Солномалар иккинчи китоб 20:1–37

  • Қўшни халқлар Яҳудога қарши чиқади (1–4)

  • Ёҳушафат Худодан ёрдам сўрайди (5–13)

  • Яҳованинг жавоби (14–19)

  • Яҳудо мўъжизавий тарзда қутқарилади (20–30)

  • Ёҳушафат бошқарувининг якуни (31–37)

20  Бундан сўнг мўабликлар+, оммонликлар+ ва оммонимларнинг* айримлари биргалашиб Ёҳушафатга қарши уруш қилишга келишди.  Ёҳушафатга: «Денгиз* томондан, Эдомдан+, сизга қарши буюк оломон келмоқда. Улар ҳозир Хазазон-Тамарда, яъни Эн-Гедида+»,— деган хабар келди.  Ёҳушафат қўрқиб кетди ва Яҳовани излашга қатъий қарор қилди+. У бутун Яҳудода рўза эълон қилди.  Яҳудо халқи Яҳовадан мадад сўраш ниятида бирга йиғилди+. Улар Яҳовадан йўл-йўриқ сўраш учун, Яҳудонинг барча шаҳарларидан келишди.  Кейин Ёҳушафат Яҳованинг уйидаги янги ҳовлида, Яҳудо ва Қуддус жамоати олдида туриб,  деди: «Эй, ота-боболаримиз Худоси Яҳова! Сен самодаги ягона Аллоҳсан!+ Халқларнинг барча шоҳликлари устидан Сен бошқарасан+. Куч-қудрат ҳам Сенинг қўлингда. Сенга ҳеч ким қарши тура олмайди!+  Эй Тангримиз, ахир Сен бу юрт аҳолисини Исроил халқинг олдидан ҳайдаб, юртни дўстинг Иброҳим зурриётига* абадий мулк қилиб бердинг-ку!+  Улар у ерга жойлашиб, исмингга атаб маъбад қуришди+ ва шундай дейишди:  “Борди-ю, биз бирор бир фалокатга — қилич, ҳукм, ўлат ёки очарчиликка дуч келсак, бу уй олдида, Сенинг ҳузурингда туриб (чунки бу уй Сенинг исмингга аталган)+, азоб чекканимизда Сендан ёрдам сўраб илтижо қилсак, бизни эшитиб, қутқаргин”+. 10  Энди оммонликлар, мўабликлар ва Сеир+ тоғли ҳудудида яшовчиларнинг ишига қара. Исроилликлар Миср юртидан чиққач, Сен Ўз халқингга уларнинг ерларини босиб олишга йўл қўймаган эдинг. Исроилликлар ўша юртларни айланиб ўтиб, уларни йўқ қилишмаган эди+. 11  Энди эса, улар яхшиликка ёмонлик қайтариб, Сен бизга мерос сифатида берган юртдан бизни ҳайдаб юборишмоқчи+. 12  Эй Тангримиз, Сен уларни жазога тортмайсанми?+ Ахир, устимизга бостириб келаётган бу улкан оломон олдида кучсизмиз-ку! Нима қилишни билмаймиз+, кўзларимизни Сенга тикиб турибмиз»+. 13  Бу пайтда, бутун Яҳудо эркаклари ўз хотинлари ва бола-чақалари билан Яҳованинг олдида турар эди. 14  Шунда жамоат орасида турган Осиф наслидан бўлган леви Яхазиёлга Яҳованинг руҳи тушди. У Закариёнинг, Закариё Бинаёнинг, Бинаё Явиёлнинг, Явиёл Маттаниёнинг ўғли эди. 15  У қуйидагича деди: «Эй, шоҳ Ёҳушафат, Яҳудо ва Қуддус халқи, қулоқ солинглар! Яҳова шундай демоқда: “Бу улкан оломондан қўрқманглар, ваҳимага тушманглар. Зеро, бу жанг сизники эмас, Худоникидир!+ 16  Эртага уларга қарши чиқинглар. Улар Зиз довони орқали келишади. Сизлар Ярубол саҳроси ёнида, водийнинг четида уларга дуч келасизлар. 17  Бу урушда сизлар жанг қилмайсизлар. Ўз ўрнингизни эгаллаб, тик туринг+ ва Яҳова сизларни қандай халос этишини кузатинг+. Эй, Яҳудо ва Қуддус, қўрқманглар, ҳечам даҳшатга тушманглар+. Эртага уларга қарши чиқинглар, Яҳова сизлар билан бўлади!”+» 18  Ёҳушафат шу заҳоти ергача эгилиб таъзим қилди, бутун Яҳудо ва Қуддус аҳолиси ҳам Яҳова олдида юзтубан тиз чўкиб, Яҳовага сажда қилишди. 19  Сўнг Қоҳот+ ва Кўрах авлодларидан бўлган левилар ўринларидан туриб, баланд овозда Исроил Худоси Яҳовага ҳамду санолар айтишди+. 