Шоҳлар иккинчи китоб 3:1–39
3 Шоул хонадони билан Довуд хонадони ўртасидаги уруш узоқ вақт давом этди. Довуд кучайиб борар+, Шоулнинг хонадони эса тобора заифлашарди+.
2 Бу орада Хевронда Довуднинг ўғиллари дунёга келди+. Тўнғич ўғли Омнўн+ бўлиб, у йизриллик Охинавамдан+ туғилган эди.
3 Иккинчиси Хилов* бўлиб, у кармиллик Наволнинг беваси Обигайлдан+ туғилган эди. Учинчиси Абсалом+ эди. У Гашур шоҳи Талмайнинг+ қизи Маходан туғилган эди.
4 Тўртинчиси Одониё+ бўлиб, Хаггитдан туғилган эди. Бешинчиси Шафатиё бўлиб, Обидадан туғилган эди.
5 Олтинчиси Йитраём бўлиб, Довуднинг Эглах деган хотинидан туғилган эди. Довуднинг бу ўғиллари Хевронда таваллуд топган эди.
6 Шоул билан Довуднинг хонадонлари ўртасида уруш давом этаркан, Шоул хонадонида Абнур+ тобора кучайиб бораверди.
7 Шоулнинг Ризпа+ исмли канизаги бор бўлиб, у Оё деган кишининг қизи эди. Бир куни Ишбосит+ Абнурга: «Нега отамнинг канизаги билан ётдинг?»+ — деди.
8 Ишбоситнинг гапларидан Абнурнинг қаттиқ жаҳли чиқди ва шундай деди: «Нима, мен яҳудолик итманми*? Шу кунгача отанг Шоулнинг хонадонига, унинг биродарларию дўстларига меҳр-садоқат кўрсатиб келдим. Сенга хиёнат қилиб, Довуднинг қўлига топширмадим. Бугун эса шу аёлни деб мени айблаб ўтирибсанми?
9 Агар Яҳованинг Довудга қасам ичиб айтганларини+ бажармасам, Худо мени не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин.
10 У шоҳликни Шоул хонадонидан олиб, Довудга беришни ва Довуднинг тахтини Дандан Бэршэвагача+ — Исроил билан Яҳудо устидан ўрнатишга қасам ичган эди».
11 Ишбосит Абнурдан қўрқиб қолгани учун унга ҳеч қандай жавоб қайтармади+.
12 Абнур дарҳол Довуднинг олдига хабарчилар жўнатиб: «Бу юрт кимга тегишли?» — деб айтди. Сўнг: «Мен билан аҳдлашинг. Шунда бутун Исроилни сиз томонга оғдириш учун қўлимдан келганини қиламан»+,— деди.
13 Довуд унга: «Маъқул! Мен сиз билан аҳд қиламан. Лекин битта шартим бор: мени кўргани келганингизда, Шоулнинг қизи Михални+ ҳам олиб келинг, акс ҳолда мен билан кўриша олмайсиз»,— деб жавоб қайтарди.
14 Шундан кейин Довуд Шоул ўғли Ишбоситнинг+ олдига хабарчилар жўнатиб: «Хотиним Михални менга қайтариб бер. Мен 100 та филистимликнинг суннат териси эвазига у билан унаштирилган эдим»+,— деб айтди.
15 Ишбосит Михални олиб келиш учун Лайиш ўғли Палтиёлнинг*+ олдига одамларини юборди.
16 Михалнинг эри Бохуримгача+ изидан йиғлаб борди. Шунда Абнур унга: «Қайт орқангга!» — деди ва у қайтиб кетди.
17 Бу орада Абнур Исроил оқсоқоллари олдига шундай хабар юборди: «Анчадан бери Довуд устингиздан шоҳ бўлишини хоҳлаб юрган эдингизлар.
18 Энди ҳаракатингизни қилинг! Ахир Яҳова Довудга: “Хизматкорим Довуднинг+ қўли билан халқим Исроилни филистимликлар ҳамда барча душманлари қўлидан халос этаман”,— деган эди».
19 Сўнг Абнур Бенямин одамлари+ билан гаплашди. Шунингдек, Абнур Довуднинг олдига — Хевронга яширинча бориб, Исроил ва бутун Бенямин хонадони нималарга рози бўлганини унга маълум қилди.
20 Абнур 20 та одами билан Довуднинг олдига — Хевронга келди. Довуд уларга зиёфат берди.
21 Шунда Абнур Довудга: «Рухсат этсангиз, бориб бутун Исроилни шоҳ ҳазратларининг олдига йиғиб келсам. Шунда улар сиз билан аҳд қилишади ва ўзингиз истагандек бутун юрт устидан шоҳ бўласиз»,— деб айтди. Сўнг Довуд Абнурга ижозат берди ва у эсон-омон жўнаб кетди.
