Солномалар иккинчи китоб 7:1–22
7 Сулаймон ибодатини тугатиши биланоқ+, осмондан олов тушиб+, куйдириладиган қурбонлигу бошқа қурбонликларни ютиб юборди ва уй Яҳованинг улуғворлигига тўлди+.
2 Яҳованинг уйи Яҳованинг улуғворлигига тўлгани боис, руҳонийлар Яҳованинг уйига кира олишмади+.
3 Тош ётқизилган жойда турган бутун Исроил халқи осмондан олов тушганини ва Яҳованинг улуғворлиги уй устида турганини кўриб, юзтубан тиз чўкиб таъзим қилди-да: «У яхшидир, Унинг меҳр-садоқати абадий бор бўлади»,— дея Яҳовага шукрона айтди.
4 Сўнг шоҳ ва бутун халқ Яҳовага атаб қурбонликлар келтиришди+.
5 Сулаймон 22 000 қорамол ва 120 000 қўйни қурбонликка келтирди. Шундай қилиб, шоҳ ва бутун Исроил ҳақ Худо уйининг очилиш маросимини ўтказишди+.
6 Руҳонийлар ўз жойларини эгаллашди. Левилар ҳам Яҳовага қўшиқ куйлаш учун қўлларига асбобларини олиб туришди+. (Бу асбобларни шоҳ Довуд улар билан* бирга: «Унинг меҳр-садоқати абадий бор бўлади»,— дея Яҳовага шукроналар айтганда чалиш учун ясаган эди.) Левиларнинг қаршисида турган руҳонийлар карнай чалганда+, барча исроилликлар тик турарди.
7 Кейин Сулаймон Яҳовага аталган уйнинг олд томонидаги ҳовлининг ўрта қисмини муқаддас қилиб, у ерда куйдириладиган қурбонликлар+ ва тинчлик қурбонликларининг ёғли жойларини келтирди. Сабаби, Сулаймон ясаган мис қурбонгоҳ+ куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари+ ва қурбонликларнинг ёғли жойларини сиғдира олмади+.
8 Сулаймон бутун Исроил — Лево-Хоматдан* Миср водийсигача*+ бўлган жойлардан келган буюк жамоат билан бирга етти кун байрам қилди+.
9 Халқ етти кун қурбонгоҳни бағишлаш маросимини, яна етти кун байрамни* нишонлади. Саккизинчи куни* эса тантанали йиғин ўтказилди+.
10 Еттинчи ойнинг 23- куни Сулаймон халқни тарқатиб юборди. Улар, Яҳова Довуд билан Сулаймонга ва халқи Исроилга қилган яхшиликларидан юраклари шодликка тўлиб, қувониб+ уйларига қайтишди+.
11 Шу тариқа, Сулаймон Яҳовага аталган уйни ва ўз саройини қуриб битказди+. У Яҳованинг уйи ҳамда ўз саройи ҳақида ният қилган ҳамма нарсани амалга оширди+.
12 Сўнгра Яҳова кечаси Сулаймонга зоҳир бўлиб+ деди: «Сенинг ибодатингни эшитдим ва бу жойни қурбонлик келтириладиган уй сифатида Ўзим учун танладим+.
13 Ёмғир ёғмасин дея осмонни бекитганимда, чигирткаларга юртдаги ўсимликларни еб битиришни буюрганимда ва халқимга ўлат юборганимда,
14 Менинг исмим билан аталган халқим+ ўзини паст олиб+, ибодат қилса ва Мени излаб, ёмон йўлларидан воз кечса+, уларни осмондан эшитиб, гуноҳларини кечираман, ерларига шифо бераман+.
15 Бундан буён бу ерда ибодат қилинганда, назар солиб, эшитаман+.
16 Исмим мангу ўрнатилиши учун Мен бу уйни танлаб, муқаддас қилдим+. Кўзларим ва қалбим ҳамиша шу ерда бўлади+.
17 Отанг Довуд каби сен ҳам олдимда юриб, Мен сенга буюрган барча нарсани бажарсанг, қонун-қоида ва ҳукмларимга бўйсунсанг+,
18 отанг Довудга: “Наслинг тоабад Исроил устидан бошқаради”+,— дея у билан қилган аҳдимга+ мувофиқ, шоҳлик тахтингни мустаҳкамлайман+.
19 Борди-ю, Мендан юз ўгириб, сизларга берган фармон ва амрларимга риоя этмай, бошқа худоларга хизмат қилиб, уларга сажда қилсангиз+,
20 Исроил халқини Мен уларга берган юртдан суғуриб ташлаб+, Ўз исмим билан муқаддас қилган уйни кўз ўнгимдан улоқтираман. Барча халқлар исроилликларни мазах қилиб, устларидан кулишади+.
21 Бу уй харобага айланади. Унинг ёнидан ўтадиган ҳар бир киши ҳайратдан донг қотиб+: “Нега Яҳова бу юртни, бу уйни бундай кўйга солган экан-а?!” — деб айтади+.
22 Унга: “Улар ота-боболарини Мисрдан олиб чиққан+ Худованд Яҳовани ташлаб+, бошқа худоларга юз буришгани ва уларга хизмат қилишгани+ учун бу содир бўлди. Мана шу сабабли, У ҳамма бу фалокатларни уларнинг бошига солган”+,— дейишади».
Изоҳлар
^ Эҳтимол, левилар билан.
^ Ёки «Хоматнинг остонасидан».
^ Яъни Чайлалар байрами.
^ Байрамнинг кейинги куни, яъни ўн бешинчи кун.