Шоҳлар учинчи китоб 9:1–28
9 Сулаймон Яҳовага аталган уйни ҳамда ўз саройини қуриб битказди+ ва ният қилган ҳамма нарсани амалга оширди+.
2 Яҳова Гивонда Сулаймонга зоҳир бўлганидай+, иккинчи марта унга зоҳир бўлди.
3 Яҳова унга шундай деди: «Сенинг ибодатингни ва илтифот кўрсатишимни сўраб ёлворганингни эшитдим. Сен қурган бу уйни Мен муқаддас қилдим, токи шу ерда исмим мангу турсин+. Кўзларим ва қалбим ҳамиша ўша ерда бўлади+.
4 Отанг Довуд каби сен ҳам олдимда софдиллик+ ва тўғрилик+ ила юриб+, Мен сенга буюрган барча нарсани бажарсанг+, қонун-қоида ва ҳукмларимга бўйсунсанг+,
5 Исроил устидан шоҳлик тахтингни абадий мустаҳкам қиламан. Чунки отанг Довудга: “Наслинг тоабад Исроил тахтида ўтиради”+,— деб ваъда бергандим.
6 Агар сизлар ва ўғилларингиз Мендан юз ўгириб, сизларга берган амр ва фармонларимга риоя этмай, бошқа худоларга хизмат қилиб, уларга сажда қилсангиз+,
7 Исроил халқини Мен уларга берган юртдан йўқ қилиб+, Ўз исмим билан муқаддас қилган уйни кўз ўнгимдан улоқтираман+. Барча халқлар исроилликларни мазах қилиб, устларидан кулишади+.
8 Бу уй харобага айланади+. Унинг ёнидан ўтадиган ҳар бир киши ҳайратдан донг қотади ва ҳуштак чалиб: “Нега Яҳова бу юртни, бу уйни бундай кўйга солган экан-а?!”+ — деб айтади.
9 Унга: “Улар ота-боболарини Мисрдан олиб чиққан Тангриси Яҳовани ташлаб, бошқа худоларга юз буришгани ва уларга хизмат қилишгани учун бу содир бўлди. Мана шу сабабли, Яҳова бу ҳамма фалокатларни уларнинг бошига солган”+,— дейишади».
10 Сулаймон Яҳованинг уйи билан ўз саройини 20 йил ичида қуриб битказди+.
11 Тир шоҳи Хирам+ Сулаймоннинг истагига биноан, унга кедр ёғочи, қора арча ёғочи ва олтин етказиб берди+. Шоҳ Сулаймон Хирамга Жалила юртидан 20 та шаҳар берди.
12 Сўнг Хирам Тирдан чиқиб, Сулаймон унга берган шаҳарларни кўришга борди, лекин улар унга ёқмади.
13 Шунда у: «Биродарим, менга қандай шаҳарларни бердингиз?» — деди. Бу шаҳарлар бугунги кунгача Кавул юрти* деб аталади.
14 Хирам эса шоҳ Сулаймонга 120 талант* олтин юборди+.
15 Шоҳ Сулаймон Яҳовага аталган уйни+, ўз саройи, Милло*+, Қуддус девори, Хазор+, Махидў+ ва Гезерни+ қуриш учун ёлланма ишчиларни тўплади+.
16 (Миср фиръавни Гезерни босиб олиб, уни ёндирган, шаҳар аҳолиси канъонликларни+ эса қириб ташлаган эди. У қизини Сулаймонга узатганда, ўша шаҳарни сеп қилиб берган эди+.)
17 Сулаймон қуйидаги шаҳарларни тиклади: Гезер, Қуйи Байт-Хўрон+,
18 Баалат+ ва Исроил юртидаги саҳрода жойлашган Тамарни.
19 Шунингдек, ўзининг омбор шаҳарларини, арава ҳамда отлиқлар учун мўлжалланган шаҳарларни қурди+. Бундан ташқари Қуддусда, Ливанда ва бошқаруви остидаги бутун юртда ўзи истаган барча нарсани бунёд этди.
20 Исроил халқи орасида аморийлар, хетийлар, паризийлар, хивийлар ва ёбусийлардан+ қолиб кетган+,
21 исроилликлар тўлиқ йўқ қилиб юбора олмаган уларнинг авлодларига келсак, Сулаймон уларни қул қилиб оғир меҳнат қилишга мажбур этди. Бугунги кунгача улар қул бўлиб келишяпти+.
22 Аммо Сулаймон исроилликларнинг ҳеч бирини қул қилмади+. Улар унинг жангчилари, хизматкорлари, беклари, ёрдамчилари, аравакаш ва отлиқларининг бошчилари бўлишди.
23 Сулаймоннинг юмушларини ва ишчиларини бошқарадиган 550 та бош назоратчиси бор эди+.
24 Фиръавннинг қизи+ Довуд шаҳридан+ Сулаймон у учун қурган уйга келди. Сулаймон ўшанда Миллони+ ҳам бунёд этди.
25 Сулаймон Яҳова учун қурган қурбонгоҳда+ ҳар йили уч марта+ куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини келтирарди. Бунинг устига, Яҳованинг олдидаги қурбонгоҳда қурбонликни куйдириб тутатарди. Шундай қилиб, Сулаймон уйни қуриб битказди+.
26 Шоҳ Сулаймон Эдом юртида+, Қизил денгиз соҳилида жойлашган Элетнинг ёнида, Эзйўн-Геберда+ кемалар қурди.
27 Хирам кемаларда ўз хизматчиларини, яъни тажрибали денгизчиларни Сулаймоннинг хизматчиларига қўшиб юборди+.
28 Улар Офирга+ йўл олишди, у ердан эса шоҳ Сулаймонга 420 талант олтин келтиришди.
Изоҳлар
^ Бошқа вариант «ҳеч нарсага яроқсиз ер».
^ Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Ибронийча маъноси «тупроқ уюми».