Солномалар иккинчи китоб 35:1–27

  • Йўшиё Фисиҳ байрамини уюштиради (1–19)

  • Йўшиё Миср шоҳи Нехони ўлдиради (20–27)

35  Йўшиё Қуддусда Яҳовага атаб Фисиҳ байрамини+ нишонлади. Биринчи ойнинг 14- куни+ улар Фисиҳ қурбонлигини сўйишди+. 2  Шоҳ руҳонийларни ўз вазифаларига тайинлаб, Яҳованинг уйида хизматларини ўташга ундади+. 3  Кейин у Яҳованинг назарида муқаддас бўлган ва бутун Исроилга таълим берадиган левиларга+ деди: «Муқаддас сандиқни Исроил шоҳи Довуднинг ўғли Сулаймон бунёд этган уйга қўйинглар+. Бундан буён уни елкангизда кўтариб юришингизга ҳожат йўқ+. Энди Худойингиз Яҳовага ва Унинг халқи Исроилга хизмат қилинглар. 4  Исроил шоҳи Довуд ва ўғли Сулаймон берган йўл-йўриққа кўра+, хонадонларингиз ва гуруҳларингиз+ бўйича хизмат қилишга тайёрланинглар. 5  Халқнинг — биродарларингизнинг хонадонлари* сони бўйича гуруҳларга бўлиниб, муқаддас жойдаги ўз ўрнингизга келиб туринглар. Халқнинг ҳар бир хонадонига левилар хонадонларининг битта гуруҳи тўғри келиши лозим. 6  Фисиҳ қурбонлигини сўйиб+, ўзингизни покланглар* ва биродарларингизга хизмат қилишга тайёр бўлинглар. Шунда Яҳованинг Мусо орқали берган амрини бажара оласизлар». 7  Йўшиё Фисиҳ байрамида халқ учун 30 000 қўй-эчки, яъни эркак қўзилару ёш такалар, шунингдек, 3 000 қорамолни қурбон қилди. Шоҳ уларни ўз мол-мулкидан берди+. 8  Йўшиёнинг беклари халқ, руҳонийлар ва левилар учун ихтиёрий назрлар келтиришди. Ҳақ Худо уйининг бошқарувчилари Хилқиё+, Закариё ва Ёхиёл руҳонийларга Фисиҳ байрамида қурбонликка келтириш учун 2 600 та қўй-эчки ва 300 та қорамол беришди. 9  Левилар бошлиқлари Хонаниё, унинг ака-укалари Шамаё билан Натанил ҳамда Хашавиё, Явиёл ва Йўзабад левиларга Фисиҳ байрамида қурбонликка келтириш учун 5 000 та қўй-эчки ва 500 та қорамолни эҳсон қилишди. 10  Байрамга ҳозирлик кўриб бўлингач, шоҳ буюрганидай, руҳонийлар ўз ўринларини, левилар ҳам гуруҳлари бўйича+ ўз ўринларини эгаллашди. 11  Сўнг улар Фисиҳ қурбонликларини сўя бошлашди+. Руҳонийлар левилар олиб келган қонни қурбонгоҳга сачратишди+. Бу орада, левилар молларнинг терисини шилиб туришди+. 12  Кейин улар, Мусонинг Таврот китобига кўра, хонадонлари бўйича гуруҳларга бўлинган халқ Яҳовага тортиқ этиши учун куйдириладиган қурбонликларни тайёрлашди. Қорамол билан ҳам шундай қилишди. 13  Улар Фисиҳ қурбонлигини одат бўйича оловда пиширишди*+. Муқаддас назрларни катта-кичик қозонлар ва товаларда пишириб, тезда халққа тарқатишди. 14  Кейин левилар ўзлари ва руҳонийлар учун Фисиҳ қурбонлигини тайёрлашди, чунки Ҳоруннинг авлодлари бўлмиш руҳонийлар куйдириладиган қурбонликлар ва ёғларни куйдириш билан кечгача банд бўлишди. Шу боис, левилар ўзлари ҳамда Ҳоруннинг авлодлари бўлмиш руҳонийлар учун таом тайёрлашди. 