Шоҳлар иккинчи китоб 17:1–29

  • Хушай Охитўфелнинг маслаҳатини йўққа чиқаради (1–14)

  • Довуд огоҳлантирилади; у Абсаломдан қочиб қутулади (15–29)

    • Борзулай ва бошқалар зарурий нарсаларни олиб келишади (27–29)

17  Охитўфел Абсаломга шундай деди: «Рухсат берсангиз, 12 000 нафар кишини танлаб олиб, бу кеча Довуднинг орқасидан қувиб борайин.  У ҳолдан тойиб+, дармонсизланиб қолганда* унинг устига бостириб бориб, ваҳимага соламан. Шунда унинг ёнидаги одамлари қочиб кетади. Мен бўлсам ёлғиз қолган шоҳни ўлдириб+,  ҳамма одамларни сизга қайтариб олиб келаман. Сиз излаб юрган одам ўлганидан сўнг, бутун халқ орқага қайтиб, тинчланиб қолади».  Бу таклиф Абсаломнинг ва Исроилнинг барча оқсоқоллари назарида тўғри бўлиб кўринди.  Бироқ Абсалом: «Илтимос, орхий Хушайни+ чақиринглар, унинг ҳам гапини эшитиб кўрайлик»,— деб айтди.  Хушай келгач, Абсалом унга: «Охитўфел бизга шундай маслаҳат берди. Унинг маслаҳатига мувофиқ йўл тутайликми? Агар ундай қилмаслик керак десангиз, нима қилиш кераклигини ўзингиз айтинг»,— деди.  Хушай Абсаломга: «Охитўфелнинг маслаҳати бу вазиятга тўғри келмайди!» — деб айтди+.  Хушай гапида давом этиб, шундай деди: «Отангиз ва унинг одамлари кучли эканини яхши биласиз+. Улар болаларидан жудо бўлган айиқ каби ҳеч нарсадан тап тортишмайди+. Бундан ташқари, отангиз жангчи+ ва у одамлари билан бирга тунамайди.  Айни дамда у ғорларда ёки бошқа ерда яшириниб ўтирган бўлса керак+. Борди-ю, биринчи бўлиб у ҳужум қилса, буни эшитганлар: “Абсаломга эргашган одамлар мағлубиятга учради!” — деб айтишади. 10  Шунда шерюрак кишилар+ ҳам қўрқувдан адо бўладилар. Чунки бутун Исроил отангиз қудратли эканини+, унинг одамлари эса довюрак эканини билади. 11  Мен сизга бундай маслаҳат бераман: Дандан Бэршэвагача+ яшайдиган, денгиз соҳилидаги қумдай саноқсиз бўлган бутун Исроил+ олдингизга тўплансин ва ўзингиз уларни жангга бошлаб боринг. 12  Уни қаердан топмайлик, ерга тушган шудринг каби устига бостириб бориб, унга ҳужум қиламиз. Улардан ҳеч бири, ўзи ҳам, одамлари ҳам омон қолмайди. 13  Борди-ю, у шаҳарлардан бирига яширинса, бутун Исроил арқонлари билан ўша ерга келади ва биз шаҳарни битта ҳам тошини қолдирмай, дарёга судраб олиб бориб ташлаймиз». 14  Шунда Абсалом ва барча исроилликлар: «Орхий Хушайнинг маслаҳати Охитўфелникидан яхшироқ!»+ — деб айтишди. Шу тариқа, Яҳова Охитўфелнинг оқилона маслаҳатини йўққа чиқаришга қарор қилган эди+. Чунки Яҳова Абсаломни ҳалокатга йўлиқтирмоқчи эди+. 15  Кейинроқ Хушай руҳонийлар Зодўх ва Абуатарга+ деди: «Охитўфел Абсалом билан Исроил оқсоқолларига шундай маслаҳат берди. Мен эса бундай маслаҳат бердим. 16  Энди Довуднинг олдига ҳозироқ одам юбориб: “Бу кеча саҳродаги дарё кечувларида* қолманг, тезда дарёни кечиб ўтинг. Акс ҳолда, шоҳ ва унинг одамлари қирилиб кетади”+,— деб уни огоҳлантиринглар». 17  Йўнатан+ билан Охимас+ Эн-Рўғолда+ туришган эди. Чунки шаҳарга кирганда биров уларни таниб қолишидан қўрқишаётган эди. Бир чўри қиз бориб ҳамма гапларни уларга етказди. Улар шоҳ Довудга бу ҳақда хабар бериш учун йўлга чиқишди. 18  Бироқ бир йигит уларни кўриб қолиб, буни Абсаломга айтди. Йўнатан билан Охимас эса у ердан кетиб, Бохуримдаги+ бир кишининг уйига боришди. Ўша кишининг ҳовлисида қудуқ бор эди. Улар қудуққа тушиб олишди 19  ва ўша кишининг хотини қудуқ оғзини мато билан бекитиб, устига янчилган донни ёйиб қўйди. Қудуққа кимдир яшириниб олганини ҳеч ким билмади. 20  Абсаломнинг хизматкорлари ўша аёлнинг уйига келиб, ундан: «Йўнатан билан Охимас қаерда?» — деб сўрашди. Аёл жавобан: «Улар дарё томонга ўтиб кетишди»+,— деди. Хизматкорлар уларни излаб топа олмагач, Қуддусга қайтишди. 21  Улар кетганидан сўнг, Йўнатан билан Охимас қудуқдан чиқишди-да, бориб шоҳ Довудга хабар беришди. Улар Довудга: «Ўрнингиздан туриб, тезда дарёни кечиб ўтинг. Чунки Охитўфел сизга қарши шундай-шундай дея маслаҳат берди»+,— дейишди. 22  Довуд шу заҳотиёқ барча одамлари билан ўрнидан туриб, Иорданни кечиб ўтди. Тонг отгунча, Иорданни кечиб ўтмаган битта ҳам киши қолмади. 23  Охитўфел унинг маслаҳатига кўра иш тутишмаганини кўриб, эшакни эгарлади-да, ўз шаҳридаги уйига кетди+. Хонадонидагиларга йўл-йўриқлар бергач+, ўзини осиб ўлдирди+. У ота-боболари дафн этилган жойга қўйилди. 24  Бу орада Довуд Моханайимга+ келди. Абсалом эса барча исроилликлар билан Иорданни кечиб ўтди. 25  Абсалом Йўабнинг+ ўрнига Эмосани+ лашкарбоши этиб тайинлади. Эмоса исроиллик Йитро билан Нахошнинг қизи Обигайлнинг+ ўғли эди. Обигайл, Йўабнинг онаси Зеруянинг синглиси эди. 26  Абсалом билан исроилликлар Гилад ерида+ қароргоҳ қуришди. 27  Довуд Моханайимга келиши биланоқ, оммонликларнинг Рабба шаҳридан+ Нахош ўғли Шўви, Лўдавордан Омиёл ўғли Мохир+ ҳамда Рўғолимдан гиладлик Борзулай+ унга 28  тўшаклар, тоғоралар, сопол идишлар, буғдой, арпа, ун, қовурилган дон, ловия, ясмиқ, қизартириб қовурилган дон, 29  асал, сариёғ, қўйлар ва пишлоқ* олиб келишди. Улар: «Одамлар саҳрода оч қолиб, ҳолдан тойишган ва чанқаб қолишган»+,— дея бу нарсаларни Довуд билан одамлари ейиши учун олиб келишди+.

Изоҳлар

Ёки «қўллари бўшашганда».
Бошқа вариант «даштларда».
Сўзма-сўз «қорамолнинг ивиган сути».