Солномалар иккинчи китоб 5:1–14

  • Маъбаднинг очилиш маросимига тайёргарлик (1–14)

    • Аҳд сандиғи маъбадга келтирилади (2–10)

5  Шундай қилиб, Сулаймон Яҳованинг уйига тегишли ҳамма ишларни тугатди+. Сўнг отаси Довуд бағишлаган*+ кумуш, олтин ва барча буюмларни ҳақ Худога аталган уйнинг хазинасига олиб келди+.  Кейин Сулаймон Довуд шаҳридан+, яъни Сиондан+ Яҳованинг аҳд сандиғини олиб келиш учун Исроилнинг оқсоқоллари, барча Исроил ўғилларининг қабила йўлбошчилари ва хонадонлар бошларини Қуддусга йиғди.  Бутун Исроил халқи еттинчи ойда байрамга*+ шоҳнинг ҳузурига йиғилди.  Исроил оқсоқолларининг барчаси келганда, левилар аҳд сандиғини кўтариб жўнашди+.  Улар аҳд сандиғи, учрашув чодири+ ва у ердаги ҳамма муқаддас анжомларни олиб келишди. Руҳонийлар билан левилар* уларни кўтариб боришди.  Шоҳ Сулаймон ва унинг ҳузурига келган бутун Исроил жамоаси аҳд сандиғининг олдида йиғилиб, ҳисобига етиб бўлмайдиган қўй ва қорамолни қурбонликка келтиришди+.  Сўнг руҳонийлар Яҳованинг аҳд сандиғини уйнинг энг ички хонаси, Энг муқаддас хонага олиб кириб, карубларнинг қанотлари остига қўйишди+.  Уларнинг қанотлари аҳд сандиғи турган жой устида ёзилган бўлиб, аҳд сандиғи ва ходалари+ устини ёпиб турарди.  Ходалар шу қадар узун эдики, уларнинг учи энг ички хона олдидаги Муқаддас хонадан кўриниб турарди, аммо ташқаридан кўринмас эди. Улар ҳозиргача ўша ерда. 10  Аҳд сандиғида иккита лавҳадан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Мусо уларни Хоревда, Яҳова исроилликларни Мисрдан олиб чиқиб+, улар билан аҳд қилганида+ сандиқ ичига солган эди+. 11  Руҳонийлар Муқаддас хонадан чиқишганда (қайси гуруҳда бўлишларига қарамай+, ҳамма руҳонийлар покланишган эди+), 12  сифатли матодан кийим кийган барча қўшиқчи левилар+, яъни Осиф+, Хаман+, Ёдутун+ ва уларнинг ўғилларию ака-укалари зиллар, торли асбоблар ва арфалар ушлаб, қурбонгоҳнинг шарқ томонида туришарди. Улар билан бирга 120 та руҳоний карнай чалиб турарди+. 13  Карнайчилару қўшиқчилар жўр бўлиб Яҳовага мадҳлар ва шукроналар айтишарди. Улар: «У яхшидир. Унинг меҳр-садоқати абадий бор бўлади»+,— деб Яҳовага ҳамду сано келтиришганда, карнайлар, зиллар ва бошқа мусиқа асбобларининг садосидан Яҳованинг уйини булут қоплади+. 14  Булут қоплагани сабабли, руҳонийлар у ерда туриб хизмат қила олишмади. Чунки ҳақ Тангрининг уйи Яҳованинг улуғворлигига тўлган эди+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «муқаддас қилган».
Яъни Чайлалар байрами.
Ёки «леви руҳонийлар».