Шоҳлар учинчи китоб 20:1–43

  • Сурияликларнинг Ахабга қарши жанги (1–12)

  • Ахаб сурияликларни мағлуб этади (13–34)

  • Ахабга қарши башорат (35–43)

20  Сурия+ шоҳи Банҳадад+ бутун қўшинини йиғди. У шунингдек, 32 та шоҳни отларию жанг аравалари билан бирга ўзига қўшиб олди. Улар биргаликда Самарияни+ қуршовга олиб+, унга қарши жанг қила бошлашди. 2  Банҳадад Исроил шоҳи Ахабнинг+ олдига хабарчилар юбориб: «Шоҳ Банҳадад шундай демоқда: 3  “Кумушу олтининг меники, барча гўзал хотинларингу кўркам ўғилларинг ҳам меники”»,— деб айтди. 4  Исроил шоҳи бунга жавобан: «Сиз айтгандай бўлсин, шоҳ ҳазратлари. Ўзим ҳам, бор мол-мулким ҳам сизники»+,— деди. 5  Хабарчилар яна келиб қуйидагиларни етказишди: «Шоҳ Банҳадад шундай демоқда: “Мен сенга: “Кумушу олтининг, хотинларингу ўғилларингни менга бер”,— деб айттириб юбордим. 6  Эртага тахминан шу вақтда хизматкорларимни юбораман. Улар ҳам сенинг, ҳам амалдорларинг уйларини тинтиб, барча қимматбаҳо нарсаларингни олиб кетишади”». 7  Исроил шоҳи юртдаги ҳамма оқсоқолларни чақиртириб: «Қаранглар, бу одам бошимизга кулфат келтирмоқчи. У хотинлариму ўғилларим ва кумушу олтинимни талаб қилди, мен эса рози бўлдим»,— деди. 8  Ҳамма оқсоқоллар ва бутун халқ: «Унга бўйсунманг, рози бўлманг»,— деб айтишди. 9  Шунда у Банҳададнинг хабарчиларига: «Шоҳ ҳазратларига мана бу сўзларимни етказинглар: “Хизматкорингизга қўйган биринчи талабингизни бажараман, аммо иккинчисини бажара олмайман”»,— деб буюрди. Хабарчилар унинг сўзларини шоҳга етказишди. 10  Банҳадад жавобан: «Мен Самарияни яксон қилганимдан сўнг, орқамдан келаётган одамларимга ҳатто бир ҳовуч тупроқ тегадиган бўлса, худолар мени қаттиқ жазоласин!» — деган хабар юборди. 11  Исроил шоҳи бўлса: «Унга бориб айтинглар, жанг бошламай туриб, жангда зафар қозонган одам каби мақтанмасин!»+ — деб жавоб қайтарди. 12  Чодирларда шоҳлар билан ичиб ўтирган Банҳадад бу жавобни эшитган заҳоти, хизматкорларига: «Ҳужумга тайёрланинглар!» — деб буюрди. Улар дарҳол шаҳарга ҳужум қилишга тайёрланишди. 13  Исроил шоҳи Ахабнинг+ ёнига пайғамбар келиб: «Яҳова шундай демоқда: “Бу катта оломонни кўряпсанми? Уларни бугун сенинг қўлингга топшираман. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласан”+»,— деди. 14  Ахаб ундан: «Ким орқали?» — деб сўради. У эса: «Яҳова шундай демоқда: “Вилоят бекларининг ёрдамчилари орқали”»,— дея жавоб берди. Ахаб: «Жангни ким бошлайди?» — деб сўраганда, пайғамбар жавобан: «Сен!» — деди. 15  Ахаб вилоят бекларининг ёрдамчиларини санаб чиқди ва улар 232 кишини ташкил этди. Исроил эркакларининг сони эса 7 000 нафар эди. 16  Туш пайтида, Банҳадад билан унга ёрдамга келган 32 та шоҳ ичиб ўтирганда, улар шаҳардан ташқарига чиқа бошлади. 17  Биринчи бўлиб вилоят беклари ёрдамчилари чиққанда, нима бўлаётганини билиш учун Банҳадад хабарчилар юборди. Улар: «Самариядан одамлар чиқди»,— деб унга етказишди. 18  Шунда у: «Улар сулҳ тузиш учун чиққан бўлса ҳам, жанг қилиш учун чиққан бўлса ҳам, тириклайин ушланглар»,— деди. 19  Бироқ шаҳардан чиққанлар — вилоят беклари ёрдамчилари ва уларга эргашган қўшин 20  душманларни қира бошлади. Сурияликлар қочиб қолишди+, Исроил қўшини эса уларнинг кетидан қувди. Лекин Сурия шоҳи Банҳадад отга миниб, бир неча отлиқлари билан бирга қочиб кетди. 21  Исроил шоҳи эса шаҳардан чиқиб, сурияликларнинг отларини қириб, жанг араваларини вайрон қилди ва сурияликлар устидан буюк ғалабага эришди. 22  Бундан сўнг, Исроил шоҳининг олдига пайғамбар келиб+, унга: «Бориб, куч тўпла ва нима қилиш ҳақида ўйла+. Чунки келаси йилнинг бошида* Сурия шоҳи яна сенга қарши чиқади»+,— деб айтди. 23  Сурия шоҳининг маслаҳатчилари унга дейишди: «Уларнинг Худоси — тоғлар Худоси. Шу боис, улар устимиздан ғалабага эришишди. Агар улар билан текисликда жанг қилсак, зафар қозонамиз. 24  Сиз бундай қилинг: шоҳларнинг+ ўрнига бошқарувчилар тайинланг. 