Шоҳлар учинчи китоб 1:1–53

  • Довуд ва Обиша (1–4)

  • Одониё тахтга ўтирмоқчи бўлади (5–10)

  • Натан билан Ботшева чора кўради (11–27)

  • Сулаймон шоҳ этиб тайинланади (28–40)

  • Одониё қурбонгоҳ ёнига қочиб боради (41–53)

1  Шоҳ Довуд кексайиб+, умри ҳам охирлаб қолган эди. Устига кўрпа ёпишса ҳам, ҳеч исина олмас эди.  Шунда хизматкорлари унга: «Ҳазратимизнинг хизматларида бўлиб, парвариш қилиши учун бир бокира қиз топиб келайлик. У шоҳ ҳазратимизнинг қўйнида ётиб, шоҳимизни иситсин»,— деб айтишди.  Шундай қилиб, улар бутун Исроил ҳудуди бўйлаб гўзал қиз излашди ва охири шунамлик+ Обишани+ топиб, шоҳ ҳузурига олиб келишди.  Қиз жуда гўзал эди. У шоҳни парвариш қилиб, унинг хизматида бўлди. Аммо шоҳ қиз билан жинсий алоқа қилмади.  Айни пайтда Хаггит ўғли Одониё+: «Мен шоҳ бўламан!» — дея ўзини катта ола бошлади. У ўзи учун арава ясатиб, чавандозлар ва 50 та қўриқчи* тўплади+.  Отаси бўлса ҳеч қачон: «Нега бундай қиляпсан?» — деб уни тергамас эди. Одониё Абсаломнинг укаси бўлиб, қадди-қомати келишган йигит эди.  У Зеруянинг ўғли Йўаб ва руҳоний Абуатар+ билан тил бириктирди. Улар Одониё томонига ўтиб, уни қўллаб-қувватлайдиган бўлишди+.  Бироқ руҳоний Зодўх+, Ёҳайидо ўғли Бинаё+, Натан+ пайғамбар, Шимей+, Рей ҳамда Довуднинг кучли жангчилари+ Одониёнинг тарафига ўтишмади.  Одониё Эн-Рўғол яқинидаги Зўхалат тоши ёнида қўй, қорамол ва бўрдоқиларни қурбонликка келтириб+, ҳамма ака-укалари — шаҳзодаларни ҳамда шоҳ хизматидаги барча яҳудийларни таклиф қилди. 10  Натан пайғамбарни, Бинаёни, Довуднинг кучли жангчиларини ва укаси Сулаймонни эса таклиф қилмади. 11  Шунда Натан+ Сулаймоннинг онаси+ Ботшевага+ деди: «Хаггитнинг ўғли Одониё+ шоҳ бўлганини эшитдингизми? Ҳазратимиз Довуднинг эса бундан хабарлари йўқ. 12  Келинг, сизга бир маслаҳат берайин. Бу туфайли ҳам ўзингизнинг, ҳам ўғлингиз Сулаймоннинг жонини сақлаб қоласиз+. 13  Шоҳ Довуднинг олдига бориб: “Ҳазрати олийлари, чўрингизга: “Мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади. У тахтимга ўтиради”,— дея онт ичган эмасмидингиз?!+ Нега унда Одониё шоҳ бўлди?” — деб айтинг. 14  Сиз шоҳ билан гаплашиб турганингизда, мен ҳам ичкарига кириб, сўзларингизни тасдиқлайман». 15  Ботшева бориб, шоҳнинг ётоқхонасига кирди. Шоҳ қартайиб қолган бўлиб, шунамлик Обиша+ унинг хизматида эди. 16  Ботшева ергача эгилиб шоҳга таъзим қилди. Шоҳ унга: «Тила тилагингни»,— деб айтди. 17  Ботшева жавобан деди: «Ҳазрати олийлари, ахир сиз чўрингизга Тангрингиз Яҳова ҳаққи онт ичиб: “Мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади. У менинг тахтимга ўтиради”+,— деган эдингиз-ку. 18  Энди бўлса Одониё шоҳ бўлиб олибди. Шоҳ ҳазратларининг эса бундан хабарлари йўқ+. 