Шоҳлар биринчи китоб 26:1–25
26 Бир мунча вақтдан кейин, Зиф+ аҳолиси Гивога+, Шоулнинг олдига бориб: «Довуд Йишмон* қаршисидаги Хахило тепалигида яшириниб юрибди»+,— деб айтишди.
2 Шунда Шоул Зиф саҳросига йўл олди. У Довудни қидириб топиш учун Исроилнинг 3 000 та сара аскарини олиб, Зиф саҳросига қараб кетди+.
3 Шоул Йишмон қаршисидаги Хахило тепалигида, йўл бўйида қароргоҳ қурди. Довуд саҳрода яшаб юрган эди ва Шоул уни қидириб келганидан хабар топди.
4 Шунда Довуд, Шоул чиндан ҳам келганини аниқлаш учун айғоқчиларни жўнатди.
5 Сўнг Довуд, Шоул қароргоҳ қурган жойга борди ва Шоул билан унинг лашкарбошиси Нир ўғли Абнур+ ухлаб ётган жойни кўрди. Шоул қароргоҳнинг ўртасида ухлаб ётганди, аскарлар эса унинг атрофида жойлашган эди.
6 Довуд хетий+ Охималекдан ва Зеруя+ ўғли Йўабнинг акаси Абушайдан+: «Ким мен билан Шоулнинг қароргоҳига тушади?» — деб сўради. Абушай: «Мен сиз билан тушаман»,— деди.
7 Кечаси Довуд билан Абушай аскарлар томонга йўл олишди. Шоул қароргоҳнинг ўртасида ётган бўлиб, бош томонида найзаси ерга санчиб қўйилган эди. Абнур билан аскарлар эса унинг атрофида ётишган эди.
8 Абушай Довудга: «Бугун Худо душманингизни қўлингизга берди+. Рухсат берсангиз, найза билан битта уриб уни ерга қадаб қўяман. Иккинчи марта уришга ҳожат бўлмайди»,— деди.
9 Довуд эса Абушайга: «Унга зиён етказма. Яҳованинг мойланганига+ қўл кўтарган одам айбсиз қолиши мумкинми?»+ — деб айтди.
10 Довуд гапини давом эттириб деди: «Барҳаёт Худо Яҳова ҳаққи қасам ичаман, уни ё Яҳованинг Ўзи уради+, ё куни битиб+ оламдан ўтади ёки жангга бориб ҳалок бўлади+.
11 Яҳованинг ҳаққи-ҳурмати Яҳованинг мойланганига қўл кўтаришни ҳатто ақлимга ҳам сиғдира олмайман!+ Кел, унинг бош томонидаги найзаси билан сувдонини олиб, кета қолайлик».
12 Шундай қилиб, Довуд Шоулнинг бош томонидан найза билан сувдонни олди ва улар кетишди. Уларни ҳеч ким кўрмади ҳам+, пайқамади ҳам. Яҳова уларни қаттиқ уйқуга мубтало қилгани учун, уларнинг бари қотиб ухлаб ётарди.
13 Кейин Довуд қарама-қарши томонга ўтди-да, тоғнинг тепасига чиқиб, ўша ерда турди. Уларни катта масофа ажратиб турарди.
14 Довуд аскарларга ва Нир ўғли Абнурга+: «Абнур, мени эшитяпсизми?» — деб бақирди. Абнур: «Шоҳни чақираётган ким?» — деб жавоб қайтарди.
15 Довуд унга шундай деди: «Абнур, сиз довюрак киши эмасмисиз?! Исроилда сизга тенг келадигани топилмайди-ку! Унда нима учун шоҳ ҳазратларини қўриқламадингиз? Бир аскар келиб, шоҳ ҳазратларини ўлдирмоқчи бўлди+.
16 Сиз яхши иш қилмадингиз. Барҳаёт Худо Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки, сиз ўлимга лойиқсиз. Чунки сиз тақсирингизни, Яҳованинг мойланганини+ қўриқламадингиз. Атрофга бир қаранг-чи, шоҳнинг бош томонидаги найзаси билан сувдони қани?»+
17 Шунда Шоул Довудни овозидан таниб қолиб: «Довуд, ўғлим, бу сенинг овозингми?»+ — деди. Довуд: «Ҳа, бу менинг овозим, шоҳ ҳазратлари»,— деб жавоб берди.
18 Кейин шундай деди: «Тақсирим, нега хизматкорингизнинг орқасидан қувяпсиз?+ Мен нима қилдим? Менинг айбим нимада?+
19 Шоҳ ҳазратлари, ўтинаман, хизматкорингизнинг сўзларига қулоқ солинг. Борди-ю, менга қарши чиқишга сизни Яҳова ундаган бўлса, унда У дон назримни қабул қилсин*. Лекин сизни одамлар менга қарши қўзғатган бўлса+, улар Яҳованинг олдида лаънати бўлсин. Чунки улар бугун мени ҳайдаб чиқариб, Яҳова мерос қилиб берган ерда+ яшашимга йўл қўйишмаяпти. Улар гўё: “Бор, бошқа худоларга хизмат қил!” — деб айтишяпти.
20 Қоним Яҳованинг ҳузуридан йироқда тўкилишига йўл қўйманг. Какликни тоғма-тоғ қувиб юрган киши каби Исроил шоҳи ҳам бир бургани излаб юрибдилар»+.
21 Унга жавобан Шоул: «Мен гуноҳ қилдим+. Довуд, ўғлим, ортингга қайта қол. Энди сенга бошқа зиён етказмайман. Чунки бугун ҳаётим* сен учун қимматбаҳо эканини кўрдим+. Мен аҳмоқона йўл тутганимни ва катта хато қилганимни тан оламан»,— деб айтди.
22 Довуд қуйидагича деди: «Шоҳнинг найзаси менда. Йигитларингиздан бирортаси келиб, уни олиб кетсин.
23 Яҳова ҳар бир кишининг одиллиги ҳамда садоқатига яраша тақдирлайди+. Яҳова бугун сизни менинг қўлимга топширган эди, аммо мен Яҳованинг мойланганига қарши қўл кўтаришни истамадим+.
24 Бугун сизнинг ҳаётингиз мен учун қимматбаҳо бўлганидек, менинг ҳаётим ҳам Яҳованинг назарида қимматбаҳо бўлсин ва У мени барча бало-қазолардан асрасин»+.
25 Шоул унга: «Довуд, ўғлим, Худо сенга барака берсин. Сен албатта буюк ишларни қиласан ва албатта ғалаба қозонасан»+,— деди. Сўнг Довуд ўз йўлидан кетди. Шоул эса уйига қайтди+.