20  Эртасига улар барвақт туриб, Тахува+ саҳросига йўл олишди. Улар кетишаётганда, Ёҳушафат уларнинг олдида туриб: «Эй, Яҳудо ва Қуддус аҳолиси, менга қулоқ солинг! Тангрингиз Яҳовага ишонинг, шунда бардам бўла оласиз! Унинг пайғамбарларига ишонинг+, шунда муваффақиятга эришасиз!» — деди. 21  Ёҳушафат халқ билан маслаҳатлашгач, муқаддас либосларда Яҳовага атаб қўшиқ куйлайдиган одамлар тайинлади+. Улар қуролланган аскарлар олдига тушиб: «Яҳовага шукрона айтинг! Зеро, Унинг меҳр-садоқати абадий бор бўлади!»+ — дея Худога ҳамду сано айтишарди. 22  Улар қувонч ила мадҳлар куйлай бошлаганда, Яҳова Яҳудо юртини босиб олмоқчи бўлган оммонликлар, мўабликлар ҳамда Сеир тоғли ҳудудида яшовчиларга қарши пистирма қўйди ва улар бир-бирини қира бошлашди+. 23  Оммонликлар билан мўабликлар Сеир+ тоғли ҳудудида яшовчиларга ҳужум қилиб, уларни қириб ташлашди. Сеир аҳолисини йўқ қилгач, бир-бирларини ўлдиришди+. 24  Яҳудоликлар саҳродаги+ қўриқчи минорасига келиб, душман томонга қарашди ва уларнинг ҳаммаси ерда ўлиб ётганини кўришди+. Ҳеч бири омон қолмаган эди. 25  Кейин Ёҳушафат ва унинг халқи ўлжани қўлга киритиш учун боришди ва анчагина мол-мулк, кийим-кечак ҳамда қимматбаҳо буюмлар топишди. Улар ўзларига шунча кўп нарса олишдики, ҳатто кўтариб кетишга кучлари етмади+. Ўлжа жуда кўплигидан, уни уч кун ташишди. 26  Тўртинчи куни улар Барака водийсида йиғилишди ва Яҳовага мадҳлар айтишди. Мана шу сабабли, у жойни Барака водийси+ деб аташди ва у бугунги кунга қадар шундай номланади. 27  Бундан кейин, бутун Яҳудо ва Қуддус аҳолиси Ёҳушафат бошчилигида, Яҳова уларнинг душманлари устидан ғалаба бергани учун Қуддусга хурсанд бўлиб қайтишди+. 28  Улар торли асбоблар, арфалар+ ва карнайлар+ садоси остида Қуддусга, Яҳованинг уйига+ келишди. 29  Яҳова Исроилнинг душманларига қарши жанг қилгани ҳақида эшитиб, Аллоҳдан келган қўрқув барча шоҳликларни қамраб олди+. 30  Шу йўсин, Ёҳушафатнинг шоҳлигида тинчлик-осойишталик ҳукм сурди ва унинг Худоси ҳар томондан унга тинчлик берди+. 31  Ёҳушафат Яҳудода ҳукмронлик қилишда давом этди. У 35 ёшда тахтга ўтириб, Қуддусда 25 йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Озибах бўлиб, у Шилхининг қизи эди+. 32  Ёҳушафат отаси Осонинг+ йўлидан оғмай юриб, Яҳованинг назарида тўғри ишлар қилди+. 33  Бироқ тепаликлар йўқ қилинмаган эди+. Халқ ота-боболарининг Худосини излаш учун ҳамон қалбини тайёрламаган эди+. 34  Ёҳушафатнинг ҳаёти Хонин+ ўғли Ёҳунинг+ ёзувларида бошдан охиригача келтирилган. Бу ёзувлар Исроил шоҳлари ҳақидаги китобда баён этилган. 35  Бундан сўнг, Яҳудо шоҳи Ёҳушафат ёмон ишларга қўл урган Исроил шоҳи Охазиё+ билан иттифоқ тузди. 36  Ёҳушафат у билан бирлашиб, Таршишга+ борадиган кемалар қурди. Улар кемаларни Эзйўн-Геберда+ қуришди. 37  Аммо моришолик Дўдаваҳу ўғли Элиазар Ёҳушафатга қарши башорат қилиб: «Охазиё билан иттифоқ тузганингиз учун, Яҳова ишларингизни барбод қилади»+,— деди. Шундай қилиб, кемалар ҳалокатга учраб+, Таршишга бора олмади.

Изоҳлар

Бошқа вариант «Мавун халқидан».
Эҳтимол, Ўлик денгиз.
Сўзма-сўз «уруғига».