Шоҳлар учинчи китоб 8:1–66
8 Сўнг Довуд шаҳридан, яъни Сиондан+ Яҳованинг аҳд сандиғини олиб келиш учун+ шоҳ Сулаймон Исроилнинг оқсоқолларини, барча Исроил ўғилларининг қабила йўлбошчиларини ва хонадонлар бошларини+ Қуддусда йиғди+.
2 Бутун Исроил халқи итаним* ойида, яъни еттинчи ойда байрамга*+ шоҳ Сулаймоннинг ҳузурида йиғилди.
3 Исроил оқсоқолларининг барчаси келганда, руҳонийлар аҳд сандиғини кўтариб жўнашди+.
4 Улар Яҳованинг аҳд сандиғи, учрашув чодири+ ва у ердаги ҳамма муқаддас анжомларни олиб келишди. Руҳонийлар билан левилар уларни кўтариб боришди.
5 Шоҳ Сулаймон ва унинг ҳузурига келган бутун Исроил жамоаси аҳд сандиғининг олдида йиғилиб, ҳисобига етиб бўлмайдиган қўй ва қорамолни қурбонликка келтиришди+.
6 Сўнг руҳонийлар Яҳованинг аҳд сандиғини+ уйнинг энг ички хонаси, Энг муқаддас хонага олиб кириб, карубларнинг қанотлари остига қўйишди+.
7 Уларнинг қанотлари аҳд сандиғи турган жой устида ёзилган бўлиб, аҳд сандиғи ва ходаларига соя солиб турарди+.
8 Ходалар+ шу қадар узун эдики, уларнинг учи энг ички хона олдидаги Муқаддас хонадан кўриниб турарди, аммо ташқаридан кўринмас эди. Улар ҳозиргача ўша ерда.
9 Аҳд сандиғида иккита тош лавҳадан бўлак ҳеч нарса йўқ эди+. Мусо уларни Хоревда, Яҳова исроилликларни Мисрдан олиб чиқиб+, улар билан аҳд қилганида+ сандиқ ичига солган эди+.
10 Руҳонийлар Муқаддас хонадан чиққанда, Яҳованинг уйини+ булут қоплади+.
11 Булут қоплагани сабабли, руҳонийлар у ерда туриб хизмат қила олишмади. Чунки Яҳованинг уйи Яҳованинг улуғворлигига тўлган эди+.
12 Ўша пайт Сулаймон: «Эй, Яҳова! Сен қора булут ичра маскан қилишингни айтгансан+.
13 Мен Сен учун ҳашаматли бир уй, Сен абадий яшайдиган макон бунёд этдим»+,— деди.
14 Сўнг шоҳ халқ томонга ўгирилди ва тик турган бутун Исроил жамоатини дуо қилди+.
15 У шундай деди: «Исроил Худоси Яҳовага мадҳлар бўлсин! Зеро, У отам Довудга Ўз оғзи билан ваъда бериб, уни Ўз қўли билан бажарди.
16 У: “Халқим Исроилни Мисрдан олиб чиққан кундан буён исмим улуғлансин деб уй қурилиши учун Исроилнинг бирон-бир қабиласидаги шаҳарни танламадим+, лекин Исроил халқимни бошқариш учун Довудни танладим”,— деган эди.
17 Отам Довуд Исроил халқи Тангриси Яҳованинг исмига атаб уй бунёд этишни кўнглида ният қилган эди+.
18 Бироқ Яҳова отам Довудга: “Исмимга атаб уй қуришни дилингга тугиб қўйган экансан, бу жуда соз.
19 Аммо сен бу уйни бунёд этмайсан. Пушти камарингдан бўлган ўғлинг Менинг исмимга атаб уй қуради”+,— деб айтган эди.
20 Яҳова Ўз сўзида турди. Яҳова ваъда берганидай, мен отам Довуднинг ўрнига Исроил тахтига ўтирдим ва Исроил Худоси Яҳованинг исмига атаб уй барпо этиб+,
21 у ерда аҳд сандиғи учун жой тайёрладим+. Сандиқ ичида иккита тош лавҳа бор ва уларда Яҳова ота-боболаримизни Мисрдан олиб чиқиб, улар билан қилган аҳди ёзилган».
22 Кейин Сулаймон бутун Исроил жамоати кўз ўнгида Яҳованинг қурбонгоҳи қаршисида туриб, қўлларини кўкка кўтарди+.
23 У шундай деди: «Эй, Исроил Тангриси Яҳова! Еру осмонда Сенга ўхшаш Худо йўқ+. Сен аҳдингга содиқсан, Сенга бутун қалби билан хизмат қилаётганларга+ меҳр-садоқат кўрсатасан+.
24 Сен Ўз хизматкоринг, отам Довудга берган ваъдангга вафо қилдинг. Ўз оғзинг билан ваъда қилганингни бугун Ўз қўлинг билан бажардинг+.
