Шоҳлар биринчи китоб 5:1–12

  • Аҳд сандиғи филистимликлар юртида (1–12)

    • Дўғон камситилади (1–5)

    • Филистимликлар жазоланади (6–12)

5  Филистимликлар ҳақ Худонинг сандиғини қўлга киритиб+, уни Эванзордан Ашдодга олиб боришди.  Улар ҳақ Тангрининг сандиғини Дўғоннинг+ уйига* олиб кириб, Дўғоннинг ҳайкали ёнига қўйишди.  Ашдодликлар эртаси куни барвақт туриб қарашса, Дўғоннинг ҳайкали Яҳованинг сандиғи ёнида, ерда юзтубан йиқилиб ётган экан+. Улар Дўғоннинг ҳайкалини кўтариб жойига қўйишди+.  Кейинги куни ҳам улар эрталаб саҳар туриб қарашса, Дўғоннинг ҳайкали Яҳованинг сандиғи ёнида, ерда юзтубан йиқилиб ётган экан. Ҳайкалнинг боши ва иккала қўли кесиб ташланган ҳолда, остонада ётарди. Фақат гавдаси* бутун қолган эди.  Мана шу боис, Дўғоннинг руҳонийлари ҳамда Ашдоддаги Дўғоннинг уйига кирадиган барча кишилар бугунга қадар остонани босмасдан ҳатлаб ўтишади.  Яҳова ашдодликларни жазолади. У Ашдоддаги ва унинг ҳудудидаги одамларни бавосир* касаллигига+ йўлиқтириб, уларни хароб қилди.  Ашдод аҳолиси нима бўлаётганини кўриб: «Исроил Худосининг сандиғи орамизда қолмаслиги керак. Акс ҳолда У бизни ва худойимиз Дўғонни жазолайди»,— деб айтди.  Улар одам юбориб, филистимликларнинг ҳамма бекларини йиғишди ва улардан: «Исроил Худосининг сандиғини нима қилайлик?» — деб сўрашди. Беклар: «Сандиқни Гатга+ олиб боринглар»,— дейишди. Шундай қилиб, Исроил Худосининг сандиғини ўша ерга олиб кетишди.  Сандиқни ўша ерга олиб келишгач, Яҳова шаҳар аҳолисини қаттиқ саросимага солиб, жазолади. У шаҳар аҳолисини каттасидан тортиб кичигигача бавосир касаллигига йўлиқтирди+. 10  Шунда улар ҳақ Худонинг сандиғини Эхронга+ юборишди. Сандиқ ўша ерга олиб келиниши биланоқ, эхронликлар: «Бизни ва халқимизни ўлдириш учун, улар Исроил Худосининг сандиғини бизга олиб келишибди!»+ — дея дод сола бошлашди. 11  Улар одам юбориб, филистимликларнинг ҳамма бекларини йиғишди-да, уларга: «Исроил Худосининг сандиғини ўз жойига қайтариб юборинглар, бўлмаса ўзимиз ҳам, халқимиз ҳам қирилиб кетамиз»,— дейишди. Ҳақ Тангри уларни жазолагани учун бутун шаҳар аҳолиси ўлиб кетамиз, деб ваҳимага тушди+. 12  Тирик қолганлар эса бавосир касаллигига йўлиқди. Шаҳар аҳолиси осмонга қараб, ёрдам сўраб ёлворди.

Изоҳлар

Ёки «ибодатхонасига».
Ёки «балиқ кўринишдаги қисми».
Ёки «геморрой».