Шоҳлар учинчи китоб 11:1–43

  • Хотинлари Сулаймонни йўлдан уради (1–13)

  • Сулаймонга қарши адоват (14–25)

  • Ёрубомга ўнта қабила ваъда қилинади (26–40)

  • Сулаймон ўлиб, Рахабом шоҳ бўлади (41–43)

11  Шоҳ Сулаймон фиръавннинг қизидан+ ташқари, бегона халқлардан бўлган кўпгина мўаблик+, оммонлик+, эдомлик, сидонлик+ ҳамда хетий+ аёлларни севиб қолди+.  Яҳова исроилликларга бу халқлар ҳақида: «Сизлар улар билан борди-келди* қилманглар. Чунки улар юракларингизни ўз худоларига мойил қилишади»+,— деб айтган эди. Бироқ Сулаймон уларни яхши кўриб, уларга боғланиб қолди.  Шоҳнинг 700 та хотини ва 300 та канизаги бор эди. Унинг хотинлари аста-секин уни тўғри йўлдан оздиришди*.  Сулаймон қариган чоғида+, хотинлари унинг юрагини бошқа худоларга оғдиришди+ ва у отаси Довуддан фарқли равишда, бутун қалби билан Тангриси Яҳовага боғланмади.  Шунингдек, Сулаймон сидонликларнинг Аштарет маъбудасига+ ва оммонликларнинг жирканч худоси Милкомга+ сажда қила бошлади.  У Яҳованинг назарида қабиҳ ишлар қилиб, отаси Довуддан фарқли ўлароқ бутун қалби билан Яҳовага эргашмади+.  Сулаймон Қуддуснинг рўпарасидаги тоғда мўабликларнинг жирканч худоси Хамўшга ва оммонликларнинг макруҳ худоси+ Мўлахга+ атаб тепаликлар қурди+.  Сулаймон буларни бегона халқлардан бўлган барча хотинлари учун қилди. Улар худоларига қурбонликлар келтириб, уларни куйдириб тутатишарди.  Сулаймоннинг қалби Исроил Худоси Яҳовадан узоқлашгани учун Яҳова ундан қаттиқ ғазабланди+. Аллоҳ унга икки марта зоҳир бўлиб+, 10  бошқа худоларга сажда қилмаслик ҳақида огоҳлантирган эди+. Аммо у Яҳованинг берган амрига бўйсунмади. 11  Шунда Яҳова Сулаймонга деди: «Бу қилмишинг билан аҳдимни бузиб, фармонларимга қулоқ солмаганинг учун шоҳликни сендан олиб, хизматкорларингдан бирига бераман+. 12  Лекин отанг Довуд ҳаққи-ҳурмати бу ишни сен тириклигингда қилмайман. Шоҳликни ўғлинг қўлидан тортиб оламан+. 13  Аммо бутун шоҳликни эмас+. Хизматкорим Довуд ҳамда Мен танлаган Қуддус ҳаққи+ битта қабилани ўғлингга бераман»+. 14  Тангри Яҳова Эдом шоҳи авлодидан бўлган эдомлик Ҳададни+ Сулаймонга қарши қилиб қўйди+. 15  Довуд эдомликларни мағлуб қилгач+, лашкарбоши Йўаб Эдомга мурдаларни кўмишга борган ва у ердаги барча эркакларни қириб ташламоқчи эди. 16  (Йўаб ҳамда бутун Исроил қўшини Эдомдаги эркак зотини қириб ташламагунча олти ой ўша ерда бўлди.) 17  Аммо Ҳадад отасининг эдомлик баъзи хизматкорлари билан Мисрга қочиб кетди. Ўшанда Ҳадад ёш бола эди. 18  Улар Мидиёндан чиқиб, Поронга боришди+ ва у ердан ёнларига одам қўшиб, Миср шоҳи, фиръавн олдига келишди. У эса Ҳададга уй-жой ва ер бериб, озиқ-овқат билан таъминлади. 19  Ҳадад фиръавннинг илтифотига сазовор бўлди. Фиръавн ҳатто хотини малика Тахпанаснинг синглисини унга хотинликка берди. 20  Вақт ўтиб, Тахпанаснинг синглиси Ҳададга ўғил туғиб берди. Унинг исмини Гануват қўйишди. Тахпанас болани фиръавн саройига олиб келди* ва Гануват фиръавн ўғиллари билан бирга катта бўлди. 21  Ҳадад Мисрда Довуд ҳамда лашкарбоши Йўаб ҳаётдан кўз юмгани+ ҳақида эшитди. Шунда Ҳадад фиръавнга: «Она юртимга боришга ижозат беринг»,— деди. 22  У эса: «Нега кетгингиз келяпти? Бу ерда бирон нарсада муҳтожлик сезяпсизми?» — деб сўради. Ҳадад жавобан: «Ҳеч қандай камчилик йўқ. Фақат кетишимга ижозат берсангиз»,— деди. 23  Худо шунингдек, Элёдахнинг ўғли Разўнни Сулаймонга қарши қилиб қўйди. Разўн хўжайини бўлмиш Зўво шоҳи Ҳададзардан+ қочиб кетган эди. 24  Довуд Зўво лашкарини мағлуб қилганида, у ўзига одам тўплаб, босқинчилар тўдасининг бошлиғи бўлиб олди+. Кейин улар Дамашққа+ кетиб, ўша ерда ўрнашишди ва ҳукм сура бошлашди. 