Шоҳлар биринчи китоб 9:1–27

  • Шомуил Шоул билан учрашади (1–27)

9  Бенямин қабиласидан Киш+ исмли киши бор бўлиб, у Абилнинг, Абил Зарорнинг, Зарор Бахуратнинг, Бахурат эса Офиёхнинг ўғли эди. Бенямин қабиласидан+ бўлган Киш жуда бой инсон эди. 2  Унинг Шоул+ исмли ёш ва чиройли ўғли бор бўлиб, исроилликлар орасида ундан чиройлироғи йўқ эди. Унинг бўйи шунчалик баланд эдики, халқ ичидан ҳамма одамлар унинг елкасидан келарди. 3  Бир куни Шоулнинг отаси Кишнинг эшаклари йўқолиб қолди ва у ўғлига: «Илтимос, хизматкорлардан бирини олгин-да, бориб эшакларни излаб топ»,— деб айтди. 4  Улар Эфрайим тоғли ҳудудини ҳамда Шолишо диёрини айланиб чиқиб, эшакларни топа олишмади. Шалим диёрини ҳам айланиб чиқишди, лекин эшаклар у ерда ҳам йўқ эди. Бенямин қабиласининг бутун ҳудудини айланиб чиқиб, у ердан ҳам топа олишмади. 5  Улар Зуф диёрига етиб келишганида, Шоул ёнидаги хизматкорига: «Кел, ортга қайта қолайлик, бўлмаса отам эшакларни қўйиб биздан хавотирлана бошлайди»+,— деб айтди. 6  Бироқ хизматкори унга: «Биласизми, мана бу шаҳарда ҳурмат қозонган Худонинг бир одами бор. У нимаики айтмасин, ҳаммаси тўғри бўлиб чиқади+. Юринг унинг олдига борайлик. Балки қаерга бориш кераклигини у бизга айтар»,— деб жавоб берди. 7  Шоул бўлса хизматкоридан: «Унинг олдига бўш қўл билан борамизми? Тўрваларимизда нон ҳам йўқ-ку. Ҳақ Тангрининг одамига берадиган ҳеч қандай ҳадямиз ҳам йўқ. Ўзи нимамиз қолган?» — деб сўради. 8  Хизматкори Шоулга: «Мана, менда кумуш танга* бор. Мен уни ҳақ Тангрининг одамига бераман ва у қайси томонга боришни бизга айтади»,— деб жавоб берди. 9  (Илгари Исроилда одамлар Аллоҳдан бирор нарса сўрамоқчи бўлса: «Юр, валийнинг+ олдига борамиз»,— дейишарди. Бугунги пайғамбарни илгари валий деб аташарди.) 10  Шунда Шоул хизматкорига: «Тўғри айтасан. Кетдик»,— деди. Сўнг улар шаҳарга, ҳақ Тангрининг одами олдига йўл олишди. 11  Улар шаҳарга кўтарилаётганда, сув тортгани кетаётган қизларга дуч келишди ва улардан: «Валийни+ қаердан топса бўлади?» — деб сўрашди. 12  Қизлар қуйидагича жавоб беришди: «Ҳув ана, олдингизда. Шошилинглар, у киши бугун шаҳарга келдилар, чунки халқ бугун тепаликда*+ қурбонлик келтиряпти+. 13  Ҳозироқ шаҳарга борсангиз, у кишини таом егани тепаликка кўтарилмасидан олдин учратасизлар. Чунки валий келиб қурбонликни дуо қилмагунча, халқ таом емайди. У дуо қилганидан кейин, таклиф қилинганлар таомни тановул қилишади. Тезроқ боринглар, у кишини учратасизлар». 14  Улар шаҳарга кўтарилишди. Шаҳарга киришганида, Шомуил уларга пешвоз чиқди. Шомуил уларни ўзи билан тепаликка олиб чиқмоқчи эди. 15  Шоул келишидан бир кун олдин, Яҳова Шомуилга қуйидагиларни айтган эди*: 16  «Эртага тахминан шу пайтда, сенинг олдингга Бенямин қабиласига тегишли ҳудуддан+ бир кишини жўнатаман. Халқим Исроилнинг раҳнамоси бўлиши учун уни мойла+ ва у халқимни филистимликлар қўлидан қутқаради. Халқим азоб чекаётганини кўрдим, уларнинг ноласи Менга етиб келди»+. 17  Шомуил Шоулни кўрганида, Яҳова унга: «Сенга: “Халқимни бошқаради*+”,— деган одам мана шу»,— деб айтди. 18  Шоул дарвоза олдига, Шомуилга яқинлашиб, ундан: «Кечирасиз, валийнинг уйи қаердалигини айта олмайсизми?» — деб сўради. 19  Шомуил Шоулга жавобан деди: «Валий менман. Олдимга ўтиб, тепаликка кўтарил. Бугун мен билан таом ейсан+. Эртага эрталаб сени кузатиб қўяман ва нимаики билмоқчи бўлсанг, ҳаммасини* айтиб бераман. 20  Уч кун олдин йўқолган эшакларга келадиган бўлсак+, улардан хавотир олма, улар топилди. Исроилдаги қимматбаҳо нарсаларнинг бари кимга тегишли? Улар сенга ва отангнинг бутун хонадонига тегишли эмасми?»+ 21  Шоул унга: «Мен Исроил қабилаларининг энг кичиги бўлмиш Бенямин қабиласиданман-ку+. Оилам ҳам, Бенямин қабиласининг оилалари ичида энг кичиги. Нега менга бундай гапларни айтяпсиз?» — деди. 22  Сўнг Шомуил Шоулни ва хизматкорини овқат тановул қилинадиган хонага олиб келди ва уларни тўрга ўтқазди. Таклиф қилинганлар 30 киши эди. 23  Шомуил ошпазга: «Сенга: “Алоҳида олиб қўй”,— деган улушни олиб кел»,— деб айтди. 24  Ошпаз сонни олиб келиб, Шоулнинг олдига қўйди. Шомуил унга: «Бу сенга аталган эди, шунинг учун олдингга қўйилди. Еявер, хизматкорларим мана шу фурсат учун уни сенга ажратиб қўйишган эди. Чунки мен уларга: “Меҳмонларни таклиф қилдим”,— деб айтган эдим»,— деди. Ўша куни Шоул Шомуил билан таом еди. 25  Кейин улар тепаликдан+ шаҳарга тушишди. Улар уйнинг томига* чиқишди ва Шомуил у билан суҳбатини давом эттирди. 26  Улар саҳар туришди ва кун ёришганда, Шомуил Шоулни уйнинг томига чақириб: «Ҳозирлигингни кўравер, сени кузатиб қўяман»,— деди. Шоул йўлга ҳозирлик кўриб бўлгач, иккаласи ҳам уйдан чиқди. 27  Улар шаҳардан чиқишганида Шомуил Шоулга: «Хизматкорингга+ айт, олдинроқ юрсин»,— деди ва хизматкори буюрилганидай қилди. Шоулга эса: «Сен бўлса тўхтаб тур. Сенга Аллоҳнинг сўзини етказаман»,— деди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «чорак шекел кумуш». Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Топиниш учун махсус жой.
Сўзма-сўз «Шомуилнинг қулоғини очган эди».
Ёки «жиловлаб туради».
Сўзма-сўз «юрагингда борини».
У вақтларда уйларнинг томи текис бўлгани учун, одамлар томда меҳмон қабул қилишар, вақт ўтказишар ва ҳатто ухлашарди.