Солномалар иккинчи китоб 30:1–27

  • Ҳизқиё Фисиҳ байрамини нишонлайди (1–27)

30  Ҳизқиё бутун Исроил+ ва Яҳудо халқига хабар юборди. У ҳатто Эфрайим билан Манаше+ қабилаларига мактублар ёзиб, Исроил Худоси Яҳовага бағишланган Фисиҳ байрамини нишонлаш учун Қуддусга, Яҳованинг уйига таклиф қилди+.  Аммо шоҳ, унинг беклари ва Қуддусдаги бутун жамоат Фисиҳ байрамини иккинчи ойда нишонлашга қарор қилишди+.  Ўзини поклаган руҳонийлар етарли бўлмагани+ ва халқ Қуддусда ҳали тўпланмагани учун, улар байрамни ўз вақтида+ нишонлай олишмади.  Ушбу қарор ҳам шоҳга, ҳам бутун жамоатга маъқул келди.  Шу йўсин, улар халқ Қуддусга келиб, Исроил Тангриси Яҳовага атаб Фисиҳ байрамини нишонлаши учун Бэршэвадан Дангача+, Исроил бўйлаб хабар юборишга қарор қилишди. Чунки халқ Фисиҳни Тавротга биноан биргалашиб нишонламай қўйган эди+.  Сўнг шоҳнинг буйруғига кўра, чопарлар шоҳ ва бекларининг мактубларини олишди-да, бутун Исроил ҳамда Яҳудо юртларига етказиб, шундай жар солишди: «Эй, Исроил халқи, Иброҳим, Исҳоқ ва Исроил Худоси Яҳовага қайтинг! Шунда У сизларга, Оссурия+ шоҳларининг қўлидан омон қолганларга қайтади.  Ота-боболарингиз ва қариндошларингиз каби бўлманг! Улар ота-боболарининг Тангриси Яҳовага бевафолик қилишган эди. Ўзингиз кўриб турганингиздай, Худо уларни ҳалокатга дучор қилди+.  Ота-боболарингизга ўхшаб ўжар бўлманг!+ Яҳовага бўйсунинг ва У тоабад муқаддас қилган маъбадига келиб+, Аллоҳингиз Яҳовага хизмат қилинг. Шунда Унинг сизга қарши аланга олган ғазаби босилади+.  Яҳовага қайтсангиз, ака-укаларингиз ва ўғилларингизни асир қилиб олиб кетганлар уларга раҳм-шафқат кўрсатиб+, бу юртга қайтишга изн беришади+. Ахир Худойингиз Яҳова раҳмдил ва шафқатлидир!+ Унга қайтсангиз, У сиздан юз ўгирмайди»+. 10  Шундай қилиб, чопарлар Эфрайим билан Манаше+ ерларида шаҳарма-шаҳар юриб, Забулунгача боришди. Аммо халқ уларнинг устидан кулиб, масхара қилди+. 11  Бироқ Ошер, Манаше ва Забулун қабиласидан баъзилар бўйин эгиб, Қуддусга келишди+. 12  Ҳақ Тангри Яҳудо халқига ёр бўлиб, шоҳнинг ва бекларнинг буйруқларини бажаришсин дея уларни бирлаштирди. Бу буйруқларни Яҳованинг Ўзи берган эди. 13  Иккинчи ойда+ Хамиртурушсиз нон байрамини+ нишонлаш учун Қуддусда кўпгина одамлар йиғилди. Байрамга беҳисоб халқ тўпланди. 14  Улар Қуддусдаги сохта худоларнинг қурбонгоҳларини+ ва тутатқи қурбонгоҳларининг барини+ олиб чиқиб, Қидрон водийсига улоқтириб юборишди. 15  Иккинчи ойнинг 14- куни улар Фисиҳ қурбонлигини сўйишди. Руҳонийлару левилар хижолат тортиб, ўзларини поклашди ва Яҳованинг уйига куйдириладиган қурбонликлар олиб келишди. 16  Улар ҳақ Худонинг одами Мусонинг Таврот китобида ёзилганларга биноан ўз жойларини эгаллашди. Сўнгра руҳонийлар левилар олиб келган қонни қурбонгоҳга сачратишди+. 17  Жамоат орасида ўзини покламаганлар кўп эди. Барча нопок бўлганларни Яҳованинг назарида пок қилиш учун, левиларга Фисиҳ қурбонликларини сўйиш топширилди+. 18  Кўпчилик, айниқса Эфрайим, Манаше+, Иссахор ва Забулун қабиласидан бўлганлар ўзларини покламаган эди. Бироқ улар Тавротда ёзилганларга зид равишда Фисиҳ қурбонлигидан ейишди. Ҳизқиё улар учун ибодат қилиб, шундай деди: «Меҳрибон+ Яҳова уларни кечирсин! 19  Муқаддаслик қоидалари бўйича ўзини покламаган бўлса-да+, ота-боболарининг ҳақ Тангриси Яҳовани излаш учун қалбини тайёрлаган+ ҳар бир одамни У кечирсин». 20  Яҳова Ҳизқиёнинг ибодатини эшитиб, халқни афв этди. 21  Қуддусдаги исроилликлар Хамиртурушсиз нон байрамини+ етти кун давомида катта хурсандчилик билан+ нишонлашди ва левилару руҳонийлар ҳар куни Яҳова учун мусиқа асбобларини чалиб, Яҳовани мадҳ этишди+. 22  Ҳизқиё Яҳовага хизматини донолик ила бажарган левиларнинг ҳаммаси билан гаплашиб, уларга далда берди. Бутун халқ етти кун мобайнида байрам таомларини еди+, тинчлик қурбонликларини келтирди+ ва ота-боболарининг Худоси Яҳовага шукроналар айтди. 23  Сўнг бутун жамоат яна етти кун байрам қилмоқчи бўлди. Шу йўсин, улар яна етти кун қувонч ила байрам нишонлашди+. 24  Яҳудо шоҳи Ҳизқиё жамоат учун 1 000 та буқа ва 7 000 та қўй, беклар эса 1 000 та буқа ва 10 000 та қўй беришди+. Кўпгина руҳонийлар ўзларини поклашди+. 25  Бутун Яҳудо жамоати, руҳонийлару левилар, Исроилдан келган бутун жамоат, шунингдек, Исроилдан келган+ ҳамда Яҳудода яшовчи мусофирлар+ хурсандчиликни давом эттиришди. 26  Қуддусда улкан шодлик ҳукм сурди. Исроил шоҳи Довуднинг ўғли Сулаймон давридан бери Қуддусда бундай байрам бўлмаган эди+. 27  Охири леви руҳонийлар туриб, халқни дуо қилишди+. Аллоҳ уларнинг овозини эшитди ва дуолари Унинг муқаддас масканига, самоларгача етиб борди.

Изоҳлар