Шоҳлар биринчи китоб 4:1–22

  • Филистимликлар аҳд сандиғини қўлга киритади (1–11)

  • Элах ва унинг иккита ўғли ҳалок бўлади (12–22)

4  Шомуил Худонинг сўзини бутун Исроилга етказиб турди. Исроилликлар филистимликларга қарши жанг қилиш учун Эванзор яқинида қароргоҳ қуришди. Филистимликлар ҳам Офоқда қароргоҳ қуришди.  Улар Исроил халқига қарши жанг қилиш учун саф тортишди. Қаттиқ жанг бўлиб, филистимликлар исроилликларни мағлуб этишди. Улар жанг майдонида исроилликларнинг 4 000 аскарини қириб ташлашди.  Омон қолган аскарлар қароргоҳга қайтиб келишганда, Исроил оқсоқоллари: «Нега бугун филистимликлар бизни мағлуб қилишига Яҳова йўл қўйди*?+ Душманларимиз қўлидан бизни қутқариши ва ёнимизда бўлиши учун, Шилўдан Яҳованинг аҳд сандиғини+ олиб келайлик»,— дейишди.  Халқ Шилўга одам юбориб, карублар*+ устида*, тахтда ўтирган Қўшинлар Сарвари Яҳованинг аҳд сандиғини келтирди. Элахнинг икки ўғли Хўфнах билан Финхаз+, ҳақ Тангрининг аҳд сандиғини кўтариб келишди.  Яҳованинг аҳд сандиғини қароргоҳга келтиришганда, барча исроилликлар шундай ҳайқиришдики, ҳатто ер ларзага келди.  Филистимликлар шовқин-суронни эшитиб: «Нега ибронийларнинг қароргоҳидан ҳайқириқ овозлари эшитиляпти?» — дейишди. Кейин улар қароргоҳга Яҳованинг аҳд сандиғи олиб келинганидан хабар топишди.  Филистимликларни қўрқув босиб, шундай дея бошлашди: «Қароргоҳга Худо келибди!+ Энди шўримиз қурийди, бунақаси ҳали бўлмаган эди!  Шўримиз қурсин! Ҳайбатли Аллоҳнинг қўлидан ким бизни қутқаради? Ахир уларнинг Худоси саҳрода мисрликлар бошига офатлар ёғдириб, қириб ташлаган-ку!+  Эй филистимликлар, жасоратли ва мард бўлинглар! Акс ҳолда, ибронийлар бизга қул бўлганидек, биз уларга қул бўламиз+. Мардларча жанг қилинглар!» 10  Филистимликлар жанг қилиб, исроилликларни тор-мор этишди+, уларнинг ҳар бири ўз чодирига қочиб кетди. Кучли қирғин бўлди, исроилликларнинг 30 000 пиёда аскари ҳалок бўлди. 11  Бундан ташқари, Тангрининг сандиғи ҳам қўлдан кетди. Элахнинг икки ўғли Хўфнах билан Финхаз ҳам ўлдирилди+. 12  Бенямин қабиласидан бўлган бир киши жанг майдонидан қочиб, Шилўга борди. Унинг кийимлари йиртилган, бошига тупроқ сочилган эди+. 13  У етиб келганида, Элах ҳақ Худонинг сандиғини+ ўйлаб, юрагига ғулғула тушганча йўл ёқасида, курсида термулиб ўтирар эди. Ўша киши бўлиб ўтган воқеаларни айтиб бериш учун шаҳарга кирди. Шунда бутун шаҳар аҳолиси уввос тортиб йиғлай бошлади. 14  Элах дод-фарёдни эшитиб: «Бу нима шовқин?» — деб сўради. Ўша киши шоша-пиша келди-да, Элахга бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. 15  (Элах 98 ёшда эди ва у кўра олмайдиган бўлиб қолганди.)+ 16  У Элахга: «Мен жанг майдонидан келяпман. Мен у ердан бугун қочиб кетдим»,— деди. Элах ундан: «Ўғлим, нима бўлди?» — деб сўради. 17  Хабар келтирган киши: «Исроилликлар филистимликлардан қочишди, халқ катта талафот кўрди+. Икки ўғлингиз Хўфнах билан Финхаз ҳалок бўлди+. Ҳақ Тангрининг сандиғи ҳам қўлдан кетди»+,— деб айтди. 18  Ўша киши ҳақ Худонинг сандиғи ҳақида айтиши биланоқ, Элах дарвозанинг ёнида ўтирган курсисидан орқаси билан йиқилиб тушди. У кекса ва оғир бўлгани боис, бўйни синиб ўлиб қолди. Элах Исроилда 40 йил ҳакамлик қилди. 19  Унинг келини, Финхазнинг хотини ҳомиладор бўлиб, ой-куни яқинлашиб қолган эди. Ҳақ Тангрининг сандиғи олиб кетилгани, қайнатаси ва эри вафот этгани тўғрисида эшитганида, у букчайиб қолди ва кутилмаганда тўлғоқ тутиб туғди. 20  Унинг жони узилай деб турганда, олдидаги аёл: «Қўрқма, сен ўғил туғдинг»,— деди. Бироқ у жавоб ҳам қайтармади, эътибор ҳам бермади. 21  Ҳақ Худонинг сандиғи олиб кетилгани ҳамда қайнатаси билан эри вафот этгани сабабли+, у: «Улуғворлик Исроилдан олиб кетилди»+,— дея болага Ихабод*+ деб исм қўйди. 22  У: «Улуғворлик Исроилдан олиб кетилди, чунки ҳақ Тангрининг сандиғи қўлдан чиқарилди»+,— деди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «Нега Яҳова бизни мағлуб қилди».
Бошқа вариант «ўртасида».
Маъноси «улуғворлик қаерда?»