Шоҳлар иккинчи китоб 24:1–25

  • Халқни рўйхатга олиб Довуд гуноҳ қилади (1–14)

  • Ўлатдан 70 000 та одам ҳалок бўлади (15–17)

  • Довуд қурбонгоҳ қуради (18–25)

    • Текинга келган нарсалар назр қилинмайди (24)

24  Бир кимса* Довудни: «Бориб, Исроил билан Яҳудони санаб чиқ»+,— деб ундаганида+, Исроилга нисбатан Яҳованинг ғазаби яна аланга олди+.  Шоҳ ёнида турган лашкарбоши Йўабга+: «Қанча одамим борлигини билишим учун, Исроилнинг барча қабилаларини — Дандан Бэршэвагача+ бўлган ҳудудни айланиб чиқиб, халқни рўйхатга олгин»,— деди.  Бироқ Йўаб шоҳга: «Илоҳим, Тангрингиз Яҳова халқни 100 карра кўпайтирсин ва шоҳ ҳазратлари буни ўз кўзлари билан кўрсинлар. Лекин шоҳ ҳазратлари нега бундай қилишни истаяптилар?» — деб айтди.  Аммо шоҳнинг сўзи Йўаб ҳамда қўшин сардорларининг сўзидан устун келди. Шунда Йўаб билан қўшин сардорлари шоҳ ҳузуридан чиқиб, Исроил халқини рўйхатга олгани кетишди+.  Улар Иордан дарёсини кечиб ўтиб, водий ўртасида жойлашган шаҳарнинг ўнг тарафида*, Ароер+ ёнида қароргоҳ қуришди. У ердан чиқиб, гадликлар ҳудудига ҳамда Язирга+ йўл олишди.  Сўнг улар Гиладга+ ва Тахтим-Ходши диёрига қараб кетишди ва Данёнгача боришди. Кейин бурилиб Сидонга+ йўл олишди.  Сидондан чиқиб, Тир+ қалъасига ҳамда хивийлар+ билан канъонликларнинг шаҳарларига боришди. Охири улар Нагавдаги+ Бэршэвага+, яъни Яҳудо ерларига етиб келишди.  Шу тариқа, улар бутун юртни айланиб чиқиб, 9 ою 20 кундан кейин Қуддусга қайтиб келишди.  Йўаб рўйхатга олинганларнинг сонини шоҳга маълум қилди. Исроилда қилич билан қуролланган 800 000 та, Яҳудода эса 500 000 та жангчи бор эди+. 10  Халқни санаб бўлгандан кейин Довуднинг виждони* қийналди+. Довуд Яҳовага: «Бу ишга қўл уриб, мен катта гуноҳ қилдим+. Аҳмоқона йўл тутганим учун+, илтимос, Яҳова, хизматкорингнинг гуноҳини кечир»+,— деди. 11  Эрталаб Довуд уйқудан турганда, Довудга ваҳийлар айтиб берувчи Гад+ пайғамбарга Яҳова қуйидаги хабарни юборди: 12  «Бориб Довудга айт: “Яҳова шундай демоқда: “Сенга учта жазо таклиф қиламан. Қай бирини танласанг, ўша жазони сенга юбораман”+». 13  Гад пайғамбар Довуднинг олдига келиб: «Учаласидан қай бирини танлайсиз: юртингизда етти йил очарчилик бўлишиними+ ёки сизни таъқиб қиладиган душманларингиздан уч ой қочиб юришними+, ё бўлмаса юртингизда уч кун ўлат бўлишиними?+ Яхшилаб ўйлаб кўриб, мени Юборганга нима деб жавоб беришимни айтинг»,— деди. 14  Довуд Гад пайғамбарга: «Жоним азобда қолди. Одам қўлига тушгандан кўра+, Яҳованинг қўлига тушганимиз яхшироқ+, чунки У ниҳоятда раҳм-шафқатли»+,— деб жавоб берди. 15  Сўнг, Яҳова эрталабдан то белгиланган вақтга қадар Исроилга ўлат юборди+. Дандан Бэршэвагача+ 70 000 одам ҳалок бўлди+. 16  Фаришта ҳалокат келтириш учун қўлини Қуддус томон узатганида, Яҳова ўлат юборганидан қайғуриб+, халқни қирғин қилаётган фариштага: «Етар! Қўлингни тушир!» — деди. Яҳованинг фариштаси ёбусий+ Аравнонинг хирмонига яқинлашиб қолган эди+. 17  Халқни қирғин қилаётган фариштани кўриб, Довуд Яҳовага: «Гуноҳ қилган менман-ку. Бу қилмишга фақат мен қўл урганман. Бу халқда*+ нима айб?! Илтимос, мени ва отам хонадонини жазолагин»+,— деб айтди. 18  Ўша куни Гад пайғамбар Довуднинг олдига келиб: «Ёбусий Аравнонинг хирмонига боринг-да, ўша ерда Яҳовага атаб қурбонгоҳ барпо этинг»+,— деди. 19  Довуд, Яҳова унга буюрганидай, Гад пайғамбарнинг гапига қулоқ солиб, хирмонга борди. 20  Аравно шоҳ билан унинг хизматкорлари у томон келаётганини кўриб, дарҳол унга пешвоз чиқди ва юзи ерга теккудай бўлиб шоҳга таъзим қилди. 21  Аравно шоҳдан: «Шоҳ ҳазратлари хизматкорининг олдига нима учун ташриф буюрдилар?» — деб сўради. Довуд унга: «Халққа қирғин келтираётган ўлат тўхташи учун+, сендан хирмонни сотиб олиб, шу ерда Яҳовага атаб қурбонгоҳ бунёд этмоқчиман»,— деб жавоб берди. 22  Аравно Довудга: «Шоҳ ҳазратлари хирмонни олиб, ўзларига нима маъқул бўлса шуни қилаверсинлар. Куйдириладиган қурбонлик учун буқаларим бор. Хўптир* билан бўйинтуруқлар эса ўтин учун ярайди. 23  Эй шоҳим, буларнинг ҳаммасини сизга бераман»,— деди. Кейин Аравно шоҳга: «Илоҳим, Тангрингиз Яҳова сизга илтифот кўрсатсин»,— деб айтди. 24  Бироқ шоҳ Аравнога: «Йўқ, мен сотиб оламан. Текинга келган нарсаларни Худойим Яҳовага куйдириладиган қурбонликлар сифатида назр қилмайман»,— деди. Шундай қилиб, Довуд хирмон билан буқаларни 50 шекел* кумушга сотиб олди+. 25  Довуд ўша ерда Яҳовага атаб қурбонгоҳ бунёд этиб+, куйдириладиган қурбонликлар билан тинчлик қурбонликларини келтирди. Шунда Яҳова уларнинг юрт учун қилган илтижоларини эшитди+ ва Исроилга юборилган ўлат тўхтади.

Изоҳлар

Ёки «У». 1Сл 21:1 га қ.
Ёки «жанубида».
Сўзма-сўз «юраги».
Сўзма-сўз «қўйларда».
Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.