22 Шу пайт Довуднинг хизматкорлари ва Йўаб ниҳоятда кўп ўлжа билан ҳарбий юришдан қайтиб келишди. Абнур эса Хевронда — Довуднинг олдида эмас эди, чунки Довуд унга ижозат берган ва у эсон-омон жўнаб кетган эди.
23 Йўаб+ ва у билан бўлган бутун қўшин келгач, Йўабга: «Нир+ ўғли Абнур+ шоҳнинг олдига келган эди. Шоҳ уни қўйиб юборди ва у эсон-омон жўнаб кетди»,— дейишди.
24 Йўаб шоҳнинг ҳузурига кириб шундай деди: «Нима қилиб қўйдингиз?! Абнурнинг ўзи олдингизга келибди-ку! Нега бемалол кетишига йўл қўйдингиз?!
25 Нир ўғли Абнур қанақа одам эканини биласиз-ку! У сизни алдаб, қаерларга бориб келаётганингизни, нималар қилаётганингизни билиб олиш учун бу ерга келган».
26 Йўаб Довуднинг ҳузуридан чиқиб, Абнурнинг орқасидан хабарчиларни жўнатди. Улар Сиро сардобаси олдидан уни орқага қайтаришди. Аммо Довуднинг бундан хабари йўқ эди.
27 Абнур Хевронга қайтгач+, Йўаб холи қолиб гаплашиш учун уни дарвозахонага олиб кирди. Лекин унинг қорнига қилич суқиб, укаси Осойилни ўлдиргани учун+ ундан ўч олди ва Абнур жон таслим қилди+.
28 Кейин бу хабар Довуднинг қулоғига етиб борди ва у қуйидагиларни айтди: «Яҳова олдида мен ҳам, шоҳлигим ҳам Нир ўғли Абнурнинг қони тўкилишида+ умуман айбдор эмас.
29 Бу айб Йўаб ҳамда унинг бутун ота хонадони бўйнида бўлсин+. Йўабнинг хонадонидан ажралма оқишдан қийналадиган+, мохов+, ип йигирадиган эркак*, қиличдан ҳалок бўладиган ва нонга зор одам асло аримасин!»+
30 Шундай қилиб, Гивонда бўлган жангда уларнинг укаси Осойилни ўлдиргани учун+, Йўаб билан Абушай+ Абнурни+ ўлдиришди.
31 Кейин Довуд Йўабга ва унинг ёнидаги одамларга: «Кийимларингизни йиртиб, жулга ўранинглар, Абнур учун йиғланглар»,— деди. Шоҳ Довуднинг ўзи эса тобутнинг орқасида борди.
32 Улар Абнурни Хевронда дафн этишди. Шоҳ Абнурнинг қабри олдида уввос тортиб йиғлади. Бутун халқ ҳам унга қўшилиб йиғлади.
33 Шоҳ Абнурга атаб қуйидаги марсияни куйлади:
«Абнур ақлсиз кишилардай ўлиши керакмиди?
34 Қўлларингиз боғлиқ эмасди,Оёқларингизга кишан* солинмаганди.
Жиноятчилар қўлидан ўлган инсондек вафот этдингиз»+.
Шунда бутун халқ яна у учун йиғлай бошлади.
35 Кундуз куни халқ Довудга тасалли бериш учун нон* олиб келди. Аммо Довуд: «Қуёш ботмасидан олдин нон ёки бирор нарса есам, Тангри мени не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин!»+ — дея қасам ичди.
36 Бутун халқ бўлиб ўтган воқеани кўрди ва бу уларга ёқди. Шоҳнинг ҳамма ишлари ҳам бутун халққа маъқул бўлди.
37 Шундай қилиб, Нир ўғли Абнурнинг ўлимида шоҳнинг айби йўқлигини Довуднинг ҳамма одамлари ҳамда бутун Исроил ўша куни тушуниб етди+.
38 Шоҳ хизматкорларига: «Бугун Исроилда ким ўлганини биласизларми? Бошқарувчидан, улуғ бир инсондан айрилдик+.
39 Гарчи мен мойланган шоҳ бўлсам-да+, бугун заифман. Зеруянинг мана бу ўғиллари+ эса тошбағир одамлар+. Яҳова ёмонлик қилган одамнинг қилмишига яраша қайтарсин»+,— деди.
Изоҳлар
^ 1Сл 3:1 да «Дониёр».
^ Сўзма-сўз «итнинг калласиманми».
^ 1Шҳ 25:44 да «Палти».
^ Эҳтимол, майиблиги дастидан аёлларнинг ишини бажаришга мажбур бўлган эркак киши назарда тутилган.
^ Сўзма-сўз «мис».
^ Ёки «аза нони».