Солномалар иккинчи китоб 6:1–42

  • Сулаймоннинг халққа мурожаати (1–11)

  • Маъбад очилишида Сулаймоннинг ибодати (12–42)

6  Ўша пайт Сулаймон: «Эй, Яҳова! Сен қора булут ичра маскан қилишингни айтгансан+. 2  Мен Сен учун ҳашаматли бир уй, Сен абадий яшайдиган макон бунёд этдим»+,— деди. 3  Сўнг шоҳ халқ томонга ўгирилди ва тик турган бутун Исроил жамоатини дуо қилди+. 4  У шундай деди: «Исроил Худоси Яҳовага мадҳлар бўлсин! Зеро, У отам Довудга Ўз оғзи билан ваъда бериб, уни Ўз қўллари билан бажарди. 5  У: “Халқим Исроилни Мисрдан олиб чиққан кундан буён исмим улуғлансин деб уй қурилиши учун Исроилнинг бирон-бир қабиласидаги шаҳарни танламадим+. Халқим Исроил устидан раҳбар ҳам қўймадим. 6  Энди бўлса, исмим шу ерда улуғлансин дея Қуддусни+ танладим. Исроил халқимни бошқариш учун Довудни тайинладим”+,— деган эди. 7  Отам Довуд Исроил халқи Тангриси Яҳованинг исмига атаб уй бунёд этишни кўнглида ният қилган эди+. 8  Бироқ Яҳова отам Довудга: “Исмимга атаб уй қуришни дилингга тугиб қўйган экансан, бу жуда соз. 9  Аммо сен бу уйни бунёд этмайсан. Пушти камарингдан бўлган ўғлинг Менинг исмимга атаб уй қуради”+,— деб айтган эди. 10  Яҳова Ўз сўзида турди. Яҳова ваъда берганидай+, мен отам Довуднинг ўрнига Исроил тахтига ўтирдим+ ва Исроил Худоси Яҳованинг исмига атаб уй барпо этдим. 11  У ерга, Яҳованинг Исроил халқи билан қилган аҳди ёзилган иккита тош лавҳа солинган аҳд сандиғини қўйдим»+. 12  Кейин Сулаймон бутун Исроил жамоати кўз ўнгида Яҳованинг қурбонгоҳи қаршисида туриб, қўлларини кўкка кўтарди+. 13  (Сулаймон мисдан супа ясаб, уни ҳовлининг+ ўртасига қўйган эди. Унинг узунлиги беш тирсак*, эни беш тирсак, баландлиги уч тирсак эди. Шоҳ шу супа устида турарди.) У бутун Исроил жамоати олдида тиз чўкиб, қўлларини кўкка кўтарди+. 14  Сулаймон шундай деди: «Эй, Исроил Тангриси Яҳова! Еру осмонда Сенга ўхшаш Худо йўқ. Сен аҳдингга содиқсан, Сенга бутун қалби билан хизмат қилаётганларга меҳр-садоқат кўрсатасан+. 15  Сен Ўз хизматкоринг, отам Довудга берган ваъдангга+ вафо қилдинг. Ўз оғзинг билан ваъда қилганингни бугун Ўз қўлинг билан бажардинг+. 16  Энди, эй, Исроил Худоси Яҳова! Хизматкоринг, отам Довудга берган ваъдангда тур. Сен: “Агар ўғилларинг Менинг олдимда сен каби қонунимга амал қилиб, ўз йўлига диққатли бўлиб юрса, наслинг тоабад Исроил тахтида ўтиради”+,— деган эдинг. 17  Эй, Исроил Худоси Яҳова, хизматкоринг Довудга берган ваъданг амалга ошсин! 18  Аллоҳ одамлар билан ерда яшармиди?!+ Эй Худованд, осмон, ҳа, бепоён само Сени сиғдира олмаса+, мен бунёд этган уй нима бўлибди?!+ 19  Ё Тангрим Яҳова! Хизматкоринг ибодатига, илтифот кўрсатишингни сўраб ёлворганига қулоқ тут. Хизматкоринг олдингда туриб қилаётган илтижосини тингла. 20  “Менинг исмим у ерда бўлади”,— деган сўзларингга биноан, кўзларинг туну кун мана шу уйга қаратилган бўлсин+. Хизматкоринг бу жойга юз буриб қилган ибодатини эшит. 21  Хизматкоринг ва халқинг Исроил бу жойга қараб ёрдам сўраб ёлворганида+ тингла. Осмондан, маконингдан туриб эшит+, қулоқ солиб бизни кечир+. 22  Кимдир яқинига қарши гуноҳ қилса ва қасам ичса*, қасамини бажаришга масъул бўлади. У қасам масъулияти остида бу уйнинг қурбонгоҳи олдига келса+, 23  осмондан туриб эшитгин ва хизматкорларингга ҳукм чиқаргин. Ёвуз одамга қилмишига яраша қайтар+, одил инсонни эса беайб деб эълон қил. Ёвузнинг қилмишини ўз бошига сол, одил инсонни эса одиллигига яраша мукофотла+. 