25 Энди, эй, Исроил Худоси Яҳова! Хизматкоринг, отам Довудга берган ваъдангда тур. Сен шундай дегансан: “Агар ўғилларинг Менинг олдимда сен каби ўз йўлига диққатли бўлиб юрса, наслинг тоабад Исроил тахтида ўтиради”+.
26 Эй, Исроил Худоси! Ўтинаман, хизматкоринг, отам Довудга берган ваъданг амалга ошсин.
27 Аллоҳ ерда яшармиди?!+ Эй Худованд, осмон, ҳа, бепоён само Сени сиғдира олмаса+, мен бунёд этган уй нима бўлибди?!+
28 Ё Тангрим Яҳова! Хизматкоринг ибодатига, илтифот кўрсатишингни сўраб ёлворганига қулоқ тут. Хизматкоринг бугун олдингда туриб қилаётган илтижосини тингла.
29 Кўзларинг туну кун мана шу уйга қаратилган бўлсин. Ахир: “Менинг исмим у ерда бўлади”+,— деган эдинг-ку! Хизматкоринг бу жойга юз буриб қилган ибодатини эшит+.
30 Хизматкоринг ва халқинг Исроил бу жойга қараб илтифот кўрсатишингни сўраб ёлворганида тингла. Осмондаги маконингдан+ туриб эшит, қулоқ солиб бизни кечир+.
31 Кимдир яқинига қарши гуноҳ қилса ва қасам ичса*, қасамини бажаришга масъул бўлади. У қасам масъулияти остида бу уйнинг қурбонгоҳи олдига келса+,
32 осмондан туриб эшитгин ва хизматкорларингга ҳукм чиқаргин. Ёвуз одамни айбдор, одил инсонни беайб деб эълон қил. Ёвузнинг қилмишини ўз бошига сол, одил инсонни эса одиллигига яраша мукофотла+.
33 Исроил халқинг Сенга қарши гуноҳ қилгани учун душман томонидан тор-мор этилганида+, ёнингга қайтиб, исмингни улуғласа+, илтифот кўрсатишингни сўраб, бу уйда ибодат қилса+,
34 осмондан туриб қулоқ сол ва халқинг Исроил гуноҳини кечириб, уларни Сен ота-боболарига берган юртга қайтар+.
35 Улар Сенга қарши гуноҳ қилгани дастидан+ ёмғир ёғдирмай+, осмонни ёпиб қўйганингда, улар бу жойга қараб ибодат қилишса ва исмингни улуғлашса, Сен уларни итоат эттирганинг учун гуноҳ қилишни тўхтатишса+,
36 осмондан туриб эшитгин. Хизматкорларинг бўлмиш халқинг Исроил гуноҳидан кеч ва улар юриши керак бўлган тўғри йўл ҳақида уларга таълим бериб+, халқингга мерос қилиб берган юртингга ёмғир ёғдир+.
37 Агар юртда очарчилик+, ўлат ёки гармсел бўлса, занг касали*+, очофат чигирткалар галаси ёпирилса, юртдаги бирон шаҳарни душманлар қамал қилса ёки яна бошқа мусибат ё касаллик пайдо бўлса+,
38 ҳар қандай инсон ёки халқинг Исроил (чунки ҳар бир киши қалбидаги дардини ўзи билади)+ бу уйга қараб қўлларини кўтариб ибодат қилса ёки илтифот кўрсатишингни сўраса+,
39 осмондан, маконингдан туриб+ қулоқ солгин ва гуноҳидан ўтиб+, бирон чора кўр. Ҳар бир одамни барча ишларига яраша тақдирла+, чунки қалбида нималар кечаётганини биласан (ҳар бир инсон юрагида нима борлигини фақат Сен биласан)+.
40 Шунда улар Сен ота-боболаримизга берган юртда бутун умр Сендан қўрқиб яшашади.
41 Халқинг Исроилдан бўлмаган бирон киши Сенинг исминг учун узоқ юртдан келиб+,
42 бу уйга қараб ибодат қилса, (чунки улар буюк исминг+, қудратли қўлинг ва кучли билагинг ҳақида эшитишади)
43 осмондан, маконингдан туриб+ тингла ва тилакларининг барини бажо келтир. Токи ер юзидаги барча одамлар Сенинг исмингни билиб, Исроил халқинг каби Сендан қўрқишсин+. Мен қурган бу уй Сенинг исминг билан аталганини ҳаммага билдир.
44 Эй Яҳова, халқингни душманларига қарши қаерга бўлмасин жанг қилишга юборсанг+, Ўзинг танлаган шаҳарга+ ва мен исмингга атаб қурган уйга қараб+ ибодат қилса+,
45 осмондан туриб уларнинг ибодатини, илтифот кўрсатишингни сўраб қилган ёлворишини эшит ва одил ҳукм чиқар.
