Шоҳлар тўртинчи китоб 14:1–29

  • Яҳудо шоҳи Эмозиё (1–6)

  • Эдом ва Исроил ўртасидаги жанг (7–14)

  • Исроил шоҳи Йўшнинг ўлими (15, 16)

  • Эмозиёнинг ўлими (17–22)

  • Яҳудо шоҳи Ёрубом II (23–29)

14  Исроил шоҳи Ёҳухоз ўғли Йўш+ ҳукмронлигининг иккинчи йили, Яҳудо шоҳи Йўшнинг ўғли Эмозиё шоҳ бўлди.  У тахтга ўтирганида 25 ёшда эди ва Қуддусда 29 йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Ёҳуваддон бўлиб, қуддуслик эди+.  Эмозиё Яҳованинг назарида тўғри ишлар қилиб яшади, аммо бобоси Довудга ўхшамади+. У барча ишларида отаси Йўшга тақлид қилди+.  Бироқ тепаликлар йўқ қилинмади+ ва халқ ўша тепаликларда қурбонликлар келтириб, уларни куйдириб тутатарди+.  Эмозиё ҳукмронликни тўлиқ ўз қўлига олгач, шоҳни, яъни отасининг жонига қасд қилган хизматкорларни ўлдирди+.  Аммо у Мусонинг Таврот китобида: «Оталар ўғилларининг гуноҳи учун ўлдирилмасин, ўғиллар ҳам оталарининг гуноҳи учун ўлдирилмасин. Инсон фақатгина ўзининг гуноҳи учун ўлдирилсин»,— деб ёзилган Яҳованинг амрига биноан, қотиллик қилган кишиларнинг ўғилларини ўлдирмади+.  У Туз водийсида+ 10 000 та эдомликни+ қирғин қилди ва шу жангда Селани босиб олиб+, у ерга Ёхтал деб ном берди. Ўша ер бугунгача шундай деб аталади.  Кейин Эмозиё Исроил шоҳи Ёҳунинг невараси, Ёҳухоз ўғли Йўшга хабарчилар юбориб, унга: «Кел, жанг қиламиз»+,— деди.  Исроил шоҳи Йўш Яҳудо шоҳи Эмозиёга шундай хабар юборди: «Ливандаги* тиканли ўт Ливандаги кедр дарахтига: “Қизингни ўғлимга хотинликка бер”,— деб айтибди. Аммо Ливандаги йиртқич ҳайвон ўтиб кетаётиб, тиканли ўтни топтаб ташлабди. 10  Ҳа, сен Эдомни йўқ қилиб ташлаганинг учун+ мағрурланиб кетдинг. Шуҳратингдан завқланиб, уйингда ўтиравер. Нега энди Яҳудо халқини ҳам ўзингга қўшиб кулфатга дучор қилмоқчисан?!» 11  Лекин Эмозиё унга қулоқ солмади+. Шу боис, Исроил шоҳи Йўш жангга отланди. У Яҳудо шоҳи Эмозиё билан Яҳудонинг Байт-Шамаш+ шаҳрида тўқнашиб, ўша ерда жанг қилди+. 12  Исроил Яҳудони мағлуб қилди ва ҳар бири ўз уйига тумтарақай бўлди. 13  Исроил шоҳи Йўш Охазиёнинг невараси Йўшнинг ўғлини — Яҳудо шоҳи Эмозиёни Байт-Шамашда асир қилиб, Қуддусга олиб келди. Йўш Эфрайим дарвозасидан+ то Бурчак дарвозасигача+ Қуддус деворининг 400 тирсак* жойини бузди. 14  У Яҳованинг уйидан ва шоҳ саройининг ғазнасидан топилган барча олтин, кумуш ва бошқа буюмларни, шунингдек, одамларни гаровга олиб Самарияга қайтди. 15  Йўшнинг ҳаёти, қилган ишлари, эришган ютуқлари ва Яҳудо шоҳи Эмозиёга қарши қилган жанги ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 16  Сўнг Йўш вафот этиб, ота-боболарига қўшилди. У Самарияда+, Исроилнинг шоҳлари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Ёрубом*+ шоҳ бўлди. 17  Яҳудо шоҳи Йўшнинг ўғли Эмозиё+ Исроил шоҳи Ёҳухоз ўғли Йўш+ ўлганидан кейин, яна 15 йил яшади+. 18  Эмозиёнинг ҳаёти Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 19  Вақт ўтиб, Қуддусда унга қарши фитна уюштирилди+ ва у Лахишга қочиб кетди. Аммо улар Эмозиёнинг орқасидан Лахишга одам юбориб, уни ўша ерда ўлдиришди. 20  Уни от-аравада Қуддусга қайтариб олиб келишди ва Довуд шаҳрида, ота-боболари ёнига дафн этишди+. 21  Сўнгра бутун Яҳудо халқи 16 ёшли+ Озариёни*+ отаси Эмозиёнинг ўрнига тахтга ўтқазди+. 22  Шоҳ* вафот этиб, ота-боболарига қўшилганидан кейин, у Элетни+ бошқатдан қуриб, Яҳудога қайтарди+. 23  Яҳудо шоҳи Йўш ўғли Эмозиё ҳукмронлигининг 15- йили, Исроил шоҳи Йўшнинг ўғли Ёрубом+ Самарияда шоҳ бўлди ва 41 йил ҳукмронлик қилди. 24  У Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилишда давом этиб, Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг гуноҳларидан қайтмади+. 25  Ёрубом Лево-Хоматдан*+ Араба денгизигача*+ бўлган Исроил чегарасини тиклади. Бу, Исроил Тангриси Яҳованинг Ўз хизматкори гат-хаферлик+ пайғамбар Амитай ўғли Юнус+ орқали айтган сўзларига биноан амалга ошди. 26  Чунки Яҳова Исроил халқи қаттиқ азоб чекканини кўрган эди+. Исроилга ёрдам берадиган ҳеч кимса, ҳатто заиф ва ночор инсон ҳам қолмаган эди. 27  Аммо Яҳова Исроил номини ер юзидан ўчириб ташламасликка ваъда берган эди+. Шу боис, Йўш ўғли Ёрубом орқали Худо уларни қутқарди+. 28  Ёрубомнинг ҳаёти, қилган барча ишлари, эришган ютуқлари, олиб борган жанглари, Дамашқ+ билан Хоматни+ Исроил ва Яҳудога қандай қайтаргани ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 29  Ёрубом вафот этиб, ота-боболарига қўшилди ва Исроил шоҳлари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Закариё шоҳ бўлди+.

Изоҳлар

Ёки «Лубнондаги».
Яъни Ёрубом II.
Маъноси «Яҳова ёрдам берди». 1Шҳ 15:13; 2Сл 26:1–23; Иша 6:1 ва Зк 14:5 да Уззиё деб номланган.
Яъни отаси Эмозиё.
Яъни Туз денгизи ёки Ўлик денгиз.
Ёки «Хоматнинг остонасидан».