Шоҳлар иккинчи китоб 13:1–39

  • Омнўн Тамаранинг номусига тегади (1–22)

  • Абсалом Омнўнни ўлдиради (23–33)

  • Абсалом Гашурга қочиб кетади (34–39)

13  Довуднинг ўғли Абсаломнинг Тамара+ исмли гўзал синглиси бор эди. Довуднинг ўғли Омнўн+ эса уни севиб қолди.  Тамара бокира бўлгани боис, Омнўн учун унга яқинлашиш имконсиз бўлиб кўринарди. Омнўн бу ҳақда ўйлаб қаттиқ жафо чекканидан касал бўлиб қолди.  Омнўннинг Ёҳунадов+ деган жуда муғомбир дўсти бор эди. У Довуднинг акаси Шимохнинг+ ўғли эди.  Ёҳунадов ундан: «Айтинг-чи шаҳзодам, нега доим хомушсиз?» — деб сўради. Омнўн: «Мен укам Абсаломнинг синглиси+ Тамарани севиб қолганман»,— деб айтди.  Ёҳунадов унга шундай деди: «Ўрнингизга ётиб, ўзингизни касалга солинг. Отангиз сизни кўргани келганларида, у кишига: “Илтимос, синглим Тамара келиб, менга таом тайёрлаб берсин. Кўз олдимда беморга бериладиган таомдан пишириб берса, унинг қўлидан еган бўлардим”,— деб айтинг».  Шундай қилиб, Омнўн ўзини касалга солиб, ётиб олди. Шоҳ уни кўргани келганида, Омнўн шоҳга: «Илтимос, синглим Тамара келиб, кўз олдимда менга иккита нон* пишириб берсин, унинг қўлидан таом еяйин»,— деб айтди.  Шунда Довуд Тамарага: «Аканг Омнўннинг уйига боргин-да, унга таом тайёрлаб бергин»,— деб айтиш учун унинг уйига одам юборди.  Тамара тўшакда ётган акаси Омнўннинг уйига борди. У хамир қориб, акасининг кўз олдида нон ясади-да, нонларни* пиширди.  Кейин Тамара уларни товадан олиб, Омнўннинг олдига қўйди. Лекин Омнўн ейишни истамай: «Ҳаммангиз чиқиб кетинг!» — деб буюрди ва ҳамма чиқиб кетди. 10  Омнўн Тамарага: «Таомни ётоқхонага олиб кир, сенинг қўлингдан ейман»,— деди. Тамара пиширган нонларини олиб, акаси Омнўннинг ётоқхонасига олиб кирди. 11  Тамара, акаси ейиши учун нонни яқин олиб келганида, Омнўн уни ушлаб олиб: «Синглим, кел, мен билан ёт»,— деди. 12  Аммо Тамара унга: «Йўқ, ака! Мени хўрламанг! Ахир Исроилда бундай қилинмайди-ку+. Бундай шармандали ишга қўл урманг+. 13  Бу шармандалик билан кейин қандай яшайман? Сиз ҳам Исроилда ахлоқсиз одам деган ном чиқарасиз. Илтимос, шоҳга айтинг, мени сизга беришга қарши бўлмайдилар»,— деб айтди. 14  Бироқ Омнўн уни тинглашни истамади. У куч ишлатиб, унинг номусига тегиб хўрлади. 15  Бундан сўнг, Омнўн Тамарадан қаттиқ нафратланиб кетди. Унинг нафрати унга бўлган севгисидан кучлироқ эди. Омнўн унга: «Тур, йўқол бу ердан!» — деди. 16  Тамара бўлса: «Йўқ, акажон, мени ҳайдаманг! Бу ишингиз, бундан олдингисидан ҳам ёмонроқ-ку!» — деб айтди. Лекин Омнўн уни тинглашни хоҳламади. 17  У бир хизматчи йигитни чақириб: «Манавини ташқарига чиқариб, орқасидан эшикни бекитиб қўй»,— деди. 18  (Қизнинг эгнида шоҳнинг бокира қизлари кийиб юрадиган нақшли* камзули бор эди.) Омнўннинг хизматкори уни ташқарига чиқариб юбориб, орқасидан эшикни бекитиб қўйди. 19  Тамара бошига кул сепиб+, эгнидаги чиройли камзулини йиртиб ташлади. У қўллари билан бошини ушлаб кета бошлади, у йўл бўйи йиғлаб кетди. 20  Буни кўриб, Абсалом+ унга: «Аканг Омнўн сени шу кўйга солдими? Синглим, бу ҳақда ҳеч кимга айтма. У аканг бўлади+. Буни ўйлаб юрагинг эзилмасин»,— деди. Тамара ҳеч кимга қўшилмай, акаси Абсаломнинг уйида яшай бошлади. 