15  Довуд+, Осиф+, Хаман, шунингдек, шоҳга ваҳийлар айтиб берувчи Ёдутуннинг+ буйруғига биноан, Осиф+ авлодидан бўлган қўшиқчилар ўз ўринларини эгаллашди. Дарвозабонлар ҳам турли дарвозалар олдида туришди+. Улар ўз вазифаларини тўхтатиб туришларига ҳожат бўлмади, чунки леви биродарлари улар учун Фисиҳ таомини тайёрлашди. 16  Шу тариқа, ўша куни шоҳ Йўшиёнинг амрига кўра+, Фисиҳ байрамини нишонлаш+ ва Яҳованинг қурбонгоҳида куйдириладиган қурбонликлар келтириш учун Яҳова талаб қилган барча нарса ҳозирланди. 17  Бу ерда йиғилган исроилликлар ўша вақтда Фисиҳ байрамини нишонлашди, кейин эса етти кун Хамиртурушсиз нон байрамини ўтказишди+. 18  Шомуил пайғамбар давридан бери Исроилда бундай Фисиҳ байрами ўтказилмаган эди. Исроил шоҳларининг ҳеч бири Йўшиё, руҳонийлар, левилар, у ерда йиғилган яҳудийлару исроилликлар ва Қуддус аҳолиси сингари Фисиҳ байрамини нишонламаган эди+. 19  Ушбу Фисиҳ байрами Йўшиё ҳукмронлигининг 18- йили ўтказилди. 20  Бу воқеалардан сўнг Йўшиё маъбадни таъмирлаб бўлгач, Миср шоҳи Нехо+ жанг қилиш учун Фурот бўйида жойлашган Кархемишга келди. Йўшиё унга қарши отланди+. 21  Нехо унинг олдига хабарчилар юбориб: «Эй, Яҳудо шоҳи, нега менга қарши чиқяпсан? Мен бугун сен билан эмас, бошқа халқ билан жанг қилмоқчиман. Худонинг Ўзи менга шошилишни буюрди. Ўз фойдангни ўйлаб, мен томонда бўлган Худога қарши чиқма. Акс ҳолда, У сени нобуд қилади»,— деди. 22  Аммо Йўшиё орқага чекинмай, унга қарши чиқиш ниятида уст-бошини ўзгартирди+. У, Аллоҳнинг Нехо орқали айтган сўзига қулоқ солмай, жанг қилиш учун Махидў+ текислигига келди. 23  Ўша ерда шоҳ Йўшиёга камончилар ўқи тегди ва у хизматкорларига: «Қаттиқ яраландим. Мени бу ердан олиб чиқинглар»,— деб айтди. 24  Хизматкорлари Йўшиёни аравасидан тушириб, бошқа жанг аравасига солишди-да, Қуддусга олиб келишди. Шу ерда у ҳаётдан кўз юмиб, ота-боболари хилхонасига дафн этилди+. Бутун Яҳудо ва Қуддус аҳолиси шоҳ учун аза тутди. 25  Еремиё+ пайғамбар Йўшиёга атаб марсия айтди. Эркагу аёл қўшиқчилар+ шу кунга қадар марсияларида Йўшиё ҳақида куйлашади. Бундай марсияларни куйлаш Исроилда одат бўлиб қолди. Булар марсиялар тўпламига киритилган. 26  Йўшиёнинг ҳаёти ва Яҳованинг Қонунига риоя этиб, меҳр-садоқат ила қилган хизматию 27  барча ишлари Исроил ва Яҳудо шоҳлари ҳақидаги китобда бошдан охиригача баён этилган+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ота хонадонларининг», яъни ота томондаги оилалар назарда тутилган.
Ёки «муқаддас қилинглар».
Бошқа вариант «қовуришди».