Шоҳлар тўртинчи китоб 12:1–21

  • Яҳудо шоҳи Йўш (1–3)

  • Йўш маъбадни таъмирлайди (4–16)

  • Сурияликлар ҳужуми (17, 18)

  • Йўш ўлдирилади (19–21)

12  Ёҳу+ ҳукмронлигининг еттинчи йили Йўш+ тахтга ўтириб, Қуддусда 40 йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Зибиёх бўлиб, у бэршэвалик эди+. 2  Руҳоний Ёҳайидо йўл-йўриқ бериб турган даврда Йўш Яҳованинг назарида тўғри ишлар қилди. 3  Бироқ тепаликлар+ йўқ қилинмади ва халқ ўша тепаликларда қурбонликлар келтириб, уларни куйдириб тутатарди. 4  Йўш руҳонийларга деди: «Яҳованинг уйига муқаддас назрлар+ сифатида келтирилган пулларни, яъни ҳар бир кишидан олинадиган пулларни+, жон боши учун белгиланган баҳога кўра бериладиган пуллар ва ҳар бир инсон Яҳованинг уйига сидқидилдан олиб келадиган пулларнинг ҳаммасини йиғинглар+. 5  Руҳонийлар уни назр қилувчилардан олиб, маъбаднинг* бузилган жойларини таъмирлаш учун сарфлашсин»+. 6  Лекин шоҳ Йўш ҳукмронлигининг 23- йили руҳонийлар маъбаднинг бузилган жойларини ҳалигача таъмирлашмаган эди+. 7  Шу боис, шоҳ Йўш руҳоний Ёҳайидо+ билан бошқа руҳонийларни чақириб: «Нега маъбаднинг бузилган жойларини таъмирламаяпсизлар? Агар пулларни маъбад учун ишлатмасангизлар, бундан буён назр қилувчилардан пул олманглар»+,— деб айтди. 8  Шунда руҳонийлар маъбаднинг таъмирланишига жавобгар бўлмаслик учун, энди халқдан пул олмасликка келишишди. 9  Руҳоний Ёҳайидо бир қути+ олиб, қопқоғи устидан тешик очди-да, қурбонгоҳ ёнига, Яҳованинг уйи кираверишининг ўнг томонига қўйди. Дарвозабон бўлиб хизмат қиладиган руҳонийлар Яҳованинг уйига келтирилган пулларни ўша ерга соладиган бўлишди+. 10  Қутида анча пул жамланганини кўришганда, шоҳнинг котиби билан олий руҳоний келишарди ва Яҳова уйига олиб келинган пулларни йиғиб, санашарди+. 11  Кейин саналган пулларни Яҳованинг уйидаги таъмирлаш ишларига масъул бўлган кишиларга беришарди. Улар ўз навбатида, Яҳованинг уйида ишлаётган дурадгору бинокорларга+, 12  тош терувчи ва тош йўнувчиларга ҳақ тўлашарди. Шунингдек, Яҳова уйининг бузилган жойларини тузатиш учун ёғочлар ва йўнилган тошлар сотиб олишар ҳамда таъмирлашга оид бошқа нарсаларга сарфлашарди. 13  Бироқ Яҳованинг уйига олиб келинган пуллар Яҳованинг уйида қўлланиладиган кумуш тослар, пилик ўчиргичлар, косалар, карнайлар+, олтин ва кумушдан бошқа жиҳозлар ясаш учун сарфланмас эди+. 14  Чунки бу пуллар ишчиларга бериларди, улар эса Яҳованинг уйини таъмирлашарди. 15  Ишчиларга пул берадиган кишилар ишончли бўлгани учун, улардан ҳисобот талаб қилинмас эди+. 16  Лекин айб қурбонлиги ва гуноҳ қурбонлиги+ учун келтирилган пуллар Яҳованинг уйини таъмирлаш учун берилмасди, боиси улар руҳонийларга тегишли эди+. 17  Ўша пайтда Сурия шоҳи Хазайил+ Гатга+ қарши уруш очиб, уни босиб олди. Кейин Қуддусга ҳужум уюштиришга қарор қилди+. 18  Яҳудо шоҳи Йўш бўлса Яҳудода ҳукмронлик қилган ота-боболари Ёҳушафат, Ёҳурам, Охазиё ҳамда ўзи келтирган муқаддас назрларни ва Яҳованинг уйи билан шоҳ саройи ғазнасидаги бутун олтинни Сурия шоҳи Хазайилга юборди+. Шунда у Қуддусдан орқага чекинди. 19  Йўшнинг ҳаёти ва қилган барча ишлари ҳақида Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 20  Йўшнинг хизматкорлари унга қарши фитна уюштириб+, Силлога олиб борадиган йўлда, Миллодаги*+ уйда уни ўлдиришди. 21  Уни Шимат ўғли Язакар ва Шўмер ўғли Ёҳузабад деган хизматкорлари ўлдиришди+. Йўш Довуд шаҳрида, ота-боболари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Эмозиё шоҳ бўлди+.

Изоҳлар

Ибронийча маъноси «тупроқ уюми».