Шоҳлар иккинчи китоб 12:1–31
12 Яҳова Довуднинг олдига Натанни+ юборди. У Довуднинг ҳузурига келиб+, шундай дея гап бошлади: «Бир шаҳарда икки киши яшар экан. Улардан бири бой, иккинчиси эса камбағал экан.
2 Бойнинг кўпдан-кўп қўйларию қорамоли бор экан+.
3 Камбағалнинг эса сотиб олган битта урғочи қўзичоғидан бошқа ҳеч вақоси йўқ экан+. У қўзичоғини боқиб парваришлар ва қўзичоқ унинг уйида ўғиллари билан бирга катта бўлаётган экан. Қўзичоқ у еган овқатдан еб, унинг идишидан сув ичар ва унинг қўлида ухлар экан. Қўзичоқ у учун қизидай бўлиб қолган экан.
4 Кунларнинг бирида, бойникига меҳмон келибди. Бой келган меҳмонга таом тайёрлаш учун ўз қўйлари ва қорамолининг ҳеч бирини сўйгиси келмай, камбағалнинг қўзисини олибди-да, ундан уйига келган меҳмонга таом тайёрлабди»+.
5 Довуднинг ўша кишига нисбатан ғазаби қайнаб, Натанга: «Барҳаёт Яҳова ҳаққи қасам ичиб+ айтаманки, бу одам ўлимга лойиқ!
6 У шафқатсизларча йўл тутгани учун, қўзининг эвазига камбағалга тўрт баравар қилиб қайтариши керак»+,— деб айтди.
7 Шунда Натан Довудга деди: «Сиз ўша одамсиз! Исроилнинг Тангриси Яҳова шундай демоқда: “Мен сени Исроил устидан шоҳ сифатида мойлаб+, Шоулнинг қўлидан халос этдим+.
8 Хўжайининг уйини сенга бериб+, унинг хотинларини қўлингга топширдим+. Сени Исроил ва Яҳудо устидан бошқарувчи этиб тайинладим+. Агар бу камлик қилган бўлса, бундан ҳам ортиғини берган бўлардим+.
9 Нега сен Яҳованинг сўзини менсимай, Унинг назарида ёмон бўлган ишни қилдинг? Сен хетий Уриёни қиличдан ўтказдинг!+ Унинг хотинини ўзингга хотинликка олиб+, уни бўлса оммонликларнинг қиличи билан ўлдирдинг+.
10 Мени менсимай, хетий Уриёнинг хотинини ўзингга хотинликка олганинг учун, бундан буён хонадонингдан бало-қазо* аримайди”+.
11 Яҳова яна шундай демоқда: “Ўз хонадонинг ичидан сенга офат келтираман.+ Сенинг кўз ўнгингда хотинларингни олиб, бошқа кишига* бераман+. У куппа-кундузи сенинг хотинларинг билан ётади+.
12 Сен яширинча иш тутдинг+, Мен бўлсам бу нарсаларни бутун Исроил олдида куппа-кундузи қиламан”».
13 Довуд Натанга: «Мен Яҳовага қарши гуноҳ қилдим»+,— деб айтди. Натан Довудга деди: «Яҳова гуноҳингизни кечирди+. Сиз ўлмайсиз+.
14 Аммо бу масалада Яҳовага нисбатан ўтакетган ҳурматсизлик қилганингиз учун, эндигина туғилган ўғлингиз ўлади».
15 Сўнг Натан уйига қайтиб кетди.
Уриёнинг хотини Довудга туғиб берган болани Яҳова касалликка дучор қилди.
16 Довуд бола учун ҳақ Худога илтижо қилиб, рўза тутди. У хонасига кириб, туни билан ерда ётди+.
17 Саройидаги оқсоқоллар келиб, уни ердан турғизмоқчи бўлишди, аммо у кўнмади. Улар билан бирга овқат ҳам емади.
18 Еттинчи кун бола вафот этди. Лекин Довуднинг хизматкорлари бола ўлгани ҳақида унга айтишдан қўрқишди. Улар: «Бола тириклигида гапларимизга қулоқ солмаган эдилар. Энди бола ўлгани ҳақида қандай айтамиз? Ўзларини бир бало қилиб қўймасинлар тағин»,— дейишарди.
19 Довуд хизматкорларининг бир-бири билан пичирлашаётганини кўриб, бола вафот этганини тушунди. Довуд хизматкорларидан: «Бола ўлдими?» — деб сўради. Улар: «Ҳа, ўлди»,— дея жавоб беришди.
20 Шунда Довуд ётган еридан турди. У ювиниб, баданига хушбўй мой суртди-да+, кийимларини алмаштирди ва Яҳованинг уйига+ бориб, сажда қилди. Сўнгра, саройига келиб, таом келтиришларини сўради ва овқатланди.
21 Хизматкорлари ундан: «Нега бундай йўл тутдингиз? Бола тириклигида рўза тутиб йиғладингиз. Бола ўлиши билан эса, ўрнингиздан туриб овқатландингиз»,— деб сўрашди.
22 Довуд жавобан деди: «Бола тириклигида, мен: “Ким билсин, балки Яҳова менга раҳм қилиб, болам тирик қолар”+,— деган фикрда рўза тутиб+ йиғладим.
23 Энди у ўлгандан кейин, рўза тутиб нима қиламан? Ахир уни қайтара олмайман-ку!+ Бир кун келиб мен ҳам ўламан+, аммо уни ҳаётга қайтаришга ожизман»+.
24 Довуд хотини Ботшевага+ тасалли берди. Кейин унинг ёнига кириб, у билан ётди. Вақт ўтиб, Ботшева ўғил кўрди ва Довуд болага Сулаймон*+ деб исм қўйди. Яҳова уни яхши кўрди+.
25 Яҳова уни яхши кўргани боис, Натан+ пайғамбарни юбориб, унинг исмини Ёдидаё* қўйдирди.
26 Йўаб оммонликларнинг+ Рабба+ шаҳрига қарши жанг қилишни давом эттириб, пойтахтни босиб олди+.
27 Сўнг Йўаб Довуднинг олдига хабарчиларни юбориб, унга: «Мен Раббага қарши жанг қилиб+, сувлар шаҳрини* қўлга киритдим.
28 Энди сиз қолган лашкар билан келиб, шаҳар олдида қароргоҳ қуринг ва уни босиб олинг. Агар шаҳарни мен босиб олсам, у менинг ютуқларим ҳисобига ўтади»,— деб айтди.
29 Довуд бутун қўшинни йиғиб келди-да, Раббага қарши жанг қилиб, уни босиб олди.
30 У Малкамнинг* тожини бошидан ечиб олди. Оғирлиги бир талант* олтинга тенг бўлган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган бу тож Довуднинг бошига кийдирилди. У шунингдек, шаҳардан кўпдан-кўп ўлжа олиб чиқди+.
31 Шаҳар аҳолисини эса олиб кетиб, тош кесишда, ўткир темир асбоблар ва темир болталар билан қилинадиган ишларда ҳамда ғишт қуйишда ишлатди. У оммонликларнинг барча шаҳарлари билан шундай йўл тутди. Ниҳоят, Довуд ўз қўшини билан Қуддусга қайтди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «қилич».
^ Ёки «яқинингга».
^ Ибронийча «тинчлик» сўзидан келиб чиққан.
^ Маъноси «Яҳнинг суйгани».
^ Эҳтимол, шаҳарнинг сув манбалари назарда тутилган.
^ Оммонликларнинг бути бўлиши мумкин. Бошқа оятларда Мўлах ёки Милком деб аталган.
^ Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.