Солномалар иккинчи китоб 25:1–28

  • Яҳудо шоҳи Эмозиё (1–4)

  • Эдомга қарши жанг (5–13)

  • Эмозиёнинг бутпарастлиги (14–16)

  • Исроил шоҳи Йўшга қарши жанг (17–24)

  • Эмозиёнинг ўлими (25–28)

25  Эмозиё тахтга ўтирганида 25 ёшда эди ва Қуддусда 29 йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Ёҳуваддон бўлиб, қуддуслик эди+.  Эмозиё Яҳованинг назарида тўғри ишлар қилиб яшаса-да, сидқидилдан хизмат қилмади.  У ҳукмронликни тўлиқ ўз қўлига олгач, шоҳни, яъни отасининг жонига қасд қилган хизматкорларни ўлдирди+.  Лекин у Мусонинг Таврот китобида: «Оталар ўғилларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, ўғиллар ҳам оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин. Инсон фақатгина ўзининг гуноҳи учун ўлдирилсин»+,— деб ёзилган Яҳованинг амрига биноан, уларнинг ўғилларини ўлдирмади.  Эмозиё яҳудийларни бир ерга тўплади. У Яҳудо ва Бенямин қабилаларини юзбоши ҳамда мингбошиларнинг бошчилиги остида хонадонлари бўйича ажратди+. У 20 ва ундан юқори ёшдагиларни рўйхатга олди+. Ҳарбий хизматга яроқли, найзаю катта қалқон кўтарган сара жангчилар сони 300 000 нафарни ташкил этди.  Бундан ташқари, 100 талант* кумушга Исроилдан 100 000 та қудратли жангчини ёллади.  Бироқ унинг олдига Аллоҳнинг одами келиб, деди: «Эй шоҳим, Исроил қўшини сиз билан боришига йўл қўйманг. Чунки Яҳова Исроил билан ҳам, эфрайимликлар билан ҳам эмас+.  Жангга ўзингиз боринг ва жасоратли бўлинг. Акс ҳолда, ҳақ Худо душманларингиз сизни мағлуб қилишига йўл қўяди. Зеро, Тангри ҳам ёрдам бериш, ҳам мағлуб этиш қудратига эга»+.  Эмозиё Аллоҳнинг одамига жавобан: «Ахир мен Исроил қўшинига 100 талант тўладим-ку!» — деди. Аллоҳнинг одами эса: «Яҳова сизга бундан-да кўпроғини беради»+,— деб айтди. 10  Шунда Эмозиё Эфрайимдан келган қўшинга рухсат бериб, уларни уй-уйига жўнатиб юборди. Улар яҳудоликлардан қаттиқ ғазабланиб, жаҳл устида уйларига қайтиб кетишди. 11  Кейин Эмозиё жасоратга тўлиб, қўшинни Туз водийсига+ бошлаб кетди ва ўша ерда 10 000 нафар Сеир одамларини ўлдирди+. 12  Яҳудоликлар 10 000 кишини тириклайин қўлга олишди. Уларни қояга олиб чиқиб, пастга улоқтиришди, уларнинг бари ҳалок бўлди. 13  Эмозиё ўзи билан жангга олиб бормай+, орқага қайтариб юборган жангчилар Яҳудо шаҳарларига — Самариядан+ то Байт-Хўронгача+ ҳужумлар уюштириб, 3 000 кишини қириб ташлашди ва анчагина ўлжани олиб кетишди. 14  Эмозиё эдомликларни ер тишлатиб қайтгач, ўзи билан Сеир аҳолисининг худоларини олиб келди. Уларни ўзига худолар қилиб олиб+, сажда қила бошлади, шунингдек, уларга қурбонлик куйдириб тутатди. 15  Яҳованинг Эмозиёга қаҳр-ғазаби қайнаб, унинг олдига пайғамбар юборди ва у шоҳга: «Нега ўз халқини сизнинг қўлингиздан қутқара олмаган халқларнинг худоларига сиғиниб юрибсиз?»+ — деди. 16  Пайғамбар гапириб турганида, шоҳ унга: «Сени шоҳга маслаҳатчи қилиб тайинлаганмидик?!+ Бўлди, бас қил!+ Нима, ўлишни истайсанми?» — деди. Шунда пайғамбар: «Бу ишингиз ва маслаҳатимга қулоқ солмаганингиз учун+ Худо сизни яксон қилмоқчи эканини биламан»,— деди-да, бошқа гапирмади. 17  Яҳудо шоҳи Эмозиё маслаҳатчилари билан кенгашиб олгач, Исроил шоҳи Ёҳунинг невараси Ёҳухоз ўғли Йўшга хабар юбориб, унга: «Кел, жанг қиламиз»+,— деди. 18  Исроил шоҳи Йўш бўлса, Яҳудо шоҳи Эмозиёга шундай хабар юборди: «Ливандаги тиканли ўт Ливандаги кедр дарахтига: “Қизингни ўғлимга хотинликка бер”,— деб айтибди. Аммо Ливандаги йиртқич ҳайвон ўтиб кетаётиб, тиканли ўтни топтаб ташлабди. 19  Сен: “Мен Эдомни йўқ қилдим”+,— дея шуҳрат қозонишни истаб, мағрурланиб кетдинг. Лекин уйингда ўтиравер. Нега энди Яҳудо халқини ҳам ўзингга қўшиб кулфатга дучор қилмоқчисан?!» 20  Лекин Эмозиё унга қулоқ солмади+. Чунки бу Аллоҳнинг хоҳиши эди. Улар Эдом худоларига эргашгани учун+, Худо уларни душман қўлига топширмоқчи эди+. 21  Шу боис, Исроил шоҳи Йўш жангга отланди. У Яҳудо шоҳи Эмозиё билан Яҳудонинг Байт-Шамаш+ шаҳрида тўқнашиб, ўша ерда жанг қилди. 22  Исроил Яҳудони мағлуб қилди ва ҳар бири ўз уйига тумтарақай бўлди. 23  Исроил шоҳи Йўш, Ёҳухознинг* невараси Йўшнинг ўғлини — Яҳудо шоҳи Эмозиёни Байт-Шамашда асир қилиб, Қуддусга олиб келди. Йўш Эфрайим дарвозасидан+ то Бурчак дарвозасигача+ Қуддус деворининг 400 тирсак* жойини бузди. 24  У Обид-Эдом назорати остидаги ҳақ Тангрининг уйидан ва шоҳ саройининг ғазнасидан топилган барча олтин, кумуш ва бошқа буюмларни+, шунингдек, одамларни гаровга олиб Самарияга қайтди. 25  Яҳудо шоҳи Йўшнинг ўғли Эмозиё+, Исроил шоҳи Ёҳухоз ўғли Йўш ўлганидан кейин+, яна 15 йил яшади+. 26  Эмозиёнинг ҳаёти Яҳудо ва Исроил шоҳлари ҳақидаги китобда бошдан охиригача баён этилган. 27  Эмозиё Яҳовадан юз ўгирган вақтда, Қуддусда унга қарши фитна уюштирилди+ ва у Лахишга қочиб кетди. Аммо Эмозиёнинг орқасидан Лахишга одам юбориб, уни ўша ерда ўлдиришди. 28  Уни от-аравада қайтариб олиб келишди ва Яҳудо шаҳрида, ота-боболари ёнига дафн этишди.

Изоҳлар

Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Бошқа исми «Охазиё».