Шоҳлар иккинчи китоб 2:1–32

  • Довуд Яҳудо шоҳи бўлади (1–7)

  • Ишбосит Исроил шоҳи бўлади (8–11)

  • Довуд ва Шоул хонадонлари ўртасидаги жанг (12–32)

2  Бундан сўнг, Довуд Яҳовадан: «Яҳудо шаҳарларининг бирортасига борайми?» — деб сўради+. Яҳова унга: «Бор»,— деб айтди. Довуд: «Қайси шаҳрига борай?» — деб сўради. У жавобан: «Хевронга+ бор»,— деди.  Шунда Довуд иккита хотини: йизриллик Охинавам+ ҳамда кармиллик Наволнинг беваси Обигайл+ билан бирга ўша ерга йўл олди.  Шунингдек, Довуд ёнидаги одамларини+ ва ҳар бирининг хонадон аҳлини ўзи билан олиб кетди. Улар Хеврон яқинидаги шаҳарларга ўрнашдилар.  Кейин Яҳудо аҳолиси келиб, ўша ерда Довудни мойлаб, Яҳудо хонадони устидан шоҳ этиб тайинлади+. Улар Довудга: «Ёбош-Гилад аҳолиси Шоулни дафн этди»,— деб айтишди.  Довуд Ёбош-Гилад аҳолисига хабарчиларни юбориб, шундай деди: «Яҳова сизларга барака берсин. Чунки сизлар тақсирингиз Шоулни дафн қилиб+, унга меҳр-садоқат намоён этдингиз.  Яҳова сизларга меҳр-садоқати ва ишончини намоён этсин. Бу ишингиз учун мен ҳам сизларга яхшилик қиламан+.  Энди кучли ва жасоратли бўлинглар, чунки тақсирингиз Шоул вафот этди. Яҳудо хонадонидагилар эса мени мойлаб, ўзлари устидан шоҳ этиб тайинлашди».  Бироқ Шоулнинг лашкарбошиси Нир ўғли Абнур+, Шоул ўғли Ишбоситни+ олиб дарёни кечиб ўтди-да, Моханайимга+ бориб,  Ишбоситни Гилад+, ошурийлар, Йизрил+, Эфрайим+, Бенямин ҳамда бутун Исроил устидан шоҳ этиб тайинлади. 10  Шоулнинг ўғли Ишбосит Исроил устидан шоҳ этиб тайинланганида 40 ёшда эди. У Исроилда икки йил ҳукмронлик қилди. Аммо Яҳудо хонадони Довудни қўллаб-қувватлади+. 11  Довуд Хевронда Яҳудо хонадони устидан етти йилу олти ой шоҳлик қилди+. 12  Бир мунча вақт ўтиб, Нир ўғли Абнур ҳамда Шоул ўғли Ишбоситнинг хизматкорлари Моханайимдан+ Гивонга+ йўл олишди. 13  Зеруя+ ўғли Йўаб+ билан Довуднинг хизматкорлари эса Хеврондан йўлга чиқишди ва Гивон ҳовузи ёнида уларга дуч келиб қолишди. Битта гуруҳ ҳовузнинг бир томонида, иккинчи гуруҳ бошқа томонида турди. 14  Абнур Йўабга: «Йигитларимиз чиқиб, олдимизда жанг қилишсин*»,— деб айтди. Йўаб унга: «Майли, чиқишсин»,— деди. 15  Шундай қилиб, улар ўринларидан қўзғалишди, Бенямин қабиласи ҳамда Шоул ўғли Ишбосит томонидан 12 киши, Довуднинг хизматкорларидан 12 киши чиқди. 16  Улар бир-бирининг бошидан ушлаб, ҳар бири рақибининг биқинига қиличини суқди ва уларнинг ҳаммаси бараварига ерга қулади. Шу боис, Гивондаги ўша ер Хелкат-Хазурим* деб аталадиган бўлди. 17  Оқибатда ўша куни қаттиқ жанг бўлди. Абнур билан Исроил эркаклари Довуднинг хизматкорлари олдида мағлуб бўлишди. 18  Ўша ерда Зеруянинг учта ўғли+ — Йўаб+, Абушай+ ва Осойил+ бор эдилар. Осойил ёввойи ғизол сингари тез чопарди. 19  Осойил ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмай, Абнурнинг орқасидан қувиб кетди. 20  Абнур ортига қараб: «Осойил, бу сенмисан?» — деб сўради. У эса: «Ҳа, менман»,— деб жавоб берди. 21  Шунда Абнур унга: «Мени таъқиб қилма. Йигитлардан бирортасини қўлга тушириб, ўзингга керакли нарсани ўлжа қилиб ол»,— деди. Бироқ Осойил уни таъқиб қилишни тўхтатмади. 22  Абнур яна бир бор Осойилга: «Мени таъқиб қилишни бас қил, акс ҳолда ер тишлатаман. Кейин аканг Йўабнинг юзига қандай қарайман?» — деб айтди. 23  Лекин Осойил уни таъқиб қилишни тўхтатмади. Шунда Абнур найзасининг орқа учи билан унинг қорнига урди+. Найза унинг орқасидан тешиб чиқди ва у ўша жойда ерга қулаб, жон берди. Осойилнинг жасади ётган жойга етиб келганларнинг ҳаммаси унинг ёнида тўхтаб қоларди. 24  Йўаб билан Абушай эса Абнурнинг орқасидан қувиб кетишди. Қуёш ботар пайти, улар Гивон саҳросига олиб борадиган йўл устида жойлашган Гиёҳ қаршисидаги Омоҳ тепалигига етиб келишди. 25  Бенямин қабиласидан бўлганлар эса Абнурнинг атрофига йиғилишди. Улар бир гуруҳ бўлиб, бир тепалик устида туришди. 26  Абнур Йўабга: «Қачонгача бир-биримизни ўлдирамиз?! Бунинг охири вой бўлишини билмайсанми?! Биродарларини таъқиб қилмасликни одамларингга қачон айтасан?!» — деб ҳайқирди. 27  Йўаб унга: «Барҳаёт Аллоҳ ҳаққи қасам ичиб айтаманки, бу ҳақда оғиз очмаганингда, одамларим биродарларини эрталабгача таъқиб қилган бўлишарди»,— деб айтди. 28  Йўаб бурғу чалди ва одамлари исроилликларни таъқиб қилишдан тўхтаб, жанг қилмадилар. 29  Абнур билан одамлари ўша куни туни билан Араба+ орқали юриб, Иорданни кечиб ўтишди ва бутун дара* бўйлаб йўл босиб, охири Моханайимга+ етиб келишди. 30  Йўаб Абнурни таъқиб қилишдан қайтгач, одамларини йиғди. Осойилни ҳисобламаганда, Довуднинг 19 нафар одами ҳалок бўлгани маълум бўлди. 31  Довуднинг одамлари эса, Бенямин қабиласидагилар билан Абнурнинг одамларидан 360 тасини ўлдиришган экан. 32  Улар Осойилнинг+ жасадини олиб, отасининг Байтлаҳмдаги+ қабрига қўйишди. Сўнг Йўаб тун бўйи одамлари билан йўл юриб, тонготар пайти Хевронга+ етиб келди.

Изоҳлар

Ёки «беллашиб кўришсин».
Маъноси «чақмоқтошдан ясалган пичоқлар даласи».
Бошқа вариант «Битрон».