Шоҳлар иккинчи китоб 14:1–33

  • Йўаб билан тахувалик аёл (1–17)

  • Довуд Йўабнинг режасини фош этади (18–20)

  • Абсаломнинг қайтишига изн берилади (21–33)

14  Зеруянинг ўғли Йўаб+ шоҳ Абсаломни соғинаётганини билиб қолди+.  Шунда Йўаб Тахувага+ одам юборди-да, у ердан оқила бир аёлни чақиртириб келиб, унга: «Қайғу чекаётган қиёфага кириб, эгнингга мотам либосини кий, баданингга мой суртма+. Ўзингни гўё яқинидан айрилиб, анча вақтдан буён аза тутиб юрган аёл каби тут.  Кейин шоҳнинг олдига бориб, унга шундай деб айт...»,— деди. Шу тариқа, Йўаб аёлга нима дейиш кераклигини ўргатди.  Тахувалик аёл шоҳнинг ҳузурига борди-да, юзтубан тиз чўкиб таъзим қилди ва унга: «Эй шоҳим, менга ёрдам беринг!» — деди.  Шоҳ аёлдан: «Нима бўлди?» — деб сўради. Аёл шундай дея гап бошлади: «Мен бир бева аёлман, эрим қазо қилган.  Мен чўрингизнинг иккита ўғли бор эди. Далада бўлганда иккаласи муштлашиб қолибди. Уларни ажратадиган ҳеч ким бўлмагани учун, бири иккинчисини уриб ўлдириб қўйибди.  Энди бўлса бутун оилам мен чўрингизга қарши чиқиб: “Акасини ўлдирган ўғлингни қўлимизга топшир. У меросхўр бўлишига қарамай, ўлган акасининг жони эвазига уни ўлдирамиз!”+ — дейишяпти. Шу тариқа, улар сўнгги умид учқунимни* сўндириб, ер юзидан эримнинг номини ҳам, наслини ҳам йўқ қилишмоқчи».  Шоҳ аёлга: «Уйингга боравер. Масалани ўзим ҳал қилиб бераман»,— деди.  Аёл бўлса: «Эй шоҳ ҳазратлари, ўғлимнинг гуноҳи менинг ва отамнинг хонадони бўйнида бўлсин. Сиз ва авлодларингиз бунда айбдор бўлмайсизлар»,— деб айтди. 10  Шоҳ унга: «Агар бундан буён сенга бирор кимса гапирадиган бўлса, уни олдимга олиб кел. У сени бошқа безовта қилмайдиган бўлади»,— деди. 11  Лекин аёл: «Илтимос, шоҳим Тангриси Яҳовани эсга олсинлар. Бўлмаса, қон учун қасос олувчи+ ўғлимни ўлдириб, бундан ҳам кўпроқ зарар келтиради»,— деб айтди. Шунда шоҳ: «Барҳаёт Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки+, ўғлингнинг бир тола сочи ҳам ерга тушмайди»,— деди. 12  Кейин аёл: «Чўрингиз шоҳ ҳазратларига бир оғиз сўз айтишига ижозат беринг»,— деб айтди. Шоҳ унга: «Гапир!» — деди. 13  Аёл шундай деди: «Эй шоҳим, нега унда Аллоҳнинг халқига+ зарар келтирадиган тарзда йўл тутяпсиз? Ахир ўз ўғлингизни бадарға қилиб, қайтиб келишига рухсат бермаяпсиз-ку+. Бу билан, ҳозиргина айтган сўзларингизга қарши чиқиб, ўзингизни айбдор қиляпсиз. 14  Ҳаммамиз ўламиз ва ерга тўкилгандан кейин қайта йиғиб бўлмайдиган сув каби бўлиб қоламиз. Аммо Худо ҳеч кимнинг жонини олмайди ва бадарға қилинган одам, абадий бадарғаликда қолиб кетмаслиги учун чора излайди. 15  Халқ мени қўрқитгани учун, бу сўзларни шоҳ ҳазратларига айтгани келдим. Мен чўрингиз: “Шоҳ ҳазратларига айтиб кўрай-чи, балки у киши чўрисининг гапларига қулоқ солар. 16  Шоҳ сўзларимни тинглаб, мен чўрисини ва ёлғиз ўғлимни, Аллоҳ берган меросдан бутунлайин маҳрум этмоқчи бўлган кишининг қўлидан қутқарар”,— деб ўйладим+. 