Шоҳлар учинчи китоб 13:1–34

  • Байтилдаги қурбонгоҳга қарши башорат (1–10)

    • Қурбонгоҳ ёрилиб кетади (5)

  • Пайғамбарнинг итоатсизлиги (11–34)

13  Ёрубом қурбонгоҳ олдида+ қурбонликлар тутатмоқчи* бўлиб турганида, Яҳованинг амрига биноан Яҳудодан Байтилга Унинг пайғамбари*+ келди. 2  У Яҳованинг буйруғи билан қурбонгоҳга қарата шундай деди: «Эй, қурбонгоҳ, қурбонгоҳ! Яҳова сенга шундай демоқда: “Довуд хонадонида Йўшиё+ исмли ўғил туғилади! Ҳозир тепаликлар руҳонийлари сенинг устингда қурбонликлар тутатишяпти. Йўшиё бўлса руҳонийларнинг ўзини сенинг устингда қурбонликка келтириб, одамлар суягини куйдиради”+». 3  Ўша куни бу пайғамбар мўъжиза кўрсатиб: «Ушбу мўъжиза Яҳованинг: “Қурбонгоҳ ёрилиб, ундаги кул* сочилиб кетади”,— деган сўзи бажарилишини тасдиқлайди»,— деб айтди. 4  Қурбонгоҳ олдида турган шоҳ Ёрубом, пайғамбарнинг Байтилдаги қурбонгоҳга қарши айтган сўзларини эшитиши билан, қўлини узатиб: «Ушланглар уни!»+ — деди. Шу заҳотиёқ узатган қўли қуриб*, уни қимирлата олмай қолди+. 5  Сўнг қурбонгоҳ ёрилиб, ундаги кул сочилиб кетди. Шундай қилиб, Яҳованинг сўзига кўра, пайғамбарнинг айтганлари мўъжизавий тарзда амалга ошди. 6  Шоҳ унга: «Илтимос, қўлим ўз ҳолига қайтиши учун Тангринг Яҳовадан илтифот кўрсатишини сўраб ибодат қил»+,— деб ёлворди. Бу сўзлардан сўнг пайғамбар Яҳовадан илтифот кўрсатишини сўраб ибодат қилди. Шунда шоҳнинг қўли илгариги ҳолатига қайтди. 7  Шоҳ пайғамбарга: «Келинг уйга кириб, тамадди қилиб олайлик. Сизга совға-салом берайин»,— деди. 8  Бироқ у шундай жавоб берди: «Ҳатто менга мулкингизнинг ярмини берсангиз-да, сиз билан бормайман, бу ерда нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. 9  Чунки Яҳова менга: “Нон ҳам ема, сув ҳам ичма. Келган йўлинг билан орқага қайтма”,— деб амр берди». 10  Шундай қилиб, у Байтилга борган йўл билан қайтмасдан бошқа йўлдан кетди. 11  Байтилда кекса бир пайғамбар яшар эди. Ўша куни ўғиллари уйга қайтиб, унга Худо юборган пайғамбарнинг Байтилда қилган барча ишларини ва шоҳга айтган гапларини таърифлаб беришди. Отаси буни эшитиб: 12  «У одам қайси йўлдан қайтди?» — деб улардан сўради. Ўғиллари Яҳудодан келган пайғамбар кетган йўлни кўрсатишди. 13  Шунда у ўғилларига: «Эшакни эгарланглар»,— деди. Улар отаси айтгандай қилишди ва у эшакка миниб йўлга отланди. 14  У, Тангрининг пайғамбари кетган йўлдан бориб, уни катта дарахт тагида ўтирган ҳолда топди. Кекса пайғамбар ундан: «Яҳудодан келган пайғамбар сизмисиз?»+ — деб сўради. У: «Ҳа, менман»,— деди. 15  Кекса пайғамбар унга: «Уйимга кириб, тамадди қилиб олинг»,— деб айтди. 16  Лекин у шундай жавоб берди: «Сиз билан бормайман, таклифингизни қабул ҳам қилмайман. Сиз билан бу ерда на нон ейман, на сув ичаман. 17  Чунки Яҳова менга: “Нон ҳам ема, сув ҳам ичма. Келган йўлинг билан орқага қайтма”,— деб амр берди». 