Шоҳлар иккинчи китоб 11:1–27

  • Довуд Ботшева билан зино қилади (1–13)

  • Довуд Уриёнинг ўлимини уюштиради (14–25)

  • Довуд Ботшевани хотин қилиб олади (26, 27)

11  Йилнинг бошида*, шоҳлар урушга кетадиган пайт, Довуд Йўабни, ўзининг хизматкорларини ва бутун Исроил лашкарини оммонликларни йўқ қилиш учун юборди. Улар Раббани қамал қилишди+. Довуднинг ўзи эса Қуддусда қолди+.  Бир куни кечқурун Довуд тўшагидан турди-да, саройининг томига кўтарилиб, атрофни томоша қила бошлади. Шу пайт, томнинг тепасидан чўмилаётган бир аёлни кўриб қолди. Аёл жуда чиройли эди.  Довуд бу аёл ҳақида суриштириб келиш учун одам юборди. Ўша одам унга: «У — Элиёмнинг*+ қизи, хетий+ Уриёнинг+ хотини Ботшева+ экан»,— деб айтди.  Шунда Довуд одамларини юбориб, аёлни келтирди-да+, у билан ётди+. (Бу, аёл нопоклигидан* тозаланаётган пайтда содир бўлди.)+ Сўнг аёл уйига қайтди.  Аёл ҳомиладор бўлди ва Довудга: «Мен ҳомиладорман»,— деган хабар юборди.  Шунда Довуд Йўабга: «Хетий Уриёни олдимга жўнат»,— деган хабар юборди ва Йўаб Уриёни Довуднинг олдига жўнатди.  Уриё келгач, Довуд ундан Йўаб билан қўшиннинг ҳол-аҳволи ва уруш қандай кетаётгани борасида сўради.  Кейин Довуд Уриёга: «Уйингга бориб дам олгин*»,— деб айтди. Уриё шоҳ саройидан чиқиб кетгач, орқасидан шоҳнинг совғалари* бериб юборилди.  Аммо Уриё уйига бормай, шоҳнинг бошқа хизматкорлари билан бирга сарой кираверишида тунаб қолди. 10  Одамлари Довудга: «Уриё уйига бормади»,— деб айтишганда, Довуд Уриёдан: «Ахир сен шунча йўл босиб келдинг-ку! Нега уйингга бормадинг?» — деб сўради. 11  Уриё Довудга: «Аҳд сандиғи+, Исроил ва Яҳудо қўшини чайлаларда яшаб юрганда, хўжайиним Йўаб билан унинг хизматкорлари очиқ далада қароргоҳ қурган бир пайтда, мен қайси виждон билан еб-ичиб, хотиним билан ётиш учун уйимга бораман?+ Сизнинг ҳаётингиз ҳаққи олдингизда қасам ичиб айтаманки, мен бундай қилмайман!» — деб айтди. 12  Довуд Уриёга: «Бугун ҳам шу ерда қол, эртага сени жўнатиб юбораман»,— деди. Шундай қилиб, Уриё ўша ва кейинги куни Қуддусда қолди. 13  Довуд Уриёни чақиртириб, у билан еб-ичди ва уни маст бўлгунча ичирди. Лекин Уриё кечқурун яна уйига бормасдан, хўжайинининг хизматкорлари билан бирга тунаб қолди. 14  Эрталаб Довуд Йўабга хат ёзиб, уни Уриё орқали бериб юборди. 15  У хатда: «Уриёни уруш қизғин кетаётган жойга, қўшиннинг олд томонига қўй. Сўнг орқага чекиниб, уни ёлғиз қолдиринглар, токи у яраланиб, нобуд бўлсин»+,— деб ёзган эди. 16  Йўаб шаҳарни диққат билан кўздан кечириб, Уриёни душманнинг довюрак жангчилари турган жойга қўйди. 17  Шаҳар аҳолиси чиқиб, Йўабга қарши жанг қилганда, Довуднинг баъзи хизматкорлари, шу қаторда хетий Уриё ҳам ҳалок бўлди+. 18  Йўаб Довудга жанг майдонидан сўнгги хабарларни юборди. 19  У хабарчига бундай йўл-йўриқ берди: «Шоҳга жанг майдонидан барча хабарларни айтиб бўлгач, 20  шоҳнинг жаҳли чиқиб: “Нега жанг қилиш учун шаҳарга шунчалик яқин бордиларинг? Сизларга деворнинг устидан ўқ отишларини билмаганмидиларинг? 21  Еруббоситнинг*+ ўғли Абумалекни ўлдирган ким эди?+ Тавозда бир аёл деворнинг тепасидан тегирмон тошини юмалатиб, уни ўлдирган эмасмиди?! Нега деворга шунчалик яқин бордиларинг?”,— деб айтса, унга: “Хизматкорингиз хетий Уриё ҳам ҳалок бўлди”,— деб айт». 22  Хабарчи бориб, Йўаб айтган ҳамма гапни Довудга етказди. 23  Хабарчи Довудга: «Душманлар биздан устун келиб, биз билан жанг қилиш учун майдонга чиқишди. Аммо биз уларни шаҳар дарвозасигача қувиб бордик. 24  Шу пайт, камончилар деворнинг тепасидан хизматкорларингизга ўқ узишди ва натижада шоҳнинг айрим хизматкорлари ҳалок бўлди. Хизматкорингиз хетий Уриё ҳам ўлди»+,— деб айтди. 25  Довуд хабарчига: «Йўабнинг кўнглини кўтариб, шундай дегин: “Бу учун қайғуриб юрма. Чунки жанг қурбонсиз бўлмайди. Шаҳарга қарши жангни кучайтириб, уни забт эт”+»,— деди. 26  Уриёнинг хотини эри ҳалок бўлгани ҳақида эшитиб, у учун аза тутди. 27  Мотам кунлари тугагач, Довуд одам юбориб, уни саройга келтирди ва у Довуднинг хотини бўлиб+, унга ўғил туғиб берди. Бироқ қилган иши билан Довуд Яҳовани жуда ранжитди+.

Изоҳлар

Яъни баҳорда.
1Сл 3:5 да «Омиёл».
Эҳтимол, ҳайз нопоклигидан.
Сўзма-сўз «оёқларингни ювгин».
Ёки «шоҳнинг улуши», яъни мезбон томонидан ҳурматли меҳмонга бериладиган улуш.
Бу, Еруббаал ёки Гидўн (Ҳак 6:32).