24  Исроил халқинг Сенга қарши гуноҳ қилгани учун душман томонидан тор-мор этилганида+, ёнингга қайтиб, исмингни улуғласа+, илтифот кўрсатишингни сўраб, бу уйда Сенга ибодат қилса+, 25  осмондан туриб қулоқ сол+ ва халқинг Исроил гуноҳини кечириб, Сен уларга ва ота-боболарига берган юртга қайтар+. 26  Улар Сенга қарши гуноҳ қилгани+ дастидан ёмғир ёғдирмай+, осмонни ёпиб қўйганингда, улар бу жойга қараб ибодат қилишса ва исмингни улуғлашса, Сен уларни итоат эттирганинг учун гуноҳ қилишни тўхтатишса+, 27  осмондан туриб эшитгин. Хизматкорларинг бўлмиш халқинг Исроил гуноҳидан кеч ва улар юриши керак бўлган тўғри йўл ҳақида уларга таълим бериб+, халқингга мерос қилиб берган юртингга ёмғир ёғдир+. 28  Агар юртда очарчилик+, ўлат+ ёки гармсел бўлса, занг касали*+, очофат чигирткалар галаси ёпирилса+, юртдаги бирон шаҳарни душманлар қамал қилса+ ёки яна бошқа мусибат келса ё касаллик пайдо бўлса+, 29  ҳар қандай инсон ёки халқинг Исроил (чунки ҳар бир киши дарди ва азобини ўзи билади)+ бу уйга қараб+ қўлларини кўтариб ибодат қилса+ ёки илтифот кўрсатишингни сўраса+, 30  осмондан, маконингдан+ туриб қулоқ солгин ва гуноҳидан ўтгин+. Ҳар бир одамни барча ишларига яраша тақдирла, чунки қалбида нималар кечаётганини биласан (инсон юрагида нима борлигини фақат Сен биласан)+. 31  Шунда улар Сен ота-боболаримизга берган юртда бутун умр йўлларингдан юриб, Сендан қўрқиб яшашади. 32  Халқинг Исроилдан бўлмаган бирон киши Сенинг буюк исминг+, қудратли қўлинг ва кучли билагинг ҳақида эшитиб, узоқ юртдан келса ва бу уйга қараб ибодат қилса+, 33  осмондан, маконингдан туриб тингла ва тилакларининг барини бажо келтир. Токи ер юзидаги барча одамлар Сенинг исмингни билиб+, Исроил халқинг каби Сендан қўрқишсин. Мен қурган бу уй Сенинг исминг билан аталганини ҳаммага билдир. 34  Халқингни душманларига қарши қаерга бўлмасин жанг қилишга юборсанг+, Ўзинг танлаган бу шаҳарга ва мен исмингга атаб қурган уйга қараб+ Сенга ибодат қилса+, 35  осмондан туриб уларнинг ибодатини, илтифот кўрсатишингни сўраб қилган ёлворишини эшит ва одил ҳукм чиқар+. 36  Улар Сенга қарши гуноҳ қилишса (чунки гуноҳ қилмайдиган одам йўқ)+, Сен дарғазаб бўлиб, уларни душман қўлига топширсанг, душманлар эса уларни узоқ ёки яқин юртга асир қилиб олиб кетса+, 37  улар ўша юртда ақл-ҳушларини йиғиб олишса ва олдингга қайтиб: “Биз гуноҳ қилдик, ёмон ишга қўл урдик, қабиҳлик қилдик”+,— деб илтифот кўрсатишингни сўраб ёлворишса 38  ҳамда асир қилиб олиб кетилган юртда+ бутун қалби ва бутун вужуди билан Сенга қайтиб+, Ўзинг ота-боболарига берган юртга, Сен танлаган шаҳарга ва исмингга атаб мен қурган уй томонга қараб ибодат қилишса+, 39  осмондан, маконингдан туриб уларнинг ибодати ва илтифот кўрсатишингни сўраб қилган ёлворишини эшитиб, уларга одил ҳукм чиқар+. Халқинг Сенга қарши қилган гуноҳларини кечир. 40  Энди бўлса, эй Тангрим, бу ерда ибодат қилинганда, назар солиб, эшитгин+. 41  Эй, Худованд Яҳова, энди қудратинг рамзи бўлмиш аҳд сандиғи билан бирга Ўз масканингга+ кир. Эй, Аллоҳ Яҳова, руҳонийларинг нажотни кийимдай кийиб олсин ва Сенга садоқатли бўлганлар яхшиликларингдан қувонсин+. 42  Эй, Тангри Яҳова, мойлаганингдан юз ўгирма+. Хизматкоринг Довудга кўрсатган меҳр-садоқатингни унутма»+.

Изоҳлар

Бир тирсак=44,5 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Ёки «жабрланувчи уни қарғаса». Яъни қасам ичган киши сохта қасам берса ёки уни бажармаса, айтилган қарғиш сўзлари амалга ошади.
Ёки «моғор».