21  Шоҳ Довуд бу ҳақда эшитганида, қаттиқ жаҳли чиқди+. Бироқ Омнўн унинг тўнғичи бўлиб, уни яхши кўргани боис хафа қилгиси келмади. 22  Абсалом эса Омнўнга лом-мим демади, яхши сўз ҳам, ёмон сўз ҳам айтмади. Синглиси Тамарани хўрлагани учун+, Абсалом Омнўнни ёмон кўриб қолди+. 23  Икки йил ўтгач, Абсалом Эфрайим+ яқинидаги Баал-Хазорда қўйларининг жунини қирқтираётганда, шоҳнинг барча ўғилларини зиёфатга чақирди+. 24  Абсалом шоҳнинг олдига келиб: «Хизматкорингиз қўйларининг жунини қирқяпти. Илтимос, шоҳ ҳазратлари ҳам хизматкорлари билан бирга мен билан борсинлар»,— деди. 25  Лекин шоҳ Абсаломга: «Йўқ, ўғлим. Агар ҳаммамиз борсак, сенга оғирлигимиз тушади»,— деб айтди. Абсалом кўндиришга қанча уринмасин, у рози бўлмади. Ўзи бормаса ҳам, уни дуо қилди. 26  Шунда Абсалом шоҳга: «Агар сиз бормасангиз, акам Омнўн биз билан борсин»+,— деди. Шоҳ бўлса: «Нега айнан Омнўн сен билан бориши керак?» — деб сўради. 27  Абсалом ялиниб сўрайверганидан, шоҳ Омнўнни ва барча ўғилларини у билан бирга юборди. 28  Абсалом хизматкорларига: «Кузатиб туринглар. Омнўн шароб ичиб, димоғи чоғ бўлганида, мен сизларга: “Омнўнни ўлдиринглар!” — деб буюраман. Шу заҳоти уни ўлдиринглар. Қўрқманглар, чунки бу буйруқни мен беряпман. Дадил ва ботир бўлинглар»,— деб айтди. 29  Абсаломнинг хизматкорлари у буюрганидай, Омнўнни ўлдиришди. Буни кўрган шоҳнинг барча ўғиллари дарҳол ўринларидан туриб, хачирларига минишди-да, қочиб кетишди. 30  Улар ҳали йўлда келаётганда, Довудга: «Абсалом шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдирибди, ҳеч бири тирик қолмабди»,— деган хабар етди. 31  Бу ҳақда эшитиши билан, шоҳ ўрнидан турди-да, кийимларини йиртиб, ўзини ерга отди. Ёнида турган хизматкорлари ҳам кийимларини йиртишди. 32  Аммо Довуднинг акаси Шимохнинг+ ўғли Ёҳунадов+ шундай деди: «Шоҳ ҳазратлари барча ўғилларим ўлибди, деб ўйламасинлар, фақат Омнўн ўлди+. Уни Абсаломнинг буйруғи билан ўлдиришди+. Синглиси Тамарани+ Омнўн хўрлагандан+ кейин шундай қилишни Абсалом юрагига тугиб қўйган экан. 33  Шу боис: “Шоҳнинг ҳамма ўғиллари ўлибди”,— деган хабарга шоҳ ҳазратлари ишонмасинлар*. Фақат Омнўн ўлди, холос». 34  Бу орада, Абсалом қочиб кетди+. Бироз ўтгач, қўриқчи бошини кўтариб, тоғнинг этагидаги йўлдан бир гала одам келаётганини кўриб қолди. 35  Шунда Ёҳунадов+: «Қаранг, шоҳ ўғиллари қайтишяпти! Хизматкорингизнинг айтганлари тўғри чиқди»,— деди. 36  У гапини тугатиши билан, шоҳ ўғиллари уввос тортиб йиғлаб кириб келишди. Шоҳ билан барча хизматкорлари ҳам дод солиб йиғлашди. 37  Абсалом, Гашур шоҳи Омиҳуд ўғли Талмайнинг+ олдига қочиб кетди. Довуд узоқ вақт ўғли Омнўн учун мотам тутди. 38  Абсалом Гашурга+ қочиб кетгач, ўша ерда уч йил яшаб юрди. 39  Довуд Омнўннинг ўлимига анча кўникканидан сўнг, охири Абсаломни жуда соғинди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «юрак шаклида нон».
Эҳтимол, нон сингари тандирда эмас, балки кўп миқдордаги ёғда кўпчиб пишган кулчага ўхшаш бўлган.
Ёки «ўзгача».
Сўзма-сўз «юракларига олмасинлар».