25  Шундай қилиб, Разўн ҳам Ҳадад сингари Сулаймоннинг бутун умри давомида Исроилга душман бўлиб қолди. У Сурияда ҳукм сурган пайтида Исроилдан нафратланиб юрди. 26  Сулаймоннинг хизматчиси+ Заридодан бўлган эфрайимлик Набат ўғли Ёрубом+ ҳам шоҳга қарши исён кўтарди+. Унинг онаси бева бўлиб, исми Зарува эди. 27  Сулаймон Миллони* қуриб+, отаси Довуд шаҳрининг+ девори ёриқларини таъмирлагани боис, Ёрубом шоҳга қарши чиқди. 28  Ёрубом қобилиятли киши эди. Сулаймон бу йигитнинг жуда меҳнаткаш эканини кўриб, Юсуф қабиласидан бўлган барча ёлланма ишчилар устидан назоратчи қилиб қўйди+. 29  Бир куни Ёрубом Қуддусдан чиқиб, йўлда кетаётганда шилўлик Охиё пайғамбарга+ рўбарў келди. Охиё янги камзул кийган эди ва далада улардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. 30  Охиё янги камзулини ечди-да, уни 12 бўлак қилиб йиртди. 31  Сўнг Ёрубомга деди: «Мана бу ўнта бўлак сизга, чунки Исроил Худоси Яҳова шундай демоқда: “Шоҳликни Сулаймоннинг қўлидан тортиб олиб, ўнта қабиласини сенга бераман+. 32  Аммо хизматкорим Довуд+ ҳамда барча Исроил қабиласи орасидан Мен танлаган Қуддус ҳаққи+ битта қабилани унга қолдираман+. 33  Чунки халқим Мени тарк этиб+, сидонликларнинг маъбудаси Аштарет, мўабликларнинг худоси Хамўш ҳамда оммонликларнинг худоси Милкомга сажда қилди. Шунингдек, улар Сулаймоннинг отаси Довуддан фарқли равишда йўлларимдан юрмай, тўғри ишлар қилишмади ва фармонлариму ҳукмларимга риоя этишмади. 34  Бироқ бутун шоҳликни Сулаймондан тортиб олмайман. Мен танлаган хизматкорим Довуд ҳаққи+ Сулаймон умрининг охиригача ҳукмронлик қилади. Чунки Довуд Менинг амрларим ва фармонларимга амал қилган эди. 35  Аммо шоҳликни ўғлининг қўлидан тортиб олиб, ўнта қабилани сенга бераман+. 36  Исмимни ўрнатиш учун танлаган Қуддус шаҳрида, Менинг олдимда хизматкорим Довуднинг чироғи ўчмасин+ дея, Сулаймоннинг ўғлига битта қабилани бераман. 37  Мен сени танлаб оламан. Сен бутун Исроил халқи устидан ўзинг хоҳлагандек шоҳлик қиласан. 38  Агар сен хизматкорим Довуд каби барча буюрганларимга қулоқ солиб, йўлларимдан юрсанг ҳамда амрларим ва фармонларимга амал қилиб, Менга маъқул бўлган ишларни қилсанг+, сен билан ҳам бирга бўламан. Сенга ҳам Довуднинг хонадони сингари, асрлар оша турадиган хонадон бунёд этаман+ ва сени Исроил устидан шоҳ қилиб қўяман. 39  Уларнинг қабиҳ ишлари учун Довуд авлодини камситаман+. Лекин бу ҳамиша давом этмайди”+». 40  Сулаймон Ёрубомни ўлдирмоқчи бўлди. Бироқ Ёрубом Миср+ шоҳи Шишахнинг+ ёнига қочиб кетди ва Сулаймоннинг ўлимигача ўша ерда қолди. 41  Сулаймоннинг ҳаёти, ҳамма ишлари ва донолиги ҳақида Сулаймоннинг тарихи баён этилган китобда ёзилган+. 42  Сулаймон Қуддусда бутун Исроил устидан 40 йил ҳукмронлик қилди. 43  Сулаймон вафот этиб, ота-боболарига қўшилди ва Довуд шаҳрига қўйилди. Унинг ўрнига ўғли Рахабом+ шоҳ бўлди.

Изоҳлар

Ёки «қуда-андачилик».
Ёки «хотинлари унга кучли таъсир ўтказишди».
Бошқа вариант «кўкракдан айирди».
Ибронийча маъноси «тупроқ уюми».