Шоҳлар тўртинчи китоб 10:1–36
10 Ахабнинг+ Самарияда 70 нафар ўғли бор эди. Ёҳу хатлар ёзиб Самарияга, Йизрил бекларига, оқсоқолларга+ ва Ахабнинг болалари тарбиячиларига юборди. Хатларнинг мазмуни қуйидагича эди:
2 «Хўжайинингиз фарзандлари, жанг аравалари, отлари, мустаҳкам шаҳарлари ва қурол-аслаҳалари сизларда. Ушбу хатни олганингизда,
3 хўжайинингизнинг энг яхши ва муносиб ўғлини танлаб, уни отасининг тахтига ўтқазинглар. Кейин хўжайинингиз хонадони учун жанг қилинглар».
4 Аммо уларни қўрқув босиб: «Унга иккита шоҳ бас кела олмаган бўлса+, биз қандай бас келамиз?» — дейишди.
5 Шунда сарой бошқарувчиси, шаҳар ҳокими, оқсоқоллар ва тарбиячилар Ёҳуга: «Биз сизнинг хизматкорларингизмиз. Бизга нима десангиз, шуни қиламиз. Ҳеч кимни шоҳ этиб тайинламаймиз. Назарингизда маъқул кўринган ишни қилинг»,— деган хабар юборишди.
6 Ёҳу иккинчи бор хат ёзиб, уларга: «Агар менинг тарафимда бўлиб, менга бўйсунишни истасангиз, эртага шу вақтда хўжайинингиз ўғилларининг бошларини Йизрилга олиб келинглар»,— деди.
Бу пайтда шоҳнинг 70 та ўғли уларни тарбиялаган шаҳарнинг обрўли кишилари билан бирга эди.
7 Улар хатни олишлари биланоқ, шоҳнинг 70 та ўғлини ўлдириб+, бошларини саватларга солишди-да, Йизрилга юборишди.
8 Ёҳунинг олдига хабарчи келиб: «Шоҳ ўғилларининг бошларини олиб келишди»,— деди. У бўлса: «Уларни шаҳар дарвозаси ёнига икки уюм қилинглар-да, тонг отгунча ўша ерда қолдиринглар»,— деб айтди.
9 Эртаси куни тонгда Ёҳу ташқарига чиқиб, халқ олдида шундай деди: «Сизларнинг айбингиз йўқ. Аслида мен хўжайинимга қарши фитна уюштириб, уни ўлдирдим+. Аммо буларнинг барини ким ўлдирди?
10 Шуни билиб қўйинглар: Яҳованинг ҳеч бир сўзи — Ахаб хонадонига қарши айтган Яҳованинг сўзлари бажарилмай қолмайди+. Яҳова хизматчиси Илёс орқали айтганларини амалга оширди»+.
11 Бундан ташқари, Ёҳу Йизрилда Ахаб хонадонидан қолган барчани, жумладан, обрўли кишиларни, дўстларини ва руҳонийларини+ битта қолдирмай ўлдирди+.
12 Сўнгра Ёҳу Самарияга йўл олди. Йўл бўйида қўйларнинг жунини қирқадиган чўпонлар уйи бор эди.
13 Ёҳу ўша ерда Яҳудо шоҳи Охазиёнинг+ биродарларини учратиб, улардан: «Сизлар кимсизлар?» — деб сўради. Улар: «Охазиёнинг биродарларимиз. Биз шоҳнинг ўғиллари ва шоҳимиз онасининг ўғилларидан ҳол-аҳвол сўрагани кетяпмиз»,— деб жавоб беришди.
14 Ёҳу шу заҳоти: «Уларни тириклайин ушланглар!» — деди. Одамлари уларни ушлашди-да, қўйнинг жуни қирқиладиган уй олдидаги сардобада сўйиб ташлашди. Улар 42 киши бўлиб, ҳеч бири тирик қолмади+.
15 Ёҳу у ердан кетгандан кейин, уни қарши олгани келаётган Рахав+ ўғли Ёҳунадовни+ учратди. У билан сўрашгач, Ёҳу: «Мен бутун қалбим билан сен томонда бўлганимдай, сен ҳам бутун қалбинг билан мен томондамисан?» — деб сўради.
Ёҳунадов жавобан: «Албатта»,— деди.
Ёҳу унга: «Бўлмаса, қўлингни бер»,— деб айтди.
У қўлини берганда, Ёҳу уни аравасига миндириб олди.
16 Ёҳу унга: «Мен билан юр! Яҳовага қарши чиққанларга чидаб ўтирмаслигимни* кўриб қўй»+,— деди. Шундай қилиб, Ёҳу уни жанг аравасига миндириб олиб кетди.