19  У бир талай буқа, бўрдоқи ва қўйларни қурбонликка келтириб, барча шаҳзодаларни, руҳоний Абуатар билан лашкарбоши Йўабни таклиф қилибди+. Ўғлингиз Сулаймонни эса таклиф қилмабди+. 20  Ҳозир эса, ҳазрати олийлари, бутун Исроил сизга кўз тикиб, сиздан кейин тахтга ким ўтиришини ўзингиз айтишингизни кутяпти. 21  Акс ҳолда, ҳазратим ҳаётдан кўз юмишлари биланоқ, мен ва ўғлим Сулаймон хоин бўлиб чиқамиз». 22  Ботшева ҳали шоҳ билан гаплашаётганда, Натан пайғамбар кириб келди+. 23  Шу заҳотиёқ шоҳга: «Натан пайғамбар келди»,— деб айтишди. Натан шоҳнинг олдига кирди-да, ергача эгилиб таъзим қилиб, деди: 24  «Шоҳ ҳазратлари, сиз: “Мендан кейин Одониё шоҳ бўлади. У менинг тахтимга ўтиради”,— деб айтган эдингизми?+ 25  Бугун у бир талай буқа, бўрдоқи ва қўйларни қурбонликка келтириб+, барча шаҳзодалар, лашкарбошилар ҳамда руҳоний Абуатарни таклиф қилган+. Улар Одониё билан бирга еб-ичиб: “Яшасин шоҳ Одониё!” — деб хитоб қилишяпти. 26  Мен, хизматкорингизни, руҳоний Зодўхни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни+ ва ўғлингиз Сулаймонни эса чақирмади. 27  Агар шоҳ ҳазратлари бунга рухсат берган бўлсалар, унда ўзларидан кейин тахтга ким ўтиришини мен, хизматкорига айтмаган эканлар-да?!» 28  Шоҳ Довуд: «Ботшевани ёнимга чақиринглар»,— деди. У дарҳол қайтиб кирди ва шоҳнинг олдига келиб турди. 29  Шоҳ унга онт ичиб, шундай деди: «Мени барча кулфатлардан халос этган барҳаёт Худо Яҳова+ ҳаққи қасам ичиб айтяпман. 30  Мен сенга: “Мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади. У менинг тахтимга ўтиради!” — деб Исроил Худоси Яҳова ҳаққи ичган онтимни шу бугуноқ амалга ошираман». 31  Буни эшитиб, Ботшева ергача эгилиб шоҳга таъзим қилди-да: «Ҳазратим шоҳ Довуднинг умрлари узоқ бўлсин!» — деди. 32  Шу замон шоҳ Довуд: «Руҳоний Зодўхни, Натан пайғамбарни ва Ёҳайидо+ ўғли Бинаёни+ олдимга чақиринглар»,— деб буюрди. Улар шоҳ ҳузурига келишди. 33  Шоҳ уларга деди: «Ёнингизга хўжайинингиз хизматкорларини олинглар-да, ўғлим Сулаймонни менинг хачиримга ўтирғизиб+, Гихўнга+ бошлаб боринглар. 34  Руҳоний Зодўх билан Натан пайғамбар уни мойлаб+, Исроил устидан шоҳ этиб тайинлашсин. Сўнг бурғу чалиб: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” — деб жар солишсин+. 35  Кейин эса унга эргашиб орқага қайтинглар. Сулаймон тахтимга ўтириб, ўрнимга шоҳ бўлади. Мен уни Исроил ва Яҳудо устидан бошқарувчи этиб тайинлайман». 36  Бунга жавобан Ёҳайидо ўғли Бинаё шоҳга деди: «Шундай бўлсин*! Шоҳ ҳазратларининг Тангриси Яҳова бу сўзларни рўёбга чиқарсин. 37  Яҳова шоҳ ҳазратларига ёр бўлганидай, Сулаймонга ҳам ёр бўлсин+. Унинг тахтини ҳазратим шоҳ Довуд тахтидан ҳам юксак қилсин»+. 