17  Кейин мен чўрингиз: “Шоҳ ҳазратларининг сўзлари кўнглимга тасалли берсин”,— дедим. Боиси, шоҳ ҳазратлари ҳақ Худонинг фариштаси каби нима яхши, нима ёмон эканини ажрата оладилар. Илоё, Тангрингиз Яҳова сизга ёр бўлсин». 18  Шунда шоҳ аёлга: «Илтимос, сендан сўрамоқчи бўлган ҳеч бир нарсани мендан яширма»,— деди. Аёл: «Сўрайверинг, шоҳ ҳазратлари»,— дея жавоб берди. 19  Шоҳ ундан: «Бунинг барини сенга Йўаб ўргатдими?»+ — деб сўради. Аёл шундай жавоб берди: «Тўғрисини айтсам*, шоҳ ҳазратлари, сиз мутлақо ҳақсиз. Хизматкорингиз Йўаб мен чўрингизга йўл-йўриқ бериб, нима дейиш кераклигини ўргатди. 20  Хизматкорингиз Йўаб масалага бошқа томондан қараб кўришингиз учун бу ишга қўл урди. Бироқ шоҳ ҳазратлари ҳақ Тангрининг фариштасидай доно бўлиб, юртда бўлаётган нарсаларнинг баридан хабардорлар». 21  Шундан кейин шоҳ Йўабга: «Яхши, сен айтгандай бўлсин+. Бориб, Абсаломни олиб кел»+,— деб айтди. 22  Йўаб ерга юзтубан тиз чўкиб таъзим қилди-да: «Эй, шоҳ ҳазратлари, бугун мен хизматкорингиз сизнинг назарингизда илтифот топганимни англаб етдим. Чунки шоҳим хизматкорининг илтимосини бажардилар»,— дея шоҳга мақтов сўзларини айтди. 23  Сўнг Йўаб ўрнидан туриб, Гашурга+ йўл олди ва Абсаломни Қуддусга олиб келди. 24  Аммо шоҳ: «У ўзининг уйига борсин, менинг ҳузуримга кирмасин»,— деди. Шундай қилиб, Абсалом шоҳ ҳузурига кирмай, ўзининг уйига кетди. 25  Бутун Исроилда кўркамликда Абсаломга тенг келадигани йўқ эди. У бошдан-оёқ нуқсонсиз эди. 26  У ҳар йилнинг охирида сочини қирқтирарди, чунки сочи жудаям оғирлашиб кетарди. Қирқтирган сочининг оғирлиги, шоҳ тарози тоши* билан ўлчанганда 200 шекел* чиқарди. 27  Абсаломнинг уч ўғли+ ва Тамара исмли бир қизи бўлиб, у жуда чиройли эди. 28  Абсалом Қуддусда икки йил яшади, лекин шоҳ ҳузурига кирмади+. 29  Сўнг Абсалом шоҳнинг олдига юбориш ниятида Йўабни чақиртирди, аммо у келмади. Абсалом уни яна чақиртирди, лекин у бу сафар ҳам келишни истамади. 30  Охири Абсалом хизматкорларига: «Еримнинг ёнида Йўабнинг арпа экилган даласи бор. Бориб, унга ўт қўйиб юборинглар»,— деб айтди. Абсаломнинг хизматкорлари бориб, Йўабнинг ерига ўт қўйиб юборишди. 31  Шунда Йўаб Абсаломнинг уйига келиб, унга: «Нега хизматкорларинг еримга ўт қўйиб юборишди?» — деди. 32  Абсалом Йўабга: «Ахир мен сизни чақиртиргандим-ку. Мен сизни шоҳга: “Гашурдан нима учун келдим?+ Ўша ерда юрганим яхшироқ эмасмиди? Шоҳ ўз ҳузурларига киришга рухсат этсинлар. Борди-ю, гуноҳ қилган бўлсам, мени ўлдирсинлар”,— деб айтиш учун юбормоқчи эдим»,— деди. 33  Йўаб шоҳнинг олдига бориб, у билан гаплашди. Шунда шоҳ Абсаломни чақиртирди. У келиб, шоҳнинг олдида юзтубан таъзим қилди. Кейин шоҳ Абсаломни ўпди+.

Изоҳлар

Яъни авлод қолдириш учун сўнгги умидни.
Ёки «тирик эканингиз рост бўлганидай, менинг гапим рост».
Бу, шоҳ саройида асос қилиб олинган ўлчов бирлиги ёки одатдаги шекелдан фарқ қилган «шоҳ» шекели бўлиши мумкин.