18  Бунга жавобан кекса пайғамбар деди: «Мен ҳам сиз каби пайғамбарман. Фаришта менга Яҳованинг сўзини етказиб: “Уни уйингга қайтариб келиб, нон билан сув бергин”,— деб айтди». (У ёлғон гапирди.) 19  Шундай қилиб, у нон еб, сув ичиб олиш учун кекса пайғамбарнинг уйига борди. 20  Улар дастурхон атрофида ўтиришганда, кекса пайғамбарга Яҳовадан хабар келди. 21  Шунда у Яҳудодан келган пайғамбарга: «Яҳова шундай демоқда: “Яҳованинг буйруғига қарши чиқиб, Худойинг Яҳованинг амрига қулоқ солмадинг. 22  Нон ҳам ема, сув ҳам ичма дейилганига қарамай, йўлингдан қайтиб нон еб, сув ичганинг учун жасадинг ота-боболаринг хилхонасига қўйилмайди”»+,— деб айтди. 23  Пайғамбар нон еб, сув ичганидан кейин, кекса пайғамбар унга эшак эгарлаб берди. 24  У йўлида кетаётиб шерга дуч келди. Шер уни ўлдириб, жасадини эса йўл устига ташлади+. Эшак ҳам, шер ҳам унинг жасади ёнида турарди. 25  Одамлар ўтиб кетаётиб жасаднинг йўл устига ташлаб кетилганини, ёнида шер турганини кўришди. Улар кекса пайғамбар яшаётган шаҳарга келиб, бу ҳақда гапириб беришди. 26  Уни йўлдан қайтарган кекса пайғамбар бу ҳақда эшитиши биланоқ: «Бу — Худонинг пайғамбари. У Яҳованинг буйруғига қарши чиқди+. Яҳова уни шерга йўлиқтирди ва шер уни тилка-пора қилиб ўлдирди. Шу тариқа Яҳованинг унга айтган сўзи амалга ошди»+,— деди. 27  У ўғилларига: «Эшакни эгарланглар»,— деди. Улар отаси айтгандай қилишди. 28  Шундай қилиб, у йўлга отланди ва йўл устида жасад ётганини, олдида эса эшак билан шер турганини кўрди. Шер мурдани емаган, эшакка ҳам тегмаганди. 29  Кекса пайғамбар ҳақ Тангри хизматкорининг жасадини эшагига ортди ва мотам тутиб дафн қилиш учун жасадни ўз шаҳрига олиб кетди. 30  У жасадни ўз хилхонасига қўйди ва улар: «Вой биродарим! Вой биродарим!» — деб дод-фарёд қилишди. 31  Дафн этиб бўлгач, у ўғилларига деди: «Мен ҳаётдан кўз юмганимда, жасадимни ҳақ Худонинг хизматкори қўйилган жойга дафн қилинглар. Суякларимни унинг суяклари ёнига қўйинглар+. 32  Зеро, Яҳованинг сўзига кўра, Байтилдаги қурбонгоҳ ҳамда Самария шаҳарларидаги тепаликларда қурилган барча ибодатхоналарга+ қарши у айтган сўзлар албатта амалга ошади»+. 33  Содир бўлган воқеалардан кейин ҳам Ёрубом қабиҳ йўлдан қайтмади, оддий одамлар ичидан тепаликларда хизмат қиладиган руҳонийларни тайинлашни давом эттирди+. Руҳоний бўлишни истовчи ҳар қандай кишини бу вазифага тайинлаб: «Тепаликларда руҳонийлик қилсин»,— деб айтарди+. 34  Бу иши билан Ёрубом ўз хонадонини гуноҳга ботириб+, ер юзидан қирилиб йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлди+.

Изоҳлар

Ибронийча атама остида тутатқи тутатиш ҳам тушунилиши мумкин.
Сўзма-сўз «ҳақ Худонинг одами».
Ёки «ёғли кул», яъни қурбон қилинган жонлиқларнинг ёғини шимиб олган кул.
Ёки «шол бўлиб».