Шоҳлар иккинчи китоб 21:1–22

  • Гивонликлар Шоул хонадонидан қасос олишади (1–14)

  • Филистимликларга қарши жанглар (15–22)

21  Довуднинг даврида уч йил кетма-кет очарчилик бўлди+. Шунда Довуд Яҳовадан маслаҳат сўради ва Яҳова унга: «Шоул гивонликларни ўлдиргани учун, у ва унинг хонадони қон тўкканликда айбдор ҳисобланади»+,— деди.  Шоҳ гивонликларни+ чақиртириб келди ва улар билан гаплашди. (Аслида гивонликлар исроиллик эмас эди. Улар аморийлардан+ қолган бир халқ бўлиб, исроилликлар уларни йўқ қилмасликка қасам ичишган эди+. Бироқ Шоул гивонликларнинг исроилликлар ва яҳудоликлар билан бирга яшашига тоқат қилмай, уларни йўқ қилиш пайига тушган эди.)  Довуд гивонликларга: «Сизлар учун нима қилай? Яҳованинг мулкини дуо қилишингиз учун, гуноҳни қандай ювсам бўлади?» — деди.  Гивонликлар унга: «Шоул ва хонадонининг гуноҳини кумуш ёки олтин бериб ювиб бўлмайди+. Исроилда бировни ўлдиришга эса бизнинг ҳаққимиз йўқ»,— дейишди. Шунда у: «Нимани истасангизлар шуни қиламан»,— деб айтди.  Улар шоҳга: «Бизни қирғин қилган ва Исроил юртининг бутун ҳудудидан йўқ қилишни режалаштирган одам+ учун,  унинг авлодидан етти киши бизга топширилсин. Биз уларнинг жасадларини+ Яҳова шоҳ этиб танлаган Шоулнинг+ шаҳри Гивога+ олиб бориб, Яҳованинг олдида осиб қўямиз»,— деб айтишди. Шоҳ: «Уларни сизларга топшираман»,— деди.  Лекин Шоулнинг невараси, Йўнатан ўғли Мефибоситга+ шоҳ раҳм қилди. Чунки Довуд Яҳова олдида Шоулнинг ўғли Йўнатан билан қасамёд қилган эди+.  Шоҳ, Оёнинг қизи Ризпа+ Шоулга туғиб берган иккита ўғли Орманах билан Мефибоситни ҳамда махлалик Борзулай ўғли Одриёлга+ Шоулнинг қизи Михал*+ туғиб берган бешта ўғлини олди-да,  уларни гивонликларга топширди. Гивонликлар уларни ўлдириб, жасадларини Яҳованинг олдида тоғда осишди+. Еттови биргаликда ҳалок бўлди. Улар ўрим-йиғимнинг биринчи куни — арпа ўрим-йиғими бошланганда ўлдирилди. 10  Оёнинг қизи Ризпа+ жул матони олиб, қоя устига тўшади ва ўрим-йиғим бошлангандан то жасадлар устига ёмғир ёққунига қадар ўша ерда бўлди. У жасадларни кундузи устига қушлар қўнишидан, кечаси даладаги йиртқич ҳайвонлардан ҳимоя қилиб турди. 11  Шоулнинг канизаги бўлмиш Оёнинг қизи Ризпа нима қилганини Довудга айтиб беришди. 12  Шунда Довуд Ёбош-Гилад раҳбарлари*+ олдига бориб, Шоул билан унинг ўғли Йўнатаннинг суякларини олиб келди. Филистимликлар Гилбовада Шоулни ўлдириб, ўғли билан унинг жасадини Байт-Шандаги майдонга осиб қўйишганида, Ёбош-Гилад раҳбарлари жасадларни майдондан ўғирлаб кетишган эди+. 13  Довуд Шоул билан унинг ўғли Йўнатаннинг суякларини у ердан олиб келди. Ўлдирилган кишиларнинг суякларини ҳам йиғиб олишди+. 14  Сўнг Шоул билан унинг ўғли Йўнатаннинг суякларини Бенямин қабиласига қарашли Зилада+, Шоулнинг отаси Кишнинг+ мақбарасига қўйишди. Улар шоҳнинг ҳамма айтганларини қилгандан кейин, Худо уларнинг юрт учун қилган илтижоларини эшитди+. 15  Филистимликлар билан Исроил ўртасида яна уруш бошланди+. Довуд ва унинг хизматкорлари филистимликлар билан жанг қилишди. Бироқ урушда Довуд ҳолдан тойиб қолди. 16  Рафаимлар+ авлодидан бўлган Йишбибанўв исмли киши Довудни ўлдирмоқчи бўлди. У оғирлиги 300 шекел* келадиган мис найза+ ва янги қилич билан қуролланган эди. 17  Шу пайт Зеруянинг ўғли Абушай+ Довудга ёрдамга келиб+, филистимликни жароҳатлаб ўлдирди. Шунда Довуднинг одамлари: «Исроилнинг чироғи ўчиб қолмаслиги учун+, бундан кейин биз билан урушга бормайсиз!»+ — деб унга қасам ичишди. 18  Бундан кейин Говда яна филистимликлар билан жанг бўлди+. Жангда хушалик Сиббахай+ рафаимлар+ авлодидан бўлган Соф деган кишини ўлдирди. 19  Говда яна бир бор филистимликлар билан жанг бўлди+. Байтлаҳмлик Ёвир-Орғимнинг ўғли Элханон гатлик Гўлиётни ўлдирди. Гўлиётнинг қўлида сопи тўқувчилик дастгоҳининг ходасидай катта найзаси бор эди+. 20  Кейин Гатда ҳам уруш бўлди. Урушда ҳар бир қўлида ва ҳар бир оёғида 6 тадан, жами 24 та бармоғи бўлган девқомат бир киши қатнашди. У ҳам рафаимлар авлодидан эди+. 21  У Исроилни масхара қилгани учун+, Довуднинг акаси Шимейнинг*+ ўғли Йўнатан уни ўлдирди. 22  Бу тўртала киши Гат шаҳридан бўлиб, рафаимлар авлодидан эди. Улар Довуд ва унинг хизматкорлари қўлидан ҳалок бўлишди+.

Изоҳлар

Бошқа вариант «Мерав».
Бошқа вариант «ер эгалари».
1Сл 20:7 да «Шимо»; 1Шҳ 16:9 да «Шаммох».