Шоҳлар учинчи китоб 21:1–29
21 Бундан сўнг, йизриллик Навўт исмли кишининг узумзори билан боғлиқ бир воқеа содир бўлди. Унинг узумзори Йизрилда+, Самария шоҳи Ахабнинг саройи ёнида жойлашган эди.
2 Ахаб Навўтга: «Узумзоринг уйим ёнида бўлгани учун менга бер, уни полиз қиламан. Ўрнига эса бундан ҳам яхшироқ узумзор бераман. Истасанг, пулга сотиб оламан»,— деб айтди.
3 Навўт эса: «Ота-боболаримдан қолган меросни сизга бермайман. Чунки Яҳова буни ман этган»+,— дея жавоб берди.
4 Ахаб унинг: «Ота-боболаримдан қолган меросни сизга бермайман»,— деган жавобидан хафа бўлиб, қайғу ичида уйига қайтди. У юзини тескари буриб олиб, туз тотмай ётоғида чўзилиб ётаверди.
5 Ёнига хотини Изабел+ келиб: «Нега руҳингиз тушкун? Нега ҳеч нарса емаяпсиз?» — деб сўради.
6 Ахаб хотинига жавобан деди: «Йизриллик Навўтга: “Узумзорингни менга сот. Истасанг, ўрнига бошқа узумзор бераман”,— деб айтсам, у: “Узумзоримни сизга бермайман”,— деди».
7 Хотини Изабел унга: «Ахир сиз Исроил шоҳисиз-ку! Туринг-да, у-бу нарса еб, кўнглингизни чоғ қилинг. Йизриллик Навўтнинг узумзорини мен сизга олиб бераман»,— деб айтди+.
8 Изабел Ахабнинг номидан хатлар ёзиб, унинг муҳри билан муҳр босди-да+, Навўт яшайдиган шаҳар оқсоқоллари+ ва асилзодаларига юборди.
9 Изабел шундай деб ёзган эди: «Рўза эълон қилиб, Навўтни халқ олдига ўтирғизинглар.
10 Унинг қаршисига эса иккита ярамас одам ўтирсин. Улар Навўтга: “Сен Худони ва шоҳни лаънатладинг!”+ — дея гувоҳлик беришсин+. Кейин уни ташқарига чиқариб, тошбўрон қилиб ўлдиринглар»+.
11 Навўт яшайдиган шаҳардаги одамлар — оқсоқоллару асилзодалар Изабел уларга ёзиб юборганидек қилишди.
12 Улар рўза эълон қилишди ва Навўтни халқнинг олдига ўтирғизишди.
13 Иккита ярамас киши келиб, унинг қаршисига ўтирди-да: «Навўт Худони ва шоҳни лаънатлади!» — дея унга қарши гувоҳлик берди+. Сўнг улар Навўтни шаҳар ташқарисига чиқариб, тошбўрон қилиб ўлдиришди+.
14 Кейин Изабелга: «Навўт тошбўрон қилиб ўлдирилди»+,— деган хабар юборишди.
15 Изабел Навўтнинг тошбўрон қилиб ўлдирилганини эшитган заҳоти, Ахабга: «Бориб, йизриллик Навўт сизга сотишни истамаган узумзорини эгаллайверинг+. Навўт энди йўқ, у ўлди»,— деб айтди.
16 Навўтнинг ўлганини эшитган Ахаб дарҳол ўрнидан турди-да, йизриллик Навўтнинг узумзорини эгаллаш учун йўлга чиқди.
17 Аммо тишбалик Илёсга+ Яҳованинг қуйидаги сўзи нозил бўлди:
18 «Тур-да, Самарияда ҳукм сураётган Исроил шоҳи Ахабнинг ёнига бор+. Ҳозир у Навўтнинг узумзорини эгаллагани кетди.
19 Унга айт: “Яҳова шундай демоқда: “Одам ўлдирганинг+ камлик қилгандай, унинг меросини ҳам эгалламоқчимисан?”+ Кейин унга: “Яҳова шундай демоқда: “Итлар Навўтнинг қонини ялаган жойда, сенинг қонингни ялайди”,— деб айт”+».
20 Ахаб Илёсни кўриб: «Охири мени излаб топибсан-да, душманим!»+ — деди. Илёс унга: «Ҳа, топдим. Яҳова шундай демоқда: “Менинг назаримда ёмон ишлар қилишга муккангдан кетганинг боис+,
21 бошингга фалокат келтириб, сени йўқ қиламан. Ахабнинг хонадонидаги эркак зотини, Исроилдаги ҳатто ночор ва ожиз бўлганларини ҳам қириб ташлайман+.
22 Исроилни гуноҳга ботириб қаҳримни келтирганинг учун, хонадонингни Набат ўғли Ёрубом+ ва Охиё ўғли Башонинг хонадони+ кўйига соламан”.
23 Изабел ҳақида эса Яҳова шундай деди: “Изабел Йизрил юртида итларга ем бўлади+.
24 Ахаб хонадонидан шаҳарда ўлганлари итларга, далада ўлганлари эса қушларга ем бўлади+.
25 Шу пайтгача Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилишга Ахабдек муккасидан кетган одам бўлмаган эди+. Хотини Изабел+ уни гижгижлаб турарди.
26 Ахаб исроилликларнинг олдидан Яҳова қувиб чиқарган+ аморийлар каби жирканч бутларга* сажда қилиб, ўтакетган қабиҳлик қилди”».
27 Ахаб бу сўзларни эшитиши билан кийимини йиртиб, жулга ўранди. У рўза тутиб, жулга ўраниб ётди ва ғамгин бўлиб юрди.
28 Шунда тишбалик Илёсга Яҳованинг қуйидаги сўзи нозил бўлди:
29 «Ахаб Менинг олдимда ўзини паст тутиб юрганини кўрдингми?+ У олдимда ўзини паст тутгани учун, у тириклигида бошига фалокат келтирмайман. Фалокатни унинг хонадонига ўғлининг даврида юбораман»+.
Изоҳлар
^ Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.