда мени огоҳ этмадингиз. Ҳозир ҳам у менга пистирма қўйиб юрибди».  Шунда Шоулнинг хизматкорлари устидан бош этиб тайинланган эдомлик Доег+ қуйидагича жавоб берди+: «Эссайнинг ўғли Навга, Охитоб+ ўғли Охималек олдига келганини кўрган эдим. 10  Охималек Яҳовадан у учун йўл-йўриқ сўради ва унга озиқ-овқат берди. Ҳатто унга филистимлик Гўлиётнинг қиличини ҳам берди»+. 11  Шоул Охитоб ўғли руҳоний Охималекни ва унинг ота хонадонидаги барча руҳонийларни чақиртириш учун Навга дарҳол одам юборди. Уларнинг ҳаммаси шоҳ олдига келишди. 12  Шоул: «Охитобнинг ўғли, гапимга қулоқ сол!» — деб гап бошлади. У эса: «Лаббай, тақсирим»,— деб жавоб берди. 13  Шоул унга: «Нега сен ва Эссайнинг ўғли, иккаланг менга қарши тил бириктирдиларинг? Сен унга нон ва қилич берибсан, у учун Худодан йўл-йўриқ сўрабсан. Энди у менга қарши чиқиб, пистирмада пойлаб ётибди»,— деди. 14  Шоҳнинг бу гапига Охималек қуйидагича жавоб берди: «Барча хизматкорларингиз ичида Довуд сингари ишончли* одам борми?+ Ахир у куёвингиз+ ҳамда тансоқчиларингиз бошлиғи бўлиб, хонадонингизда ҳурматли инсон-ку+. 15  Бундан олдин ҳам мен у учун Худодан йўл-йўриқ сўрар эдим-ку!+ Сизга қарши тил бириктириш эса хаёлимга ҳам келмаган! Хизматкорингизни ҳам, отамнинг бутун хонадонини ҳам бу нарсаларда айбламанг. Сиз айтган нарсаларнинг ҳеч биридан хизматкорингизнинг хабари йўқ эди»+. 16  Аммо шоҳ: «Охималек, сен ҳам, отангнинг бутун хонадони ҳам албатта ўласизлар+»,— деб айтди+. 17  Шоҳ ёнида турган соқчиларга*: «Довудга қўшилгани учун Яҳованинг руҳонийларини ўлдиринглар! Улар Довуд қочиб юрганини била туриб менга хабар беришмади!» — деди. Аммо шоҳ хизматкорлари Яҳованинг руҳонийларини ўлдириш учун уларга қўл кўтаришни исташмади. 18  Шунда шоҳ эдомлик+ Доегга+: «Унда сен руҳонийларни ўлдир!» — деб айтди. Доег ўша заҳотиёқ бориб руҳонийларни ўлдирди. Ўша куни зиғир матосидан эфод кийган 85 киши ўлдирилди+. 19  Шунингдек, Доег руҳонийлар шаҳри Нав+ аҳолисини ҳам қиличдан ўтказди. У эркагу аёлларни, бола-чақаларни, буқа, эшак ва қўйларни ҳам қиличдан ўтказди. 20  Бироқ Охитоб ўғли Охималекнинг Абуатар+ исмли ўғлигина қутулиб қолди ва Довуднинг олдига қочиб кетди. 21  Абуатар Довудга: «Шоул Яҳованинг руҳонийларини ўлдирди»,— деб айтди. 22  Бу гапни эшитиб, Довуд Абуатарга шундай деди: «Ўша куни у ерда эдомлик Доег борлигини ва у Шоулни ҳаммасидан хабардор қилишини билган эдим+. Отанг хонадонидаги ҳар бир кишининг ўлимига мен сабабчиман. 23  Менинг ёнимда қол. Қўрқма. Сенинг жонингни* олмоқчи бўлганлар, менинг жонимни ҳам олмоқчи. Сени ўз ҳимоямга оламан»+.

Изоҳлар

Ёки «жони азоб тортган».
Ёки «садоқатли».
Сўзма-сўз «югурувчиларга».
Ёки «ҳаётингни».