Шоҳлар иккинчи китоб 20:1–26

  • Шава исён кўтаради; Йўаб Эмосани ўлдиради (1–13)

  • Шава таъқиб этилади ва боши танасидан жудо қилинади (14–22)

  • Довуднинг бошқаруви (23–26)

20  Ўша ерда Шава+ исмли бир иғвогар киши бор эди. У Бенямин қабиласидан бўлмиш Бихри деган кишининг ўғли эди. Шава бурғу чалиб+: «Эссайнинг ўғли Довудда улушимиз ҳам, меросимиз ҳам йўқ+. Эй Исроил, ҳар бирингиз ўз худоларингизга* қайтинглар!»+ — деди. 2  Шунда барча исроилликлар Довудга эргашмай қўйиб, Бихрининг ўғли Шавага эргашишди+. Аммо яҳудоликлар шоҳларини тарк этмай, уни Иордан дарёсидан Қуддусгача кузатиб боришди+. 3  Довуд Қуддусдаги саройига+ қайтгач, саройга қараб туриш учун қолдириб кетган ўнта канизагини олиб+, уларни соқчилар қўриқлайдиган уйга жойлаштирди. Довуд уларни озиқ-овқат билан таъминлаб турди, аммо улар билан ётмади+. Канизаклар умрларининг охиригача уй қамоғида яшаб, эрлари тирик бўлишига қарамай, бевалардай ҳаёт кечиришди. 4  Шоҳ Эмосага+: «Уч кун ичида яҳудоликларни олдимга чақириб кел, ўзинг ҳам шу ерда бўл»,— деди. 5  Эмоса яҳудоликларни чақириш учун йўлга чиқди. Лекин у белгиланган вақтдан кечроқ келди. 6  Кейин Довуд Абушайга+: «Бихрининг ўғли Шава+ бизга Абсаломдан ҳам кўпроқ зарар етказиши мумкин+. У мустаҳкам шаҳарлардан бирига кириб, қутулиб қолмаслиги учун, хизматкорларимни* ёнингга олгин-да, унинг кетидан қувиб бор»,— деб айтди. 7  Шундай қилиб, Йўабнинг+ одамлари, шоҳнинг шахсий тансоқчилари*+ ҳамда барча қудратли кишилар Абушайга эргашишди. Улар Қуддусдан чиқиб, Бихри ўғли Шаванинг кетидан қувиб кетишди. 8  Улар Гивондаги+ улкан тошга яқинлашиб қолишганида, Эмоса+ уларга пешвоз чиқди. Йўаб аскарлик кийимини кийиб олган, қиличини қинига солиб, камарига осиб олган эди. У олдинга қадам ташлаши билан, қилич тушиб кетди. 9  Йўаб Эмосадан: «Эсон-омон юрибсизми, биродарим?» — деб сўради-да, Эмосани ўпмоқчидек бўлиб, ўнг қўли билан унинг соқолидан ушлади. 10  Эмоса Йўабнинг қўлидаги қиличга эътибор бермади. Йўаб қилични унинг қорнига суққан эди+, Эмосанинг ичак-човоқлари чиқиб кетиб, ерга тўкилди ва унга қайта зарба беришга ҳожат қолмади. Уни ўлдириш учун битта зарбанинг ўзи етарли бўлди. Сўнг Йўаб билан унинг акаси Абушай, Бихри ўғли Шаванинг ортидан қувиб кетишди. 11  Йўабнинг йигитларидан бири Эмосанинг олдида туриб: «Ким Йўаб томонда бўлса, ким Довудга қарашли бўлса, Йўабга эргашсин!» — дерди. 12  Эмоса йўлнинг ўртасида қонга беланиб ётарди. Ўша йигит, одамлар Эмосанинг жасади ёнига келиб тўхтаётганини кўриб, жасадни йўлдан далага судраб борди-да, устига кийим ташлаб қўйди. 13  У жасадни йўлдан судраб чиқарганидан кейин, одамларнинг бари Бихри ўғли Шаванинг+ кетидан қувиш учун Йўабга эргашди. 14  Шава Исроилнинг барча қабилалари бўйлаб ўтиб, Овил-Байт-Махога+ келди. Бихри авлодлари биргаликда йиғилиб, унинг ортидан шаҳарга киришди. 15  Йўаб билан одамлари келиб, Шавани Овил-Байт-Махода қамал қилишди ва кўтарма девор билан қуршалган шаҳар атрофига қиялатиб тупроқ уйишди. Кейин Йўаб билан барча одамлари шаҳар деворини қулатиш учун девор тагини қазий бошлашди. 16  Шаҳар деворидан бир доно аёл: «Эй одамлар, қулоқ солинглар, эшитинглар! Илтимос, Йўабга айтинглар бу ерга келсин. Унга айтадиган гапим бор»,— дея бақирди. 17  Йўаб ўша аёлга яқин борди ва аёл ундан: «Йўаб сиз бўласизми?» — деб сўради. У: «Ҳа, менман»,— деб жавоб қайтарди. Аёл унга: «Чўрингизнинг сўзларини эшитинг»,— деб айтди. Йўаб: «Гапиравер, қулоғим сенда»,— деди. 18  Аёл унга шундай деди: «Илгари доим мана бундай дейишар эди: “Овил шаҳрига бориб сўранглар. Шунда масалангиз албатта ҳал бўлади”. 19  Мен Исроилнинг тинчликсевар ва садоқатли кишилари номидан гапиряпман. Сиз Исроилда она каби бўлган шаҳарни яксон қилмоқчисиз. Нега Яҳованинг меросини йўқ қилиб юбормоқчисиз?»+ 20  Йўаб унга: «Шаҳарни вайрон этиб, йўқ қилиш хаёлимга ҳам келмаган эди. 21  Бу ерда гап бошқа нарсада: Эфрайим тоғли ҳудудидан+ бўлмиш Бихрининг ўғли Шава+ шоҳ Довудга қарши исён кўтарди. Агар уни қўлимга топширсангизлар, мен шаҳарни тарк этаман»,— деб айтди. Ўша аёл Йўабга: «Бўпти, унинг боши сизга девордан улоқтирилади!» — деди. 22  Доно аёл ўша заҳотиёқ шаҳар аҳолисига мурожаат қилиб, бор гапни айтиб берди. Улар Бихри ўғли Шаванинг бошини танасидан жудо қилиб, Йўабга улоқтиришди. Йўаб бурғу чалди ва улар шаҳарни тарк этиб, ҳар бири ўз уйига қайтиб кетди+. Йўаб эса Қуддусга — шоҳнинг олдига қайтди. 23  Йўаб Исроил қўшинининг лашкарбошиси+, Ёҳайидо+ ўғли Бинаё+ шоҳнинг шахсий тансоқчилари+ бошлиғи эди. 24  Одорам+ шоҳга хизмат қилиш учун ёлланган ишчилар устидан бошлиқ эди. Охилуд ўғли Ёҳушафат эса тарихнавис эди+. 25  Шаво — котиб; Зодўх+ билан Абуатар+ руҳоний эдилар. 26  Ёвирлик Эро Довуднинг бош амалдорларидан* бири бўлди.

Изоҳлар

Бошқа вариант «чодирларингизга».
Сўзма-сўз «ҳазратингнинг хизматкорларини».
Сўзма-сўз «харетийлар билан палатийлар».
Сўзма-сўз «руҳонийларидан».