25  Ўлдирилган қўшин сонига тенг қўшин, отларнинг сонига тенг от, вайрон қилинган жанг аравалар сонига тенг жанг арава тўпланг. Уларга қарши текисликда жанг қилайлик. Шунда албатта ғалаба қозонамиз!» Шоҳ уларнинг маслаҳатига қулоқ солиб, айтилгандай қилди. 26  Йилнинг бошида Банҳадад сурияликларни тўплаб, Исроилга қарши жанг қилиш учун Офоққа+ келди. 27  Исроил халқи ҳам тўпланиб, ҳозирлик кўрди ва уларнинг қаршисига чиқди. Исроил халқи сурияликлар рўпарасида қароргоҳ қурганда, иккита кичик эчки подасидай бўлиб кўринди. Сурияликлар эса бутун юртни эгаллаб турарди+. 28  Пайғамбар* Исроил шоҳига деди: «Яҳова шундай демоқда: “Сурияликлар: “Яҳова текисликлар Худоси эмас, тоғлар Худоси”,— деб айтгани учун, ушбу буюк оломонни сенинг қўлингга топшираман+. Улар Мен Яҳова эканимни билиб олишади”+». 29  Улар бир-бирининг қаршисида етти кун қароргоҳ тикиб турди. Еттинчи куни эса жанг бошланди. Исроил халқи бир куннинг ўзида сурияликларнинг 100 000 пиёда аскарини қириб ташлади. 30  Қолганлари Офоқ шаҳрига+ қочиб кирди. Аммо девор қулаб, шу 27 000 кишини босиб қолди. Банҳадад эса шаҳарга қочиб кириб, бир уйнинг ички хонасига яшириниб олди. 31  Хизматкорлари унга: «Исроил хонадони шоҳлари раҳм-шафқатли деб эшитганмиз. Илтимос, белимизга жул ўраб, бошимизга арқон боғлаб, Исроил шоҳининг олдига чиқишимизга рухсат этинг. Балки жонингизни қутқариб қолармиз»+,— дейишди. 32  Шунда улар белларига жул ўрашди-да, бошларига арқон боғлаб, Исроил шоҳининг олдига чиқишди ва унга дейишди: «Хизматкорингиз Банҳадад: “Ўтинаман, жонимни сақлаб қолинг”,— деб айтди». Шоҳ бўлса: «Банҳадад ҳалиям тирикми? Мен уни биродаримдай кўраман»,— дея жавоб берди. 33  Банҳададнинг одамлари буни яхшилик аломати дея қабул қилишди ва гапини оғзидан дарҳол илиб олиб: «Ҳа, Банҳадад сизнинг биродарингиз»,— дейишди. Шоҳ уларга: «Бориб, уни олиб келинглар»,— деб айтди. Банҳадад келгач, шоҳ уни аравага миндирди. 34  Банҳадад унга: «Отам сизнинг отангиздан тортиб олган шаҳарларни қайтариб бераман. Отам Самарияда бозорлар барпо этгандай, сиз ҳам Дамашқда бозорлар бунёд этинг»,— деб айтди. Ахаб жавобан: «Шу битим асосида сизни озод этаман»,— деди. Натижада, Ахаб у билан битим тузди ва уни қўйиб юборди. 35  Пайғамбарлар ўғилларидан*+ бири Яҳованинг амрига биноан ҳамроҳига: «Мени ур!» — деди. Аммо ҳамроҳи уни уришни истамади. 36  Шунда пайғамбар: «Яҳованинг амрига қулоқ солмаганинг учун олдимдан кетишинг биланоқ, шер сени ғажиб ташлайди»,— деб айтди. Чиндан ҳам, у ердан кетгач, шер унга ҳужум қилиб, тилка-пора қилди. 37  Пайғамбар бошқа кишининг олдига бориб: «Мени ур!» — деди. У пайғамбарни уриб жароҳатлади. 38  Бундан кейин пайғамбар нари кетиб, ҳеч ким уни танимаслиги учун кўзининг устини дока билан боғлади-да, йўл бўйида шоҳни кутиб турди. 39  Шоҳ ўтиб кетаётганда, пайғамбар унга баланд овозда деди: «Мен хизматкорингиз жанг қизғин кетаётган жойда эдим. Лекин бир киши ёнимга бошқа кишини олиб келиб: “Бу одамни қўриқлаб тур. Агар у қочиб кетса, унинг жони эвазига ўз жонингни берасан+ ёки бир талант* кумуш тўлайсан”,— деб айтди. 40  Мен хизматкорингиз у-бу ишлар билан банд бўлиб турганимда, у одам қўққисдан қочиб кетди». Исроил шоҳи унга: «Айтган сўзларинг билан ўзингга ўзинг ҳукм чиқардинг»,— деди. 41  Шу заҳоти пайғамбар кўзидан докани олиб ташлади ва шоҳ у пайғамбарлардан бири+ эканини таниди. 42  Пайғамбар унга: «Яҳова шундай демоқда: “Мен ўлимга маҳкум этган* кишини қўлдан чиқариб юборганинг учун+, унинг жони эвазига сенинг жонинг олинади+. Унинг халқи ўрнига сенинг халқинг ўлади”+»,— деб айтди. 43  Исроил шоҳи хафа бўлиб, қайғу ичида Самариядаги+ уйига йўл олди.

Изоҳлар

Яъни келаси баҳорда.
Сўзма-сўз «Ҳақ Худонинг одами».
«Пайғамбарлар ўғиллари» ибораси, пайғамбарлар таълим оладиган мактаб ёки пайғамбарлар гуруҳини англатиши мумкин.
Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Сўзма-сўз «йўқ қилишга бағишлаган». Ибронийча ушбу ибора номуносиб тарзда фойдаланишдан сақлаш ва кўпинча тамомила йўқ қилиш учун ажратиб қўйиш деган маънога эга.