Коринфликларга йўлланган иккинчи мактуб 9:1–15

  • Эҳсон яхши ният билан берилиши лозим (1–15)

    • «Аллоҳ қувонч билан берганни севади» (7)

9  Муқаддас кишиларга хизмат қилишга келсак+, бу ҳақда ёзишимга аслида ҳожат йўқ. 2  Боиси, ёрдам беришга тайёр эканингизни билганим учун, македонияликларга Ахаядагилар бир йилдан буён тайёр туришибди деб, сизлар билан мақтаниб юрибман. Сизларнинг ғайратингиз уларнинг аксариятини ҳаракатга солди. 3  Бироқ сизлар билан мақтанганимиз қуруқ сўз бўлиб чиқмаслиги учун ва худди айтганимдай, тайёр туринглар деб, олдингизга биродарларни жўнатяпман. 4  Акс ҳолда македониялик биродарлар мен билан бирга бориб, тайёр эмаслигингизни кўришса, тағин сизлар ҳам, сизларга шунчалик ишонган биз ҳам уятга қолмайлик. 5  Шу сабабли биродарларни биздан аввал боришга ундадим. Улар ўзларингиз сахийлик билан беришни ваъда қилган эҳсонингизни зўрлаб олинган нарса каби эмас, сахийлик билан берилган нарса сингари олдиндан тайёрлаб қўйишади. 6  Бунга нисбатан шуни айтмоқчиман: қизғаниб эккан, оз ўриб олади, сахийлик билан эккан эса мўл ўриб олади+. 7  Ҳар бир инсон норози бўлиб ёки мажбурият юзасидан эмас, балки кўнглида ният қилганини берсин+. Чунки Аллоҳ қувонч билан берганни севади+. 8  Бундан ташқари, Худо Ўзининг мўл-кўл иноятини устингизга ёғдиришга қодир. Шу йўсин сизлар доим барча зарурий нарсаларга эга ва хайрли ишларга бой бўласизлар+. 9  (Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: «У сахийлик билан тарқатади, ночорлар билан бўлишади. Унинг одиллиги тоабад бор бўлади»+. 10  Деҳқонга уруғни, ейдиганга нонни берган Аллоҳ, сизларга экиш учун уруғни мўл-кўл қилиб беради ҳамда одиллигингизнинг самарасини орттиради.) 11  Ҳар жиҳатдан сахийликни намоён этишингиз учун, Тангри сизларга ҳар томондан барака ато этяпти. Бизнинг саъй-ҳаракатимиз орқали бундай сахийлик инсонларни Худога шукроналар айтишга ундамоқда. 12  Негаки бу хизматингиз нафақат муқаддас кишиларнинг эҳтиёжларини ошиғи билан қондириши+, балки Аллоҳга кўпдан-кўп миннатдорчиликлар келтириши лозим. 13  Улар ушбу хизматнинг самарасини кўриб, сизлар очиқдан-очиқ эълон қилаётган Масиҳ ҳақидаги хушхабарга итоаткорлигингиз учун ҳамда уларга ва бошқаларга сахийлик билан берган хайр-эҳсонингиз учун Худони улуғлашмоқда+. 14  Тангрининг сизларга кўрсатган чексиз иноятидан хабардор бўлган ҳолда, улар сизларни севишини билдириб, сизлар учун Худога илтижо қилишяпти. 15  Сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳадяси учун Аллоҳга шукрлар бўлсин!

Изоҳлар