38  Руҳоний Зодўх, Натан пайғамбар, Ёҳайидо ўғли Бинаё+ ва тансоқчилар*+ бориб, Сулаймонни шоҳ Довуднинг хачирига миндиришди-да+, Гихўнга+ бошлаб кетишди. 39  Руҳоний Зодўх мой тўлдирилган шохни чодирдан+ олиб+, Сулаймонни мойлади+. Сўнг бурғу чалинди ва бутун халқ: «Яшасин шоҳ Сулаймон!» — дея хитоб қилди. 40  Шундан кейин бутун халқ най чалиб, катта қувонч билан унинг орқасидан эргашди. Уларнинг ҳайқириғидан ер ларзага келди+. 41  Одониё ва ҳамма таклиф этилганлар ҳайқириқни эшитишганда, таомни эндигина еб бўлишган эди+. Йўаб бурғу овозини эшитибоқ: «Шаҳарда нега бунча шовқин бўляпти?» — деди. 42  У ҳали гапини тугатмасидан, руҳоний Абуатарнинг ўғли Йўнатан+ келиб қолди. Одониё унга: «Кел, сен яхши одамсан, яхши хабар олиб келган бўлсанг керак»,— деб айтди. 43  Йўнатан бўлса Одониёга шундай жавоб берди: «Яхши хабар келтирганим йўқ! Ҳазратимиз шоҳ Довуд Сулаймонни подшоҳ этиб тайинлади. 44  Шоҳ Довуд Сулаймон билан бирга руҳоний Зодўхни, Натан пайғамбарни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни ва тансоқчиларни юборди. Улар уни шоҳнинг хачирига миндириб+, 45  Гихўнга олиб боришди. Ўша ерда руҳоний Зодўх билан Натан пайғамбар уни мойлаб, шоҳ этиб тайинлашди. Кейин ҳамма хурсандчилик билан орқага қайтди. Шу сабабли шаҳарда ғала-ғовур кўтарилди. Сизларга эшитилган шовқин шу эди. 46  Ҳозир Сулаймон шоҳнинг тахтида ўтирибди. 47  Бундан ташқари, шоҳимиз Довуднинг хизматкорлари уни табриклаб: “Тангрингиз Сулаймоннинг исмини сизникидан ҳам улуғ, тахтини сизнинг тахтингиздан ҳам юксак қилсин!” — дейишди. Шоҳ эса ўз тўшагида бошини эгиб, таъзим қилди. 48  Сўнгра у: “Исроил Худоси Яҳовага мадҳлар бўлсин! У бугун ўғлимни тахтимга ўтирғизиб, буни ўз кўзим билан кўришга муяссар этди!” — деди». 49  Одониё таклиф қилган меҳмонларнинг бари буни эшитиб қўрқиб кетди ва тумтарақай бўлди. 50  Одониё ҳам Сулаймондан қўрққанидан ўрнидан турди-да, қочиб бориб қурбонгоҳнинг шохидан маҳкам ушлаб олди+. 51  Сулаймонга: «Одониё шоҳ Сулаймондан қўрққанидан қурбонгоҳнинг шохидан маҳкам ушлаб олиб: “Шоҳ Сулаймон хизматкорини қиличдан ўтказмайман, деб аввал онт ичсин”,— деб айтяпти»,— деган хабар етди. 52  Шунда Сулаймон: «Агар у ўзини яхши тутса, бошидан бир тола ҳам соч тушмайди. Борди-ю, ичида бирон ёмонлик бор бўлса, ўлдирилади»+,— деди. 53  Шоҳ Сулаймон Одониёни қурбонгоҳдан олиб келиш учун одам юборди. Одониё келиб, унга таъзим қилди. Сулаймон Одониёга: «Уйингга кетавер»,— деб айтди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «олдида югурадиган 50 та одам».
Ёки «Омин».
Сўзма-сўз «харетийлар билан палатийлар».