Шоҳлар учинчи китоб 5:1–18
5 Тир+ шоҳи Хирам, Довуднинг ўрнига ўғли Сулаймон шоҳ этиб тайинланганини* эшитганда, унинг ҳузурига хизматкорларини юборди. Чунки Хирам Довуднинг дўсти эди+.
2 Сулаймон ҳам ўз навбатида Хирамга қуйидаги сўзларни айтиб юборди+:
3 «Ўзингизга яхши маълумки, отам Довуд Аллоҳ Яҳованинг исмига атаб уй қура олмадилар. Сабаби, Яҳова атрофдаги душманлари устидан ғалаба бергунига қадар, улар билан жанг қилдилар+.
4 Ҳозир бўлса, Тангрим Яҳова менга ҳар томондан осойишталик ато этгани боис+, ҳеч ким менга қарши чиқмаяпти, юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда+.
5 Шунинг учун, Яҳова отам Довудга: “Исмимга шараф келтирадиган уйни сенинг ўрнингга тахтга ўтирадиган ўғлинг қуради”,— дея берган ваъдасига биноан, Аллоҳим Яҳованинг исмига атаб уй қурмоқчиман+.
6 Шундай экан, хизматкорларингизга мен учун Ливаннинг кедр дарахтларидан+ кесиб беришларини буюрсангиз. Мен ҳам ўз хизматкорларимни ёрдамга юбораман. Хизматкорларингизга сиз белгилаган ҳақни тўлайман. Зеро, орамизда дарахт кесишда сидонликларга тенг келадигани йўқлигини ўзингиз яхши биласиз»+.
7 Хирам Сулаймоннинг сўзларини эшитганда, жуда хурсанд бўлиб: «Яҳовага мадҳлар бўлсин! Зеро, У Довудга шундай буюк халқ устидан бошқара оладиган доно ўғил берибди»+,— деди.
8 Кейин Хирам Сулаймонга қуйидагича жавоб қайтарди: «Менга йўллаган хабарингизни эшитдим. Истагингизга биноан, кедр ва қора арча ёғочларини+ юбораман.
9 Хизматкорларим уларни Ливандан денгизга олиб келишади. Мен уларни бир-бирига боғлаб сол ясайман-да, денгиз орқали ўзингиз тайин этган жойга юбораман. Ўша ерда уларни бир-биридан ажратаман, сиз эса олиб кетасиз. Бунинг эвазига эса, менинг хонадонимни озиқ-овқат билан таъминласангиз бас»+.
10 Шундай қилиб, Хирам Сулаймоннинг истагига биноан, кедр ва қора арча ёғочларини етказиб турди.
11 У бўлса, ҳар йили Хирамнинг хонадонини 20 000 кор* буғдой, 20 кор тоза зайтун мойи билан таъминлаб турди+.
12 Яҳова ваъда қилганидай, Сулаймонга донолик ато этди+. Хирам билан Сулаймон ўзаро битим тузишди ва ораларида тинчлик ҳукм сурди.
13 Шоҳ Сулаймон бутун Исроил бўйлаб ёлланма ишчиларни тўплади, уларнинг сони 30 000 кишини ташкил этди+.
14 Сулаймон ҳар ой навбат билан 10 000 кишидан Ливанга юбориб турди. Улар Ливанда бир ой ишлагач, икки ой ўз уйларида бўлишарди. Ушбу ёлланма ишчилар устидан Одонирам бош этиб тайинланди+.
15 Сулаймоннинг юк ташувчи 70 000, тоғларда тош йўнувчи+ 80 000 одами бор эди+.
16 Бундан ташқари, ишчиларни бошқариб турадиган 3 300 нафар назоратчи+ тайинланган эди.
17 Ишчилар шоҳнинг амрига биноан, Худонинг уйига йўнилган тошлардан+ пойдевор солиш учун+, қимматбаҳо катта тошлар+ қазиб олишди.
18 Сулаймон билан Хирамнинг қурувчилари ҳамда габолликлар+ тошларни йўнишди ва уй қурилишига ёғочу тошларни тайёрлашди.