17 Ёҳу Самарияга етиб келгач, Яҳованинг Илёс орқали айтган сўзига биноан+, Ахаб хонадонидан қолганларнинг барини битта қолдирмай қириб ташлади+.
18 Ёҳу бутун халқни йиғиб, уларга деди: «Ахаб Баалга сиғинишга кам ҳисса қўшган эди+. Ёҳу бўлса бунинг учун қўлидан келганини қилади.
19 Шундай экан, Баалнинг барча пайғамбарларини+, унга сажда қилувчиларни ва руҳонийларни+ олдимга йиғинглар. Ҳеч ким қолиб кетмасин, чунки мен Баалга атаб катта қурбонлик келтираман. Келмаган одам тирик қолмайди». Аслида Ёҳу Баалга сажда қилувчиларни йўқ қилиш ниятида ҳийла ишлатаётган эди.
20 Ёҳу гапида давом этиб: «Баалга атаб тантанали йиғин эълон қилинглар!» — деди. Улар айтилгандай қилишди.
21 Ёҳу бутун Исроил бўйлаб жарчиларни юборди ва Баалга сиғинувчиларнинг ҳаммаси йиғилди. Келмай қолган одам бўлмади. Улар Баалнинг ибодатхонасига+ киришганда, у ер одамга тўлиб кетди.
22 Ёҳу кийимлар учун масъул бўлган кишига: «Баалга сиғинувчилар учун кийимлар олиб кел»,— деди ва у кийимларни олиб келди.
23 Сўнгра Ёҳу билан Рахав ўғли Ёҳунадов+ Баалнинг ибодатхонасига кириб, унга сажда қилувчиларга: «Яхшилаб қаранглар, орангизда Яҳовага топинувчилардан ҳеч ким бўлмасин. Фақат Баалга сиғинувчилар қолсин»,— дейишди.
24 Кейин улар куйдириладиган қурбонлик ва бошқа қурбонликлар келтириш учун ичкарига киришди. Ёҳу ибодатхонанинг ташқарисига 80 та одамини қўйиб: «Мен қўлларингизга топширган кишидан бирортаси қочиб кетса, эвазига сизларнинг жонингизни оламан»,— деб тайинлади.
25 Ёҳу куйдириладиган қурбонликни келтириб бўлган заҳоти, соқчилар ва ёрдамчиларига: «Ичкарига кириб, барини қириб ташланглар! Бирортаси ҳам қочиб кетмасин!»+ — деб буюрди. Шунда соқчилар билан ёрдамчилар уларни қиличдан ўтказиб, жасадларини ташқарига улоқтираверишди ва уларни Баал ибодатхонасининг ички хонасигача* қириб боришди.
26 Кейин Баал ибодатхонасидан муқаддас устунларни*+ олиб чиқиб, ёқиб юборишди+.
27 Улар, шунингдек, Баал муқаддас устуни билан унинг ибодатхонасини+ вайрон қилиб+, ҳожатхонага айлантиришди. Бугунга қадар у шу ҳолатда турибди.
28 Шундай қилиб, Ёҳу Исроил юртидан Баални таг-томири билан йўқ қилди.
29 Бироқ Ёҳу, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳли йўлидан қайтмади. Ёрубом иккита олтин бузоқ ясаб, Байтил билан Данда ўрнатган эди+.
30 Яҳова Ёҳуга: «Менинг назаримда яхши ва тўғри ишлар қилиб, Ахаб хонадони билан кўнглимдагидай йўл тутганинг учун+, сендан кейинги тўртта авлодинг Исроил тахтида ўтиради»+,— деди.
31 Лекин Ёҳу Исроил Тангриси Яҳованинг Қонунига бутун қалби билан итоат этмади+. У Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳли йўлидан қайтмади+.
32 Ўша пайтда Яҳова Исроил ҳудудини кичрайтира бошлади. Хазайил Исроил ҳудуди бўйлаб халққа ҳужум қиладиган бўлди+.
33 У Иорданнинг шарқидаги Гад, Рубен, Манаше қабилалари+ яшайдиган бутун Гилад ерини — Арнон водийси* ёнидаги Ароердан бошлаб Гилад ва Башангача бўлган ерларни босиб олди+.
34 Ёҳунинг ҳаёти, барча қилган ишлари ва эришган ютуқлари ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган.
35 Ёҳу вафот этиб, ота-боболарига қўшилди ва уни Самарияда дафн этишди. Ўрнига ўғли Ёҳухоз шоҳ бўлди+.
36 Ёҳу Исроил устидан Самарияда 28 йил ҳукмдорлик қилди.