Шоҳлар иккинчи китоб 7:1–29

  • Довуд маъбадни қурмайди (1–7)

  • Довуд билан қилинган шоҳлик ҳақидаги аҳд (8–17)

  • Довуднинг шукрона ибодати (18–29)

7  Шоҳ ўз саройида+ яшаб юрган эди. Яҳова ҳамма тарафдаги душманларидан қутқариб, унга тинчлик берган эди.  Шунда шоҳ Натан+ пайғамбарга: «Мен кедр дарахтидан+ қурилган саройда яшаб юрган бир пайтда, ҳақ Тангрининг сандиғи чодирда турибди»+,— деб айтди.  Натан шоҳга қуйидагича жавоб берди: «Юрагингизда қандай ниятингиз бўлса, бориб уни амалга оширинг, чунки Яҳова сиз билан»+.  Ўша куни кечаси Яҳова Натанга шундай сўзларни айтди:  «Бориб хизматкорим Довудга Менинг сўзларимни етказ: “Яҳова бундай деб айтмоқда: “Мен яшайдиган уйни сен қурасанми?+  Ахир Исроил халқини Миср юртидан олиб чиққанимдан буён Мен ҳеч бир уйда яшамай, то шу кунгача чодирма-чодир кўчиб юрибман+.  Шунча вақт исроилликлар билан юриб, Мен халқим Исроил устидан чўпон этиб тайинлаган бирорта қабила йўлбошчисига: “Нега Мен учун кедр дарахтидан уй қурмадинг?” — деб айтдимми?”  Хизматкорим Довудга бундай деб айт: “Қўшинлар Сарвари Яҳова қуйидагиларни айтмоқда: “Мен сени яйловдан, сурувни боқиб юрган жойдан олиб+, халқим Исроилга бош қилиб қўйдим+.  Қаерга бормагин, Мен сен билан бўлиб+, барча душманларингни олдингдан қириб ташлайман+ ва сенинг номингни ер юзидаги буюк инсонлар номи каби буюк қиламан+. 10  Халқим Исроил учун бир жой тайинлаб, уларни ўша ерга жойлаштираман. Улар ўша жойда яшашади ва ҳеч ким уларнинг тинчлигини бузмайди. Ёвуз одамлар энди илгаригидай уларга жабр-зулм қилмайди+. 11  Халқим Исроилга ҳакамларни тайинлаганимдан+ буён уларга жабр-зулм ўтказилмаяпти. Мен сени барча душманларингдан қутқариб, тинчлик бераман+. Яҳованинг Ўзи айтганидай, Яҳова сенга хонадон* барпо этади+. 12  Умринг охирлаб+, ота-боболарингга қўшилганингдан кейин, Мен зурриётингни*, сенинг ўғлингни шоҳ қилиб, унинг шоҳлигини мустаҳкам қилиб ўрнатаман+. 13  Менинг исмимга шараф келтирадиган уйни у қуради+ ва унинг шоҳлик тахтини Мен тоабад мустаҳкам қилиб ўрнатаман+. 14  Мен унинг отаси, у эса Менинг ўғлим бўлади+. Ёмонлик қилса, уни одамларнинг таёғи билан йўлга солиб, одам* ўғилларининг қамчиси билан жазолайман+. 15  Мен Шоулни сенинг олдингдан олиб ташлаб, уни Ўз меҳр-садоқатимдан маҳрум этган эдим+. Зурриётингни эса меҳр-садоқатимдан маҳрум қилмайман. 16  Сенинг хонадонинг ва шоҳлигингга ҳеч қачон хавф тегмайди. Тахтинг тоабад мустаҳкам ўрнатилган бўлади”+». 17  Натан бу сўзларнинг ҳаммасини ва бутун ваҳийни Довудга айтиб берди+. 18  Шоҳ Довуд Яҳованинг олдига келиб тиз чўкди ва шундай деди: «Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова! Мен ва менинг хонадоним ким бўлибдики, менга шунча яхшиликлар қилдинг?+ 19  Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, бунинг устига, хизматкоринг хонадонининг узоқ келажаги ҳақида ҳам гапиряпсан. Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, ахир бу жамики одамлар учун қонундир*. 20  Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, ҳаммасидан хабардорсан+. Хизматкоринг Довуд Сенга яна нима ҳам десин? 21  Бу улуғ ишларнинг барини Сен Ўз сўзингга ҳамда иродангга мувофиқ бажариб, Ўз хизматкорингга аён қилдинг+. 22  Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, шу боис ҳам Сен чинакамига буюк Худосан+. Сенга ўхшаши йўқ+. Гарчи биз кўп бошқа худолар ҳақида эшитган бўлсак-да, лекин Сендан ўзга Тангри йўқ!+ 23  Ер юзидаги қайси халқ Сенинг халқинг Исроилга ўхшайди?+ Эй Аллоҳ, Сен бориб уларни Ўз халқинг қилиб озод этдинг+, улар учун буюк ҳамда маҳобатли ишлар қилиб+, Ўз исмингни улуғладинг+. Ўз халқинг манфаатини кўзлаб, ўзга халқларни ва уларнинг худоларини қувдинг. Бу халқни Сен Ўзинг учун Мисрдан озодликка чиқардинг. 24  Халқинг Исроилни тоабад Ўз халқинг қилдинг+. Эй Яҳова, Сен уларнинг Худоси бўлдинг+. 25  Энди эса, эй, Тангри Яҳова, хизматкоринг ва унинг хонадонига тегишли ваъдангни ҳамиша адо эт, айтганларингни бажар+. 26  Сенинг исминг тоабад юксалсин+. Шунда одамлар: “Қўшинлар Сарвари Яҳова Исроилнинг Худосидир”,— дейишади. Хизматкоринг Довуд хонадони Сенинг олдингда мустаҳкам ўрнатилсин+. 27  Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова, Сен Ўз хизматкорингга: “Мен сен учун хонадон бунёд этаман”+,— деб аён қилдинг. Шу боис, хизматкоринг сенга бу сўзларни айтиб ибодат қилишга журъат этди. 28  Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, Сен ҳақ Тангрисан, Сенинг сўзларинг ҳақиқатдир+ ва бу яхши нарсаларни хизматкорингга ваъда қилдинг. 29  Агар Сенга маъқул бўлса, хизматкоринг хонадони Сенинг олдингда абадий туриши учун+, унинг хонадонига барака бер. Ахир Сен, эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, ваъда бердинг ва Сенинг бараканг туфайли хизматкоринг хонадони абадий барака топади»+.

Изоҳлар

Ёки «сулола».
Сўзма-сўз «уруғингни».
Бошқа вариант «Одамато».
Ёки «йўл-йўриқдир».