46 Улар Сенга қарши гуноҳ қилишса (чунки гуноҳ қилмайдиган одам йўқ)+, Сен дарғазаб бўлиб, уларни душман қўлига топширсанг, душманлар эса уларни узоқ ёки яқин юртига асир қилиб олиб кетса+,
47 улар ўша юртда ақл-ҳушларини йиғиб олишса+ ва олдингга қайтиб+: “Биз гуноҳ қилдик, ёмон ишга қўл урдик, қабиҳлик қилдик”+,— деб илтифот кўрсатишингни сўраб ёлворишса+,
48 ҳамда асир қилиб олиб кетилган юртда бутун қалби ва бутун вужуди билан Сенга қайтиб+, Ўзинг ота-боболарига берган юртга, Сен танлаган шаҳарга ва исмингга атаб мен қурган уй томонга қараб ибодат қилишса+,
49 осмондан, маконингдан туриб+ уларнинг ибодати ва илтифот кўрсатишингни сўраб қилган ёлворишини эшитиб, уларга одил ҳукм чиқар.
50 Халқинг Сенга қарши қилган гуноҳлари ва барча қилмишларини кечир. Уларни асир қилганларнинг юрагини юмшат, токи улар раҳм-шафқат кўрсатишсин+
51 (чунки улар — Сен Мисрдан, оловли ўчоқдан* олиб чиққан халқинг+ ва мулкингдир+).
52 Хизматкоринг ва халқинг Исроил илтифот кўрсатишингни сўраб қилган ёлворишига назар сол+, ҳар қачон Сенга мурожаат қилганида эшит+.
53 Боиси, эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, Сен ота-боболаримизни Мисрдан олиб чиққач, хизматкоринг Мусо орқали эълон қилганингдай, уларни ер юзидаги барча халқлардан ажратиб, мулк қилиб олгансан»+.
54 Сулаймон Яҳованинг қурбонгоҳи олдида тиз чўкиб, қўлларини осмонга кўтариб+, ибодатда Яҳовадан илтифот кўрсатишини тилагач, ўрнидан турди.
55 Сўнг у бутун Исроил жамоатини баланд овозда дуо қилиб, деди:
56 «Аллоҳ Яҳовага шарафлар бўлсин! У ваъда қилганидай, Исроил халқига тинчлик-хотиржамлик берди+, хизматкори Мусо орқали ваъда қилган яхши нарсаларнинг биронтаси бажарилмай қолмади+.
57 Тангримиз Яҳова ота-боболаримиз билан бўлганидай, бизга ҳам ёр бўлиб+, бизни ташлаб кетмасин ва тарк этмасин+.
58 Қалбимизни Ўзига мойил қилсин+, токи У ота-боболаримизга амал қилишни буюрган амрлари, фармонлари ва ҳукмларига риоя этиб, Унинг барча йўлларидан юрайлик.
59 Яҳовадан илтифот кўрсатишини сўраган ушбу сўзларимни Тангримиз Яҳова кечаю кундуз ёдида тутсин. Мен, хизматкори ва Исроил халқи учун ҳар куни қанча керак бўлса, шунча одил ҳукм чиқарсин.
60 Ер юзидаги ҳамма халқлар билсинки, Яҳова ҳақ Тангридир+. Ундан бошқа Худо йўқ!+
61 Илойим, бугунги кунгача бўлганидай, бутун қалбингиз билан+ Аллоҳимиз Яҳовага хизмат қилинг. Унинг фармонлари бўйича юриб, амрларини бажаринг».
62 Сўнг шоҳ ва бутун Исроил халқи Яҳовага атаб кўп қурбонликлар келтиришди+.
63 Сулаймон Яҳовага тинчлик қурбонлиги+ сифатида 22 000 қорамол ва 120 000 қўй келтирди. Шундай қилиб, шоҳ ва ҳамма исроилликлар Яҳова уйининг очилиш маросимини ўтказишди+.
64 Ўша куни шоҳ Яҳовага аталган уйнинг олд томонидаги ҳовлининг ўрта қисмини муқаддас қилиб, у ерда куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва тинчлик қурбонликларининг ёғли жойларини келтирди. Сабаби, Яҳованинг олдидаги мис қурбонгоҳ+ жуда кичик бўлиб, куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва тинчлик қурбонликларининг ёғли+ жойларини сиғдира олмади.
65 Сулаймон бутун Исроил — Лево-Хоматдан* Миср водийсигача*+ бўлган жойлардан келган буюк жамоат билан бирга Тангримиз Яҳованинг олдида 7 кун, кейин яна 7 кун, жами бўлиб 14 кун байрам нишонлади+.
66 Кейинги* кун у одамларни тарқатиб юборди. Улар Худо унга барака беришини тилаб, Яҳова Ўз хизматкори Довуд билан халқи Исроилга қилган барча яхшиликларидан юраклари шодликка тўлиб+, қувониб уйларига қайтишди.
Изоҳлар
^ Яъни Чайлалар байрами.
^ Ёки «жабрланувчи уни қарғаса». Яъни қасам ичган киши сохта қасам берса ёки уни бажармаса, айтилган қарғиш сўзлари амалга ошади.
^ Ёки «моғор».
^ Ёки «темир эритадиган печдан».
^ Ёки «Хоматнинг остонасидан».
^ Сўзма-сўз «Саккизинчи», яъни иккинчи етти кунлик муддатдан кейинги кун.