Солномалар иккинчи китоб 19:1–11

  • Ёҳу Ёҳушафатга танбеҳ беради (1–3)

  • Ёҳушафатнинг ислоҳотлари (4–11)

19  Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Қуддусдаги ўз саройига эсон-омон қайтиб келди+.  Ваҳийлар айтиб берувчи Хониннинг+ ўғли Ёҳу+ шоҳ Ёҳушафатни қарши олгани чиқиб, шундай деди: «Ёвузларга ёрдам бериб+, Яҳовадан нафратланадиган кишиларни яхши кўришингиз тўғрими?+ Шу сабабли, Яҳова сиздан ғазабланди.  Бироқ Худо сизда яхшилик ҳам топди+. Сиз юртдаги муқаддас устунларни йўқ қилдингиз ва Аллоҳни излаш учун қалбингизни тайёрладингиз*+».  Ёҳушафат Қуддусда яшар эди. У, Бэршэвадан Эфрайим тоғли ҳудудига+ қадар яшовчи халқни ота-боболарининг Тангриси Яҳовага қайтариш учун яна ўша ерларни кезиб чиқди+.  Шоҳ бутун Яҳудо юрти бўйлаб ҳар бир мустаҳкам шаҳарда ҳакамлар тайинлаб+,  уларга шундай деди: «Ўз ишингизга эътиборли бўлинглар! Зеро, сизлар одамнинг эмас, Яҳованинг номидан ҳакамлик қиласизлар. Ҳукм чиқарганингизда, У сизлар билан бўлади+.  Яҳовадан қўрқиб+, орқа-олдингизни ўйлаб иш тутинглар. Чунки Худовандимиз Яҳова адолатсизлик+, юзхотирчилик+ ва порахўрликка+ тоқат қилмайди!»  Қуддусда ҳам Ёҳушафат левилар, руҳонийлар ва Исроил хонадонлари бошларидан айримларини ҳакамлар этиб тайинлади. Улар Яҳованинг номидан ҳакамлик қилиб, Қуддус аҳолисининг ҳуқуқий масалаларини ҳал қилишарди+.  Шоҳ уларга шундай деб буюрди: «Яҳовадан қўрқиб, ўз вазифангизни садоқат билан, сидқидилдан бажаринглар. 10  Ўз шаҳарларида яшаётган биродарларингиз қон тўкиш+, қонун-қоида, амр ёки ҳукмга оид ҳуқуқий масалалар бўйича сизларга мурожаат этганда, Яҳованинг олдида айбдор бўлиб қолмасликлари учун уларни огоҳлантиринглар. Йўқса, сиз ва биродарларингизга Худонинг қаҳри келади. Шундай йўл тутсангиз, айбдор бўлмайсизлар. 11  Яҳованинг ишлари учун бош руҳоний+ Эмориё, шоҳнинг ишлари учун Яҳудо хонадони бошчиси Исмоилнинг ўғли Забадиё бош этиб тайинланади. Левилар сизлар учун назоратчи бўлиб хизмат қилишади. Дадил бўлиб, ишга киришинглар. Илоё, яхшилик қилувчиларга Яҳова ёр бўлсин!»+

Изоҳлар

Ёки «қалбингизда қарор қилдингиз».